Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эркинжон Каримов

Ҳар қандай вазиятда ҳам самимийлик муҳимдир.

Таълим соҳасидаги амалдорлар қачон ўзгаради?

Таълим соҳасидаги амалдорлар қачон ўзгаради?

Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятидаги мактаблардан бирида. 2017 йил 22 июнь.

Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати

Мана, қарийб бир ярим йилдан бери юртимизда биз учун кўп жиҳатдан кутилмаган, лекин ич-ичимизда орзу қилиб юрган ўзгаришларнинг гувоҳи бўлаяпмиз. Телевидение ва матбуотга оид ўзгаришлар, иқтисодиётдаги туб бурилишлар, қуролли кучларга оид кескин ислоҳотлар ва яна кўпдан-кўп соҳалардаги янгиликлар одамларимизда келажакка ишончни орттираяпти. Лекин шу умидбахш ислоҳотларга соя солаётганлар ҳақида тўхталмасак бўлмайди.

Бу одамлар Президент сиёсатини ё тўла тушуниб етмади, ёки атайлаб саботаж қилмоқда. Балки оддийгина омадлари келмаётгандир. Машҳур «Бриллиант қўл» фильмида янграган «Омадсизлик ороли» қўшиғида куйланганидек, балки уларни оналари душанбада туққандир?

Айниқса, таълим соҳасидаги амалдорлар (директордан тортиб то ...гача) ислоҳотларнинг асл мазмунига етиб боришмаяпти назаримда. 11 йиллик тизимга ўтамиз дейилдими, ҳайбаракаллачилик билан бажаришга тушишди. Ҳукумат сўраган статистик маълумотлар тепага ёқадиган қилиб топширилди. Реал муддат сўраш ўрнига пала-партишлик билан бўлса ҳам тезда топшириқни бажаришга ва керакли одамлар олдида очко олишга ўтиб кетилди.

Натижада, мана, 10-синфлар учун дарслик етишмаслиги муаммоси, уларга дарс ўтадиган ўқитувчиларнинг малакасидаги муаммолар ва яна бир қанча бошқа масалалар юзага чиқди. Тизимда қоғозбозликни камайтириш ҳақида гапирилгани билан амалда эски ҳолат давом этмоқда.

Кадрлар етишмовчилигининг олдини олиш мақсадида махсус сиртқи ўқиш тиклаб берилганида (юқоридан, албатта), қабул механизмини маҳорат билан яна коррупцион ўрамга ўраб олишди. Оқибатда оддий халқда яна эски ҳаммом, эски тос экан-да деган ёмон таассурот қолаяпти.

Ўрта махсус таълим борасида янгича ёндашув таклиф қилинаяпти, лекин уни амалга ошириш яна «душанбада туғилганлар»га қолса, ижобий натижадан умид қилмаса ҳам бўлади.

Олий таълимда ҳам бундайлар саноқсиз. Таълим сифати у ёқда қолиб, ҳали ҳам дресс-код, давомат аталмиш «муҳим» масалалар билан бандмиз. Олий ўқув юртларидаги таълим тизимини ўзгартириш ҳақида ўйлаяпмизми? Бу йўналишда жиддий бир ишчи гуруҳлар тузилаяптими ёки ҳалиям жамоатчилик асосида иш юритмоқчимизми?

Йўналишлар бўйича дастурларимизни қачон ўзгартирамиз, уларга мос дарсликлар ёзиш ҳақида қачон ўйлаймиз? Қабул квоталари ҳақида-ку энг юқори даражада қарорлар қабул қилинмоқда. Худо кўрсатмасин, бу масъулият «душанбада туғилганлар»га бериб қўйилганда борми, ана унда кўрардингиз коррупциянинг зўрини.

Хуллас, яна ўша гапни қайтараман. Ўз соҳамиздаги ўзгаришларга бефарқ бўлмайлик, фикримизни билдирайлик. Қўлимиздан келгунча ислоҳотларни ўтказишда ёрдамчи бўлайлик. «Душанбада туғилганлар» бошқа, юртга зарари тегмайдиган ишлар билан шуғуллансин.

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг