Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Улуғбек Орипов

Баъзан сукут ҳақиқатдан афзал бўлиши мумкин.

Олис тоғ қишлоғида ёш келин фожиали тарзда вафот этди. Билимсизликми ё жоҳиллик?

Олис тоғ қишлоғида ёш келин фожиали тарзда вафот этди. Билимсизликми ё жоҳиллик?

Шу кунларда жуда қайғули бир воқеага дуч келдим.

Сарчашма қишлоғи Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида, баланд тоғлар бағрида жойлашган. Бошқа жойларни саратон куйдириб ётган маҳал Сарчашмада салқин ва мўтадил об-ҳаво кузатилади. Қишлоқ номиям ўзига мос — булоқнинг боши, дарёлар ирмоқлари шу томонлардан бошланади.

Шу қишлоқда яшовчи 22 яшар келинчак бир кечада вафот этди.

Келинчакнинг яқин қариндоши (етмишни қоралаган бу момо) бу воқеа тафсилотини куюниб сўзлаб берди.

Турмуш қурганига уч йил ҳам бўлмаган келинчак фарзандсизликдан азият чекарди. Ўзбек болажон халқ, бизда одатда йиллаб бефарзанд юрилмайди, айниқса тоғда яшовчи аҳолининг кўпи серфарзанд бўлади. Вақт ўтган сари ўйлов ва тушкунлик ёш аёлга таъсир қила борган. Шифокорларнинг берган умидлари ва таскинлари кор қилмай, бир фирибгар табибнинг маслаҳатига кирган.

Нима эмиш, ёнғоқ ўтинини созлаб чўғ қилиб, танчага солса ва шу чўғда бирон соат ўтирса инсон танасидаги ҳар қандай шамоллаш барҳам топармиш. Бундай киши бемалол фарзанд ҳам кўра олар экан. Кўзига фарзанддан бошқаси кўринмаган келин ва унинг яқинлари бу гапга ишонишган. Ёшгина танани қалин кўрпага ўраб, чўғ чақнаб турган танчага тиқишган.

Натижада келинчак тутун ва иссиқдан бўғриққан, азобланган, лекин бунга бир муддат чидаган. Охири кучи етмай ҳушидан кетгач, унга ёнғоқ баргини дамлама қилиб (!) ичиришган. Лекин бу телба-тескари муолажалар ёш вужудни батамом қуритган. 22 яшар ёш бека ота-онаси ва яқинларини чирқиратганча, дорилбақога рихлат этган...

Бу ҳодиса шу даврда, шу ойда содир бўлгани ҳақиқат.

Нима дейсиз? Жоҳил ва билимсиз табибни, унга ишонган ва ёш келинни жувонмарг бўлишига йўл қўйган қариндош-яқинларнинг, кимнинг ёқасидан тутасиз? Сохта даволовчилар, турли-туман дорилар урчиган замонда кимги ишонишингни ҳам билмай қоласан. 

Нима бўлганда ҳам энди бир рўзғорни обод қилиб турган аёл тирилмайди.

Лекин, бугун XXI аср. Ҳеч бир иш оқибатсиз қолмаслиги керак. Болангизни, яқинларингизнинг кўзини очинг, жамиятни уйғотинг, дея ҳайқиргим келади. Тўғри танаси бошқа дард билмас деган гап ҳам бор. Ўша келин фарзандни ўйлаб неча тунларни бедор ўтказган, сал кўзи илинганда, тушларига йўргакдаги оппоқ чақалоқ кирган.

Хуллас, бу воқеа ҳаммамизга сабоқ бўлгулик. Бошқа гапларга эса қалам айланмаяпти...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг