Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Қизил чизиқни босиб бўлдикми деб қўрқаман» — иқлимшунос

«Қизил чизиқни босиб бўлдикми деб қўрқаман» — иқлимшунос

19 июнь соат 19.15 ҳолатига республика ҳудудларида кузатилган чанг бўронлари (оч ва тўқ бинафшаранглар.

Чанг-қум бўронлари барча ҳолатларда хавфлидир. Унинг ҳеч қандай ижобий хусусияти мавжуд эмас, деб ёзади иқлимшунос Эркин Абдулахатов.

Инсон саломатлигидан тортиб, флора ва фауна дунёси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари маҳсулдорлигини кескин пасайтириб юборадиган табиий офат. Энг ёмони иқлим муҳожирларини кўпайтиради.

Биз чанг бўронлар хавфини пасайтирадиган «яшил макон» умуммиллий лойиҳасини жойларда ўзимиз ўйлаганчалик амалий давом эттира олмадик. Чўл трассалари четлари, текислик шаҳарларда жойнинг иқлимига мос бўлмаган игнабаргли дарахтларни экишда ва қуритишда давом этдик, этяпмиз ҳам.

Экиш муддатлари баъзи ҳолларда ҳеч қандай илмий моҳиятга эга эмас, экстремал об-ҳавода ҳам экиш ишларини юритиб, кўзбўямачиликни устун кўрмоқдамиз.

Жойларда яшил инвентаризацияни юритиш тизимини ўзи йўқ. Ўтган икки йилликда ким қаерга қанча дарахт экканию, қанчаси кўкарганини ҳеч ким билмайди. Бу ҳавога учиб кетган пулларга ҳеч қурса биз ўша ҳудудларда аллақачон кафолатли суғориш тизимларини яратиб бўлардик.

Қурғоқчиликка мос ўсимликлар, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экиш бўйича ёзилган юзлаб илмий ишланмалар афсуски амалиётга жорий этилмади.

Баъзи ҳудудларда совет даврида амалга оширилган «Бухоро белбоғи» каби яшил камарларни биз қайта ярата олмадик. Суғормасдан деҳқончилик қилиш, мулчалаб суғориш, гидрогел усулида яшиллиликни яратиш, ёпиқ усулларда ирригация тармоқларини кенгайтириш бўйича қадамларни ташламадик.

Афсуски, эндиликда чанг бўронлари республика марказидан, Мирзачўлгача кириб келиб бўлди. Кеч қолдикми дейман, табиат билан боғлиқ қизил чизиқни босиб бўлдикми деб қўрқаман, — хулоса қилади иқлимшунос.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг