Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«ЎзАС» бош муҳаррири нималар қилмоқчи? Газета адади ошадими?

«ЎзАС» бош муҳаррири нималар қилмоқчи? Газета адади ошадими?

Хабарингиз бор, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси бош муҳаррири ўзгарди. Салим Ашур бошқа ишга ўтиб, бу курсига Ҳумоюн Акбаров ўтирди. Унга осон бўлмайди. Сабаби, газета адади 1000 дона ҳам эмас, қолаверса, бир вақтлардаги обрў-нуфузи пасайган. Xabar.uz Ҳумоюн Акбаровга бир неча савол билан юзланди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси — Асқад Мухтор, Одил Ёқубовдек адиблар бош муҳаррир бўлган даргоҳ. Бугун ушбу масъулиятли вазифага сиз муносиб кўрилдингиз. Ишни нимадан бошладингиз?

– Улуғ устозлар ўз даврида «Ўзбекистон адабиёти ва санъати»ни халқимизнинг қалбига жойлаган, уни энг эъзозли ва эътиборли нашр даражасига кўтарган. Ҳали-ҳамон устозларнинг ибрати, хизмати, нафасини ҳис қилиб турамиз. Бизнинг вазифамиз устозлар бошлаган ишларни муносиб тарзда давом эттириш, азалий қадриятларни асраб-авайлаш, газета нуфузини аввалги мақомига кўтаришдан иборат бўлиши лозим, деб ўйлайман.

Жамоамизда тажрибали ходимлар етарли, қолаверса, таниқли ижодкорлар орасида газетамизнинг жонкуярлари кўпчиликни ташкил қилади.

– Яширишнинг ҳожати йўқ, газета адади анча тушган, ҳатто 1000 донага етмайди. Штатлар ҳам қисқарган. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

– Бу жараённи республикамиздаги деярли барча нашрлар бошдан кечиряпти, десак тўғри бўлади. Бугунги кунда газета-журналлар ўз фаолиятини қайта кўриб чиқиши, даврга ҳамнафас бўлиб, жамият ҳаётидаги долзарб муаммоларни кўтариши, халқ билан ҳамдам, ҳамқадам бўлиши лозим.

Айни жараёнда нашрлар ва ўқувчилар ўртасидаги алоқалар суст. Яъни газеталарни мунтазам ва ўз вақтида жойларга етказиб бериш тизими издан чиққани ҳам барчага маълум. Хуллас, бугунги муҳаррирларнинг фаолият доираси ҳар доимгидан кўра кенг ва мураккаблигини таъкидлаш жоиз.

– Газетанинг нуфузи ва ададини кўтариш учун қандай чоралар кўрилмоқда?

– Газетамиз нуфузи ҳамон аввалгидек деб ўйлайман, аммо ададини кўтариш борасида жиддий ишлаш керак. Жумладан, бевосита обуначилар билан алоқа ўрнатиш, тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш кўзда тутилмоқда. Қолаверса, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталиги бир марта варақлаб ўқиладиган нашрлардан фарқ қилади. Чунки унинг бундан ўн ёки йигирма йил аввал чиққан сонини бугун ўқисангиз ҳам материаллар ҳамон долзарблигига ишонч ҳосил қиласиз, унда босилган яхши шеър ёки ҳикоялар эса, ҳеч қачон эскирмайди.

– «ЎзАС» мазмун-мундарижаси ўзгарадими? Етакчи шоир, ёзувчилар, муаллифларни жалб этиш учун нималар амалга ошрилади?

– Газетани мазмунан бойитиб бориш лозим, албатта. Таниқли шоир, ёзувчилар билан мунтазам ҳамкорлик ўрнатганмиз. Аммо  бугунги кунда ёш ижодкорлар орасидан янги асрнинг 20-йиллар авлодини шакллантириш, янги номларни кашф этиш биринчи галдаги вазифамиздир. Шунингдек, адабий жараёндаги етакчи тенденцияларни ёритиб бориш, ижодий изланишларни қўллаб-қувватлаш, бу борада танқид ва адабиётшунослик соҳасини жонлантиришимиз лозим.

Жорий «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да газета саҳифаларида таълим сифатини яхшилаш, хусусан, она тили ва адабиёти фанлари ўқитилишини такомиллаштириш борасида ижодкорлар ва мутахассисларнинг давра суҳбатларини уюштириш, айниқса, мактаб ўқитувчиларига кўмак берадиган туркум мақолаларни бериб боришни режалаштиряпмиз.

– Ҳар қандай нашрнинг моддий аҳволини яхшилаш муассисга ҳам боғлиқ. Ҳисоб рақамингизни тўлдириш масалалари кўрилмоқдами? Бусиз қийин бўлади. Ўзингиз газета келажагини қай даражада кўряпсиз?

Газетамиз — ижодкорлар минбари. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳар доим бизга энг яқин кўмакчи бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.

Келажак, бу — янгилик демак! Янгича қарашлар, янги асарлар демак.

Нашрнинг моддий аҳволига келсак, биз мухлисларимизга суянамиз ва ишонамиз. Ишончли, тўғри йўл мана шу. Биз уларнинг ишончини оқлашга, барчага манзур бўладиган асарларни туҳфа этишга ҳаракат қиламиз. Шу муносабат билан, биринчи навбатда, ижодкорларни, айниқса ёш қаламкашларни, адабиётсевар халқимизни газетамизга обуна бўлишларига, унинг ҳар бир сонини ўқиб боришга чақирамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг