Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Рустам Жабборов

Ё аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл! (Жалолиддин Румий)

Ўзбекистонда АЭС қурилади: бу яхшими ёки ёмон?

Ўзбекистонда АЭС қурилади: бу яхшими ёки ёмон?

Ҳар йили мамлакатда 55 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилса-да, бу ички эҳтиёжларимизни тўла-тўкис қоплашга етмайди.

Фото: Новое Время

Ўзбекистон тарихида илк бор мамлакатимиз ҳудудида АЭС қурилиши кутилмоқда. Дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиганлар, эҳтимол, бу янгиликни ҳам юзаки қабул қилишар: «Хўш, шунга нима бўпти? АЭСми, ГЭСми, бошқасими, чироғимиз ёнса бўлди-да!». Тажангроқ суҳбатдошлар эса дарров афт буриштиришади: «Ахир АЭС атом дегани! Атом эса инсоният ўйлаб топган балои азим-ку? Сал эътиборсизлик катта фожиаларга сабаб бўлади. Чернобиль, Фукусимадаги техноген офатларни эслаб кўрайлик?».

Бу мавзуда ўз муносабатимизни билдиришидан олдин вазиятга бироз ойдинлик киритиб олсак.

 АЭС нима дегани?

Билмаганларга эслатма: АЭС асосан электр ёхуд иссиқлик энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган, ядро реактори ва бошқа зарур туташ қурилмаларни ўз ичига олган йирик мажмуадир. Бошқа иссиқлик электр станцияларидан фарқли равишда, АЭСларда электр қувватини олишда кўмир, нефть ёки мазут эмас, асосан сайёрамизда кенг тарқалган фаол радиоактив унсур – уран атомларидан фойдаланилади.

Маълумки, Иккинчи жаҳон уруши тугагунга қадар атом инсоният тасаввурида энг қудратли вайронкор куч сифатида тасаввур уйғотган. Айниқса, 1945 йил августда АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига уюштирган мудҳиш ҳужумларнинг оқибати дунё аҳлини ҳамон даҳшатга солиб келади.

Ўтган асрнинг 40-йиллари охирида совет олимлари атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланиш бўйича илк лойиҳаларни ишлаб чиқдилар. Дунёндаги илк атом станцияси ҳам 1954 йилнинг 27 июнь куни Россиянинг Обнинск шаҳрида ишга туширилган эди.

Йиллар ўтиши билан дунё ҳамжамияти энергетика саноатида АЭСларнинг афзал жиҳатларини англаб етмоқда. Халқаро атом энергияси агентлигининг 2017 йил апрель ойидаги маълумотларига кўра, бугунги кунда жаҳоннинг 31 мамлакатида 451 энергоблокка эга бўлган 191 та АЭС ишлаб турибди. Ядро реакторлари сони бўйича АҚШ (99 та) етакчилик қилмоқда. Францияда 58 та ядро реактори бўлиб, улар мамлакатнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг 72,3 фоизини қоплайди. Шунингдек, Хитой (36 та), Россия (37 та), Жанубий Корея (25 та) сингари давлатлар ҳам ядро реакторлари сони бўйича етакчилар қаторидан ўрин олган.

Нимаси яхши-ю нимаси ёмон?

АЭСларнинг энг биринчи афзаллиги жуда кам ёқилғидан улкан миқдорда энергия ишлаб чиқилишидадир. Бу эса биринчи навбатда экология ва атроф-муҳит мусаффолигини сақлашда катта аҳамият касб этади. Масалан, 1000 МВт электр энергияси ишлаб чиқариш учун оддий иссиқлик электр станциялари 13 минг тонна заҳарли газ, 165 минг тонна кўмир чангини ҳавога чиқаради. АЭСларда эса бундай зарарли унсурлар фақат захирадаги дизель генераторларини ишга тушириш пайтида, жуда кам миқдорда ажралади. Иссиқлик электр станциялари шунча миқдордаги энергия ишлаб чиқариш учун 8 млн тонна кислород сарфлайди. АЭС учун эса кислороднинг деярли кераги йўқ.

Атом электр станцияларини кўпчилик айнан радиоактив моддалар сабабли хавфли деб ўйлашади. Бироқ, мутахассисларнинг фикрича, иссиқлик электр станцияларининг кўмир сарфи сабабли атмосферага чиқариладиган радиоактив моддалар миқдори АЭСларга нисбатан бир неча баравар кўп.

Лекин АЭСларнинг энг катта камчилиги уларда юз бериши мумкин бўлган техноген ҳалокатларнинг кенг кўламли оқибатларидир. Бу ҳақда сўз кетганда албатта 1986 йил 26 апрелда Украинада юз берган Чернобиль атом электр станциясининг ҳалокати эсга олинади. Эҳтиётсизлик оқибатида юз берган мазкур ҳалокат туфайли минтақадаги экологик вазият кескин бузилган, радиоактив нурланиш оқибатида юздан ортиқ инсон нобуд бўлган, унинг оқибатларини бартараф этишда қатнашган минглаб инсонлар саломатлигини йўқотган.

2011 йилнинг 11 март куни Япония тарихидаги энг кучли зилзила ва цунами оқибатида мамлакатдаги Фукусима-1 атом электр станциясида ҳам ядро реактори ишдан чиққан, натижада мамлакат иқтисодиёти 189 миллиард доллар зарар кўрган, атроф муҳитга ҳам мисли кўрилмаган даражада зиён етган.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, Чернобиль ва Фукусимадан ташқари 1975 йилда Ленинград (Россия), 1979 йилда Три-Майл-Айленд (АҚШ) сингари бир нечта атом элекр станцияларида ҳам техноген ҳалокатлар юз берган, бироқ улар атроф муҳит ва мамлакат иқтисодиёти учун у қадар катта муаммоларни келтириб чиқармаган.

Бизга-чи, АЭС керакми?

Бугунги кунда мамлакатимизда 32 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Аҳоли сонининг йил сайин ўсиши ўз-ўзидан турли моддий захиралар, жумладан, электр энергиясига бўлган эҳтиёжни ҳам оширади.

Сир эмас, бугун халқимизни ташвишга солаётган муаммолардан бири электр энергияси тақчиллигидир. Албатта, ҳукуматимиз томонидан халқнинг эҳтиёжини имкон қадар қондириш борасида муайян чоралар амалга оширилмоқда. Юртимизнинг турли бурчакларида янги станциялар барпо этиш, эскиларини таъмирлашга эътибор қаратилмоқда. Аммо бу чоралар мамлакат ички эҳтиёжларини тўла-тўкис қондиролмаяпти.

Жаҳон банкининг ҳисоботига кўра, Ўзбекистон аҳоли жон бошига электр қуввати истеъмоли тобора пасайиб бораётган мамлакатлар қаторидан ўрин олган. Ўзбекистонда 10 та иссиқлик электр станцияси ва 32 та ГЭС фаолият кўрсатади. Электр энергиясининг ўн фоиздан кўпроғи ГЭСлардан, қолган асосий қисми иссиқлик электр станцияларидан олинади Ҳар йили мамлакатда 55 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилса-да, бу ички эҳтиёжларимизни тўла-тўкис қоплашга етмайди. Мамлакат бўйича паст кучланишли электр тармоқларининг 67 фоизи эскирган бўлиб, трансформатор пунктлари зўриқиб ишламоқда.

Мана шу жиҳатларни эътиборга олиб кўпчилик мамлакат учун барқарор электр таъминоти манбаси – тинч атом деган ғояни илгари сурмоқда.

Россия билан стратегик ҳамкорлик

Ҳозирги вақтда атом энергиясидан тинчлик йўлида фойдаланиш барча ривожланган давлатларда кенг йўлга қўйилмоқда. Ўтган йилнинг сўнгги кунларида Ўзбекистон ва Россия ўртасида Атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланиш тўғрисидаги битим имзоланди. Ўзбекистон томонидан бу ҳужжатни Бош вазир ўринбосари Нодир Отажонов, Россия ҳукумати номидан «Росатом» давлат корпорациясининг бош директори Алексей Лихачёв имзолади. 

Мамлакатимиз раҳбари жорий йилнинг 5 январь куни халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида сўзлаган нутқида ҳам мамлакат тарихида биринчи марта, келажак авлоднинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш мақсадида АЭС қуриш бўйича Россия билан шартнома имзоланганини таъкидлади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, мазкур битим Ўзбекистон ва Россия ўртасида атом энергиясидан тинчлик йўлида фойдаланиш соҳасида ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини яратиб беради. Ушбу тарихий битимда Ўзбекистоннинг атом энергетикаси борасидаги миллий инфратузилмасини яратиш ва такомиллаштириш, малакали кадрлар тайёрлаш, АЭСлар ва тадқиқот реакторлари қуриш, истиқболли илмий ва фундаментал тадқиқотлар ўтказиш хусусида сўз боради.

«Росатом» корпорацияси бош директори Алексей Лихачёвнинг фикрича, Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши мамлакат энергетикасининг истиқболдаги имкониятларини белгилаб беради. Ушбу объект қурилиши даврида 6 минггача киши иш билан таъминланади ва станция ишга тушгач яна 2 мингга яқин киши иш жойига эга бўлади. Қуввати 2,5 ГВт.ни ташкил этувчи ушбу объект қурилиши мамлакатнинг ички энергия таъминотидаги муаммоларни ҳал этибгина қолмай, электрни хорижга ҳам экспорт қилиш имкониятини беради. 

Чумчуқдан қўрққан тариқ экмас

Мазкур янгилик ортидан турли баҳс-мунозаралар кучайди. Янги турдаги энергия манбаларининг фойда-ю зиёнлари ҳақида ҳар ким ҳар хил фикр билдира бошлади. «Кони зарар» АЭСларни қуришдан кўра, мавжуд ГЭС ва ИЭСларни кучайтириш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланишнинг афзалликларини уқтираётганлар ҳам йўқ эмас.

Оддий энергия манбалари учун қанча кўмир, мазут, газ сингари ёқилғилар кетишини айтмаса ҳам бўлади. Албатта, муқобил манбалар, жумладан, қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича ҳам юртимизда сезиларли ишлар амалга оширилаётир. Жумладан, Самарқандда қуëш нурини электр қувватига айлантирувчи станция барпо этилмоқда. Бироқ, мутахассисларнинг маълумотларига кўра, қуёш электр станцияларида бир киловатт-соат электр қуввати ишлаб чиқариш таннархи мазутда ишлайдиган иссиқлик электр станцияси ишлаб чиқарган электрдан камида ўн баравар қимматга тушади. Демак, яна қандайдир чораларни ишга солиш лозим эди.

Тўғри, ҳар ким ўз фикрини, нуқтаи назарини эркин баён этишга ҳақли. Фақат ярим стакан сувни кўриб, кимдир «стаканнинг ярми тўла» деган фикрга борса, яна кимдир «аксинча, унинг ярми бўш» дея таассуф билдиради.

Биз юқорида атом электр станцияларининг бошқа энергия манбаларидан фарқлари, хавфи ва хавфсизлиги ҳақида бежиз тўхталмадик. Зотан, ГЭСларда юз берган турли ҳалокатларнинг моддий ўлчами ва қурбонлари сони АЭСлардагига нисбатан бир неча баравар кўп. Биргина 1975 йил 8 август куни Хитойнинг Банцяо ГЭСи тўғонида юз берган ҳалокат натижасида 26 мингдан зиёд инсон нобуд бўлган, юзлаб аҳоли пунктлари сув остида қолганди.

Бинобарин, ҳар қандай йирик энергия объектлари маълум даражада хавф-хатар манбаи ҳамдир. Қўшни Тожикистонда бунёд этилаётган Роғун ГЭСининг эҳтимолий мудҳиш оқибатлари ҳақида бир пайтлар ошириб-тошириб ёздик-ку? Аммо, шунга қарамай, қўшниларимиз мазкур йирик ГЭС қурилишини тўхтатгани йўқ.

Халқимизда «чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди» деб бежиз айтишмаган. Ахир ҳар йили сайёрамизда юз минглаб инсон автоҳалокатлар туфайли ҳаётдан кўз юмади. Яна юзлаб инсонлар темирйўл ёки авиаҳалокатлар қурбонига айланади. Аммо бу билан одамлар самолёт, поезд ёки машиналар хизматидан воз кечаётгани йўқ.

 

Фақат биздагина эмас

Интернет маълумотларига таянадиган бўлсак, яқин келажакда Марказий Осиёда АЭСлар сони кўпайиши мумкин. Жумладан, «tengrinews.kz» нашрининг хабар беришича, жорий йилда Қозоғистонда ҳам АЭС қурилиши бошланади. Станция Шарқий Қозоғистон вилояти, Курчатов шаҳрида Япония технологияси асосида қурилиши режалаштирилган. Таъкидлаш ўринлики, Қозоғистон жаҳонда уран захираси бўйича биринчи ўринда туради.

Қардош Туркияда ҳам 2022 йилгача биринчи атом электр станцияси ишга туширилиши кутилмоқда. Россия ва Туркия расмийлари томонидан имзоланган 20 млрд. долларлик лойиҳага кўра, қуввати 1200 МВт.га тенг бўлган мазкур АЭС мамлакат жанубидаги Мерсин шаҳрида бунёд этилмоқда.

Гарчи бугунги кунда айрим давлатлар энергетика мақсадларида ядро реакторларидан воз кечиш сиёсатини қўллаб-қувватлаётган бўлса-да (масалан, Италия), йил сайин табиий захираларнинг қисқариб бориши туфайли дунё ҳамжамияти энергетиканинг истиқболини қуёш, шамол ва атом энергиясидан фойдаланишда кўрмоқда. Йил сайин АЭСларга эҳтиёж ортиб бораётир.

Бизда ҳам янги турдаги энергия манбалари бунёд этилар экан, биринчи навбатда уларнинг хавфсизлигига ҳам жиддий эътибор қаратилади. Шу пайтга қадар дунё тарихида юз берган техноген ҳалокатлардан керакли хулосалар чиқарилади.

Шу билан бирга бугунги кунда хавфсизлик техникалари Чернобиль фожиаси юз берган 1986 йилдагидан бир неча баравар тараққий этган. Ўзбекистон ҳудудида Фукусима-1 ядро реактори жойлашган Япониядаги сингари ўта кучли зилзилалар ҳам, даҳшатли цунамилар ҳам хавф солмайди.

Энг муҳими, Яратганнинг ўзи асраса, мамлакатимизга ҳеч қандай бало-қазо хавф сололмайди. Шундай экан, юртимизда юқори қувватга эга атом электр станцияларининг бунёд этилиши мамлакатимиз энергетикаси тарихида янги саҳифа очиши шубҳасиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг