Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бахтиёр Шералиев

Муаммодан қутулиш учун ундан қочиш эмас, уни ҳал қилиш керак!

Ой қутбида музликлар бор — ишончли далиллар топилди

Ой қутбида музликлар бор — ишончли далиллар топилди

Фото: НАСА

Гавайи ва Браун университетлари тадқиқотчилари профессор Шуаи Ли бошчилигида Ойнинг қутб томонида музликлар борлигига оид ишончли далилларни қўлга киритишди. Бу ҳақида Миллий фанлар академияси хабарлари («PNAS») нашрида чоп этилган илмий мақолада хабар берилмоқда.

Ойдаги музликлар жойлашуви ва миқдори Қуёш тизимидаги бошқа осмон жисмлари, жумладан, Меркурий ва Церераникидан кескин фарқ қилади. Бу ҳолат Ойнинг ўзига хос шаклланиш ва ҳосил бўлиш жараёни билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ушбу муз қатламларидан келажакда Ернинг табиий йўлдошини тадқиқ этиш вақтида фойдаланиш мумкин бўлади.

Профессор Ли ва унинг ҳамкасблари Ой юзасида сув борлигини тасдиқлашда Ойнинг қутб қисмидаги учта алоҳида ҳудудни НАСА нинг «Moon Mineralogy Mapper»​ («М3») ускунасида текшириб кўришди.

«М3» ускунаси «Chandrayaan​-1» космик аппаратига жойлаштирилган бўлиб, 2008 йилда Ҳиндистон коинот тадқиқотлари ташкилоти томонидан ишга туширилган. У Ой сиртида музликлар борлигини тадқиқ этишга асосланган асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Ускуна Ой сиртидаги музликлардан қайтаётган нурларни қабул қилишдан ташқари, унинг таркибидаги молекулаларнинг инфрақизил нурларни ютиш хусусиятини текшира олади, бу эса Ой сиртидаги сув қайси агрегат ҳолатда, яъни суюқ, газ ёки қаттиқ кўринишда эканлигини аниқлаш имконини беради.

«Янги топилган ой музликлари унинг қутб томонидаги улкан кратерлар сояси остида турибди. Ойнинг ўз ўқи атрофида жуда кичик бурчак остида айланиши туфайли ушбу ҳудудларга деярли қуёш нури тушмайди ва шу боис бу минтақалардаги ҳарорат -157 даражадан юқорига кўтарилмайди», — дейишди тадқиқотчилар.

Фото: НАСА

НАСА нинг «М3» ускунасида суратга олинган юқоридаги Ойнинг жанубий (чапда) ва шимолий (ўнгда) қутблари тасвирида катта ва кичик кратерлар ичидаги кўк рангда тасвирланган музликларни кўриш мумкин. Юқори аниқликда тадқиқ этилган ушбу тасвирлар Ой сиртида ростдан ҳам музликлар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Бундан аввалги тадқиқотларда Ойнинг жанубий қутбида муз қатламлари мавжудлигига ишора қилувчи кичик белгилар қўлга киритилган, лекин бу ҳолатни Ой тупроғининг нурларни ўзида акс эттириш хусусияти билан изоҳлаш мумкин эди.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашларича, Ой юзасида муз қатламларининг бўлиши, ҳаттоки улар бир неча миллиметр қалинликда бўлса ҳам, келажакдаги Ой сиртида ўтказиладиган экспедициялар учун улкан ресурс вазифасини ўтай олади. Ундан ичимлик суви олиш ёки уни кислород ва водородга парчалаш орқали ракеталарга ёнилғи ҳамда нафас олиш учун кислород захирасига эга бўлиш мумкин. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг