Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Рустам Жабборов

Ё аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл! (Жалолиддин Румий)

Муқаддас тушунчаларга дахл қилманг ёхуд пайғамбаримиз(с.а.в.)нинг суратларини чизиш мумкинми?

Муқаддас тушунчаларга дахл қилманг ёхуд пайғамбаримиз(с.а.в.)нинг суратларини чизиш мумкинми?

Коллаж: «Xabar.uz»

Бундан роппа-роса уч йил муқаддам, аниқроғи 2015 йилнинг 7 январ куни Франциянинг «Шарле Эбдо» ҳажвий журнали таҳририятига террорчилар ҳужум уюштирган, натижада 12 нафар инсон, жумладан, икки нафар полициячи отиб ўлдирилган эди. Маълум бўлишича, мазкур теракт журнал бир неча бор Ислом дини пайғамбари Муҳаммад (с.а.в.) тасвирланган карикатураларни чоп этгани сабабли содир этилган.

Мазкур ҳафталикнинг яқинда чоп этилган махсус сони ўша машъум ҳодисаларга бағишланиб «Консерва банкасидаги уч йил» деб номланган.

Журнал бош муҳаррири Лоран Сурисонинг ёзишича, «журнал савдосидан тушган даромаднинг ярмидан кўпроғи таҳририят ва унинг журналистлари хавфсизлигини қўриқлашга кетмоқда ва бу демократик давлат учун ярашмайдиган ҳолатдир».

Ким айбдор?

Ҳа, ҳақли савол туғилади: мазкур журнал ва унинг муаллифлари ҳаёти хавф остига тушишига ким айбдор? Фақат бу саволимиздан хулоса ясашга шошилманг! Албатта, террорни ҳеч қандай йўл билан оқлаб бўлмайди. Бугун террор балоси бутун инсониятни таҳликага солмоқда.

Бундан уч йил илгари Парижда юз берган мазкур терактга ундаган сабаблар ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди. Маълумки, журнал авваллари ҳам бир неча маротаба пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)ни масхара қилувчи карикатураларни чоп этган, бу эса, Ислом оламида жуда катта норозиликларга сабаб бўлганди.

Шундан сўнг, бир қатор Ғарб давлатларнинг руҳонийлари ҳам ҳар қандай диний мазмундаги карикатураларни чоп этишга қаршилик билдиришди. Мазкур журнал ушбу мавзуда карикатуралар чоп этишни тўхтатган бўлса-да, айрим «озодлик тарғиботчилари» бу ҳолатни сўз эркинлигини бўғиш деб чиқишди.

Албатта, инсонларнинг диний эътиқодига дахл қилувчи бўлар-бўлмас материалларни тарқатишни сўз эркинлиги ниқоби билан хаспўшлаш кулгили ҳолат, лекин гап ҳозир бу ҳақда эмас.

Яхши отга бир қамчи

Ислом пайғамбари, жаноб пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) номи билан ҳазиллашиб бўлмасли илгари ҳам бир неча бор ўз исботини топганди. Хусусан, 2005 йил 30 сентябрда Данияда инглиз тилида чоп этиладиган «Jyllands-Posten» журналида ҳам ҳазрати пайғамбаримизни таҳқирловчи суратлар чоп этилган, бу эса миллионлаб мусулмонларни ғазабга солганди. Турли мамлакатлардаги норозилик намойишлари ойлаб давом этди. Айрим мусулмон давлатлари Данияда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга эмбарго эълон қилишди.

Бундай мавзудаги «ҳазил»ларнинг таги зил эканидан тегишли хулоса чиқармаган француз журнали ходимлари ҳам ана шу калтабинликнинг қурбони бўлишди. Зотан мусулмонларнинг шаъни, ғурури билан ўйнашиш яхшиликка олиб келмаслиги тарихда бир неча исботини топганди.

Ислом ва тасвирий санъат

Шу ўринда албатта муқаддас динимизнинг тасвирий санъатга муносабати ҳақида айрим мулоҳазалар. Кўпгина скептиклар, исломофоблар ўйлаганидек, агар Ислом санъатга, маданиятга, илм-фан тараққиётига қарши бўлганида, ўрта асрларда Шарқ маданияти бу қадар гуллаб яшнамаган, жаҳон илм-фанига катта ҳисса қўшган алломалар етишиб чиқмаган бўларди.

Маълумки, Ислом дини нозил қилинмасдан аввал араблар орасида жоҳилият ҳукм сурар, уларнинг катта қисми турли бут ва санамларга, ҳайкал ва сувратларга сиғинар эди. Муқаддас динимиз Аллоҳдан бошқа ҳар қандай зотга ва унинг сувратига сиғинишни ман этди. Бироқ Қуръони Каримда сурат чизишни тақиқловчи бирорта оят учрамайди. Қолаверса, эндиликда мусулмонларнинг сувратга ва ҳайкалларга сиғиниш хавфи йўқолган.

Шуни ҳам қайд этиш керакки, ўрта асрларда араб ўлкаларида, Мовароуннаҳр ва Хуросонда тасвирий санъат тараққий этган. Буюк алломаларимиз яратиб қолдирган қўлёзма асарларни миниатюраларсиз тасаввур этиш қийин. Самарқанду Бухородаги тарихий обидаларда шер, оҳу, лайлак сингари қушлар ва жониворлар тасвири учрайди. ХХ аср бошида Хива хонлигида қурилган Нуруллабой саройида Ғарб тасвирий санъатига монанд сувратларни ҳам кўришимиз мумкин.

Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг сувратлари борми?

Гарчи бу савол бир қарашда шаккокликдек туюлса-да, унга жавоб қайтариш ўринли. Дарҳақиқат, Ғарб ва Шарқ мусаввирлари Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг суратларини қайта-қайта тасвирлашган.

Самарқанд, Бухоро Ҳирот, Табриз сингари Шарқнинг азим шаҳарларида кўчирилган ўнлаб китобларда пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг тасвирларини учратиш мумкин. Фақат, ул зотнинг сувратлари бошқалардан ажралиб туриши учун ё юзларида оқ ниқоб ёпилган ҳолда ёки бошлари атрофида нурли (оловли) ҳалқа билан тасвирлашган.

Масалан, Фирдавсийнинг «Шоҳнома», Низомий Ганжавийнинг «Ҳамса» асарларига ишланган миниатюралар орасида ҳазрати пайғамбаримиз (с.а.в) тавсирларини ҳам учратамиз.

1436 йилда Хуросон ҳукмдори Шоҳрух Мирзонинг топшириғига кўра ёзилган «Меърожнома» асари эса, бошдан охиригача пайғамбаримизнинг меърожга чиқишлари билан боғлиқ суратлар билан тўлдирилган. Китобда олтмишдан ортиқ миниатюра бўлиб, уларда расулуллоҳнинг Жаброил (а.с.)дан меърож хабарини эшитишлари, етти қават осмон, жаннат ва жаҳаннамни бориб кўришлари, Аршга чиқишлари, турли фаришталар, ғаройиб мавжудотларни учратишлари акс эттирилган.

Ғарбда қандай қарашади?

Ғарб адабиётида Ислом дини ва мусулмонларга турли ёндашишган. Пушкин, Гёте, Лев Толстой сингари ёзувчи ва шоирлар исломни маърифат ва эзгулик дини сифатида талқин қилганлар. Афсуски, Данте Алигери, Волтер сингари шахсларнинг Ислом ҳақида нотўғри тасаввурда бўлганлари уларнинг асарларида ҳам яққол акс этади.

Шу боис, ғарб рассомлари орасида пайғамбаримизни буюк маърифатпарвар, олижаноб инсон сифатида тасвирлашга уринганлар ҳам учрайди. Салвадор Дали, Огюст Роден, Уилям Блейк, Гюстав Доре сингари рассомлар ўз асарларида пайғамбар (с.а.в) сиймоларига мурожаат қилишган.

АҚШ давлат суди биносида, жаҳон тарихидаги бир қатор буюк зотлар қаторида, пайғамбаримизнинг ҳам деворий тасвирларини учратиш мумкин. Германияда чиқадиган «Шпигел» журналида 1999 йили «Ахлоқ посбонлари» номли тасвирий санъат асари чоп этилган бўлиб, унда пайғамбаримиз билан бирга Конфуций ва Иммануэл Кант ҳам тасвирланган.

Албатта, бу каби сувратлар, деворий тасвирлар ҳам Ислом давлатлари вакилларининг эътирозига сабаб бўлган, бироқ турли оммавий намойишларга сабаб бўлмаганди. Аммо исломий қадриятларни очиқ-ошкор камситишга қаратилган, таҳқир ва нафратга йўғрилган карикатуралар чин маънода миллионлаб мусулмонларни ғазабга солди, натижада ҳатто қонли фожеалар ҳам юз берди.

Мантиқ ва адолат тақозоси

Такрор айтамиз, террор, хунрезлик барча динларда, энг аввало бизнинг динимизда қаттиқ қораланган. Аксинча, эзгулик, яратувчанлик, гўзаллик динимизда ҳамиша улуғлаб келинган. Ислом маданияти, меъморчилиги, тавсирий санъати асрлар давомида дунё аҳлини ўзига жалб этиб келган.

Албатта, пайғамбарлар, фаришталар, азиз-авлиёлар сиймосининг кино, тасвирий санъат ва бошқа соҳалардаги талқини ҳақида аниқ хулоса чиқариш, шаръий кўрсатмалар беришга фақат тегишли мутахассислар, ислом уламолари ҳақли. Шу боис, ўтмишда, Ғарбда ва Шарқда, беғараз ишланган санъат асарларида Ислом пайғамбари (с.а.в)нинг тасвирланиши қай даражада тўғри – бу ҳақда фикримизни айтишдан тийиламиз.

Аммо, диний қадриятларни таҳқирлаш, буюк зотларга нисбатан ҳурматсизлик кўрсатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бундай «санъат асарлари»нинг тақиқланиши, баъзилар жар солаётганидек, «сўз ва ижод эркинлигини бўғиш» эмас, балки мантиқ ва адолат тақозосидир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг