Ўтмишда бир кеча-кундуз 26 соатдан узунроқ бўлган
Ерда сутка (бир кеча-кундуз) ўтмишда 24 соатдан ортиқ давом этган ва бу мураккаб ҳаёт формаларининг жадал ривожланишига олиб келган бўлиши мумкин. Хитойнинг Чэнду технология университети олимлари шундай хулосага келишди. Ушбу тадқиқот натижалари Proceedings of the National Academy of Sciences (PNAS) илмий журналида эълон қилинди.
Олимларнинг фикрича, Ер тарихида сайёранинг ўз ўқи атрофида айланиш тезлиги кескин ўзгарган икки давр бўлган. Бу даврларда Ер ўз ўқи атрофида нисбатан секинроқ айланиб, суткалар давомийлиги ҳозиргига нисбатан 2,2 соат узунроқ бўлган.
Тадқиқотчилар Ер суткаларининг узунлиги Ойнинг жойлашуви билан боғлиқ бўлган, деган фаразни илгари суришмоқда. Яъни ўша даврда Ой Ердан тахминан 20 минг километрга узоқлашиши сабабли сайёрамизнинг ўз ўқи атрофида айланиши секинлашган (ҳозир Ойгача масофа — 384,4 минг километр).
Шу даврий кесимлардан бири тахминан 650-500 млн йиллар аввал юз бериб, «кембрий портлаши»га тўғри келади, сайёрамизда ҳаёт кескин ўзгариб, янги экологик муҳитлар юзга келган.
Иккинчи секинлашув — тахминан 340-280 млн йиллар олдинги давр, бу пайтга келиб Ерни улкан музликлар қоплаган.
Тадқиқотчиларнинг назарида, Ой куннинг узайиши ва ўз-ўзидан Қуёш таъсирининг кучайишига сабабчи бўлиб, улкан оксигенация (муҳитнинг кислород билан тўйиниши)ни келтириб чиқарган, бу эса эволюцион портлашга олиб келган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter