Конституцияга ўзгариш киритилиши ҳақида саволларимиз бор
Сенат раиси кеча Конституцияга ўзгариш киритиш масаласи ҳақида ҳеч қанақа гап йўқ, бўлса, халқ билан муҳокама қилинади, деди.
Аммо блогерлар бу гапларни осмондан олиб гапиришаётгани йўқ. Сенатнинг расмий сайтида навбатдаги ялпи мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилиши эълон қилинган.
Лекин негадир бугунга келиб бу масала кун тартибида йўқ дейилмоқда. Балки жамоатчиликнинг эътирози сабаб, олиб ташлангандир, ким билсин.
Аммо бизда бошқа савол туғилади.
Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Конституцияга ўзгариш киритиш масаласи ҳақиқатдан кўриб чиқилаётганини ва бу судлар тизими ҳамда «қонун ҳужжатлари» атамасига оид эканлигини маълум қилганди.
Қонунчилик палатасининг сайтида ҳам сентябрь ойида Конституцияга ўзгариш киритишга оид қонун лойиҳаси муҳокама қилингани айтилганди.
Демак, Конституцияга ўзгариш киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси аллақачон Қонунчилик палатасида муҳокама қилиб бўлинган. Лекин нима учун бирорта жойда бу қонун лойиҳасининг матни йўқ? Нега бу лойиҳа қонун ҳужжатлари муҳокамаси порталида эълон қилинмаган? Жамоатчиликнинг фикри олинмаган?
Жамоатчилик бу қонун сирли қабул қилинмаётганига ишониши учун бирор факт борми?
Майли, бошқа саволларим ҳам бор:
- Нега Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ялпи мажлислари кун тартиби очиқ ва батафсил эълон қилинмайди? Фақат умумий гаплар билан ахборот берилади холос.
- Нега Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган барча қонун лойиҳаларининг матни сайтда очиқ эълон қилинмайди? Ваҳоланки «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг регламенти тўғрисида»ги Қонуннинг 15-моддасида биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасининг матни Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтида эълон қилиниши айтилган.
- Нега Қонунчилик палатаси қабул қилган ва Сенатга юборилган барча қонунлар матни очиқ эълон қилинмайди? Биз билайлик, қанақа қонунни депутатлар юбордию, Сенат унга қанақа ўзгариш киритди. Ахир қонун лойиҳасининг матнини эълон қилиш шунчалар қийин ишми?
- Нега Сенат томонидан маъқулланиб, Президентга имзолаш учун юборилган қонун матни очиқ эълон қилинмайди? Яна ўша гап: Сенат маъқуллаган қанақа қонунлар Президентга юборилганини билишга ҳаққимиз йўқми?
Конституцияга кўра, Сенат томонидан юборилган қонунлар 30 кун ичида ёки имзоланиши, ёки рад қилиниши керак. Айрим қонунлар Сенат маъқуллагандан кейин салкам 1 йил ўтиб имзоланганини ҳам кўряпмиз. Мана шунақа ҳолатларни жамоатчилик назорати кузатиб бориши керак эмасми?
Хулласи калом, «сирли қонунлар» деганда ёпиқ эшиклар ортида қабул қилинаётган махфий қонунларни эмас, балки жамоатчиликка очиқ ва батафсил маълумот берилмасдан, фақат депутатлар ва сенаторларнинг ўзи қабул қилиб, маъқуллаб юбораётган қонунларни ҳам тушуниш керак. Бунинг учун эса Парламентда кўрилаётган барча қонунлар матнини ҳар бир босқичдан кейин очиқ эълон қилишни йўлга қўйиш керак. Бу қийин иш эмас, агар хоҳиш бўлса, албатта.
Шунда депутат ва сенаторларнинг масъулияти янада ошар эди.
Ахир халқ қонунлар ҳақида қанча кўп маълумотга эга бўлса, шунча яхши эмасми?
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter