Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкент вилоятида бир гуруҳ шахслар жиноят устида ушланди

Тошкент вилоятида бир гуруҳ шахслар жиноят устида ушланди

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари божхона ҳамда ички ишлар органлари билан ҳамкорликда бир нечта тезкор тадбирлар ўтказишди.

Жумладан, тожикистонлик наркокурьерлар томонидан айланма йўллар орқали олиб келиниб, Қуйичирчиқ туманидаги хуфия жойга қолдириб кетилган 1 кг. 834 гр. «гашиш» моддасини қабул қилиб олган вақтларида Тошкент шаҳрида яшовчи, 1992 ва 1998 йилларда туғилган 2 нафар фуқаро ашёвий далиллар билан ушланди.

Бошқа ҳолатда эса «Сурхондарё-Тошкент» йўналишида ҳаракатланаётган «Нексия» русумли автомашина Ўртачирчиқ тумани ҳудудида тўхтатилди.

Натижада, Юқоричирчиқ туманида яшовчи, 1986 й.т. фуқаро бошқарувидаги автомашинада 1991 й.т., муқаддам судланган шахс йўловчи сифатида кетаётганлиги маълум бўлди.

Холислар иштирокида кўздан кечирилганда, автомашинанинг орқа эшиклари ички қисмига 1 кг. «гашиш» моддаси яшириб қўйилганлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Аниқланишича, улар Тожикистондан келтирилган ажал оғусини Сурхондарёда қабул қилиб олишган ва уни сотиб мўмай даромад топишни режалаштиришган.

Навбатдаги ҳолатда Денов ҳамда Сариосиё туманларида яшовчи, 1994, 1995 ва 1997 йилларда туғилган 3 нафар фуқаро 985 гр. «гашиш» моддасини «Нексия» русумли автомашинада Тошкент шаҳрига олиб кетаётган вақтларида Зангиота туманида тўхтатиб, қолинди.

Терговга қадар текширув давомида, ушбу заҳри қотил ҳам тожикистонлик наркокуръерлар томонидан айланма йўллар орқали мамлакатимизга олиб келинганлиги аниқланди.

Оҳангарон туманида ўтказилган тезкор тадбирда, Янгийўл тумани ҳамда Янгийўл шаҳрида истиқомат қилувчи, 1987, 1995 ва 1996 йилларда туғилган 3 нафар фуқаро Қўқон шаҳрига бориб, ҳозирда шахсига аниқлик киритилаётган наркосавдогардан 168 гр. «гашиш» ҳамда 722 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 43 млн. сўмга сотиб олиб, доимий яшаш манзилларига қайтиб келаётган вақтларида қўлга олинди.

Аниқланишича, ушбу гиёҳвандлик воситалари мамлакатимизга Қирғиз Республикасидан олиб келинган.

Яна бир ҳолатда эса «Фарғона-Тошкент» йўналишида ҳаракатланаётган «Ласетти» русумли автомашина Оҳангарон шаҳри ҳудудида тўхтатилиб, кўздан кечирилди.

Натижада унда автомашинани бошқариб кетаётган Транспорт назорати инспекцияси инспектори ҳамда 1975 ва 1990 йилларда туғилган, муқаддам кучли таъсир қилувчи моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритганликлари учун судланган 2 нафар йўловчига тегишли 826 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Маълум бўлишича, улар Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали олиб келинган ушбу дори воситаларини Қўқон шаҳрида яшовчи фуқародан 22 млн. 500 минг сўмга сотиб олишган.

Ҳозирда барча ҳолатлар бўйича қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг