Миср Ғазо бўйича таклиф тайёрлади

Миср Исроил ҳужумлари оқибатида вайрон бўлган Ғазо секторини тиклаш бўйича режа ҳозирлади. «Араб режаси» деб аталган лойиҳада 5 йил мобайнида 53 миллиард доллар сарфлаб минтақани тиклаш кўзда тутилган.
Ғазони тиклаш режаси уч босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда (6 ой, 3 миллиард доллар) бино вайроналари тозаланади. Иккинчи босқичда (2 йил, 20 миллиард доллар) янги тураржойлар қурилади, инфратузилма яхшиланади. Сўнгги босқичда эса (2,5 йил, 30 миллиард доллар) қурилиш-тиклаш ишлари якунланади, шунингдек, Ғазода аэропорт ва портлар барпо этилади.
Қоҳира шаҳрида бўлиб ўтган Араб давлатлари лигаси саммитида қабул қилинган лойиҳада фаластинликларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиш лозимлиги таъкидланган.
Араб давлатлари таклиф этаётган ушбу режада фаластинликларни Ғазо секторидан кўчириш ташаббуси ҳам рад этилган.
Аввал хабар берганимиздек, АҚШ президенти Дональд Трамп январь ойида Ғазо секторини «тозалаш» мақсадида анклавнинг 2 миллион аҳолисини Миср ва Иордания каби давлатларга кўчириш кераклигини айтди.
Моҳият эътиборига кўра Исроил расмийлари илгари сураётган Ғазо сектори аҳолисини бошқа ҳудудларга кўчириш ва кейинроқ у ерда яҳудий келгиндиларини жойлаштириш ғоясига ҳамоҳанг янграган бу таклифни Исроилдан бошқа бирор бир давлат қўллаб-қувватламади.
Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас Ғазо аҳли ўзи шундоқ ҳам кўп азоб чеккани, улар ҳам исроилликлар каби тинч ҳаётга ҳақли эканини таъкидлади. Юқори мартабали дипломат ЕИ зиддиятни икки давлат – Исроил ва Фаластин давлати тамойили асосида ҳал этишга содиқлигини яна бир карра тасдиқлади.
Исроилни шартларсиз қўллаб-қувватлаш ва Фаластин аҳли ҳуқуқларини поймол этиш деб баҳоланган бу таклиф Араб давлатлари лигаси томонидан ҳам жиддий танқид қилинди.
Таҳлилчилар Исроил ҳукумати 2023 йил октябрда бошлаган урушдан фойдаланиб, Ғазо аҳолисини мажбурий равишда қўшни давлатларга сургун қилиш орқали ҳудудни босиб олишни кўзлаётганидан огоҳлантирмоқда.
Фаластин аҳолиси Исроил давлати 1948 ва 1967 йилларда амалга оширган мажбурий қувғин яна такрорланишидан хавотирда.
Сўнгги хабарларга кўра, Миср тайёрлаган ва Араб давлатлари лигаси маъқуллаган янги режа ҳам АҚШ ва Исроил томонидан рад этилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter