Онасидан яширилган икки бола Тошкент шаҳридан топилди
Сафоевлар оиласида бир эмас, икки нафар фарзанд туғилганидан сўнг ҳам аҳиллик кузатилмади. 2019 ва 2020 йилларда қиз ва ўғил ота-она орасидаги жарликка кўприк бўлолмади.
Оила таназзул йўлидан борди. Деярли бесабаб бошланган ва изи узилмай давом этган талашув-тортишувлардан сўнг Муниса бу уйда ортиқ қололмади. Ўзи туғилиб ўсган ота-онаси хонадонидан паноҳ топди. Фарзандлари эрининг қўлида қолди.
Ота уйига қайтганидан сўнг сал вақт ўтгач, фарзандларини ўз тарбиясига олиш юзасидан судга ариза берди. Суд фарзандларни онаси тарбиясига бериш юзасидан қарор чиқарди. Мазкур суднинг ижро ҳужжати МИБнинг Шовот тумани бўлими иш юритувига келиб тушди ва давлат ижрочиси томонидан ижро ҳаракатларига киришилди.
Бироқ болаларни онасидан узоқлаштириб, дийдорини ҳам кўрсатишни истамаган ота фарзандлари билан ўз уйидан турли хил жойларга кўчиб юрган. Натижада ота ва болаларга нисбатан қидирув эълон қилинди.
Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида ота Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги қурилиши тугалланмаган ҳовлида устачилик билан шуғулланиб юргани, фарзандларини ҳам ёнида олиб юргани аниқланди. Болалар Хоразм вилоятига олиб келиниб, соғ-саломат онаси тарбиясига олиб берилиши таъминланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter