Сенатни Танзила Нарбаева, Содиқ Сафоев ва Аманбай Оринбаев «учлиги» бошқаради
Бугун, 19 ноябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлисида ташкилий масала ҳам кўрилди.
Конституциянинг 101-моддасига мувофиқ, Президент Олий Мажлис Сенати Раиси лавозимига сенатор Танзила Норбоева номзодини тақдим этди.
Танзила Норбоева давлат ва жамоат бошқарувида бой тажрибага эга экани, ўтган даврда шу лавозимдаги самарали фаолияти натижасида мамлакатимизда хотин-қизлар, болалар ҳуқуқларини таъминлаш ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вазият сезиларли равишда яхшилангани таъкидланди.
Сенаторлар номзодни бир овоздан қўллаб-қувватлади.
Мажлисга раислик қилиш ваколати Регламентга асосан Олий Мажлис Сенати Раиси лавозимига янги сайланган Танзила Норбоева ўтди. Т.Норбоева мажлисни олиб боришни давом эттирди.
Мажлисда Сенат Раиси ўринбосарларини сайлаш тўғрисидаги ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди.
Сенат Раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сенатор Содиқ Сафоев номзоди, Сенат Раиси ўринбосари лавозимига эса Аманбай Оринбаев номзоди тавсия этилди.
Сенаторлар номзодларни бир овоздан қўллаб-қувватлади.
Мажлисда иштирок этаётган Президент сенаторлар томонидан Сенат раиси ва унинг ўринбосарлари этиб сайланган Танзила Нарбаева, Содиқ Сафоев, Аманбай Оринбаевни уларга билдирилган юксак ишонч билан табриклаб, уларнинг келгуси фаолиятида ютуқ ва муваффақиятлар ёр бўлишини тилади.
«Ўзингиз бир тасаввур қилинг – 37 миллионлик халқдан фақатгина 65 нафар инсонга сенатор бўлишдек юксак шараф ва бахт насиб этди. Бу улкан ишонч ва масъулиятнинг қадрига етиш, уни ҳалол ва содиқ хизмат билан оқлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.
Сизлар Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс пойдеворини бунёд этишга муносиб ҳисса қўшасизлар, халқчил ва адолатли қонунлар қабул қилиб, барчага ўрнак бўласизлар, деб тилак билдираман.
Мен сиз, муҳтарам сенаторлар тимсолида ана шундай катта ишларга қодир, Ўзбекистон олдида турган стратегик вазифаларни чуқур англайдиган, Ватан ва халқ манфаатини ҳамма нарсадан устун қўядиган фидойи инсонларни – ўзимнинг энг яқин маслакдошларимни кўраман.
Сизлар бор билим ва тажрибангиз, куч ва имкониятингизни ишга солиб, мамлакатимиз ҳаётида, Сенат фаолиятида янги, ёрқин саҳифа очасиз, деб ишонаман», - деди Президент мажлис якунида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter