Жанубий ва Шимолий Корея чегарасида фавқулодда ҳодиса
Жанубий Корея полицияси ўғирланган автобусда мамлакат чегарасини кесиб ўтган ҳолда Шимолий Кореяга қочишга уринган шахсни қўлга олди.
Таҳлилчилар буни фавқулодда ҳодиса деб баҳоламоқда. Негаки қочишга уринган шахс аслли шимоллик бўлиб, 10 йилча аввал Жанубий Кореяга қочиб ўтиб бошпана олганди.
Исми ошкор этилмаган шахс Шимолий ва Жанубий Кореяни ажратиб турувчи «Бирлашув» кўпригида ҳибсга олинган. У чегарачининг тўхташ ҳақидаги буйруғига қулоқ солмаган ва тўсиққа бориб урилган.
30 ёшли шахс полицияга Жанубий Кореяда қийинчиликларга дуч келгани, тўланмаган жарималари кўпайиб кетгани, шу сабаб уйига – Шимолга қайтишга қарор қилганини айтган.
Маълум бўлишича, у Пажу шаҳридаги гараждан автобусни ўғирлаб қочган. Чегарада қўлга олинган вақтда у гиёҳвандлик моддалари ва маст қилувчи ичимликлар таъсирида бўлмаган.
Ягона Корея икки давлатга ажралганидан буён ўтган 70 йил мобайнида Шимолдан Жанубга 34 мингга яқин киши қочиб ўтган. Сеул ҳукумати шимоллик қочоқларга автоматик равишда фуқаролик беради.
Қочоқларнинг Шимолий Кореяга қайтиши ўта камёб ҳодисадир. Чунки Пхеньян ҳукумати Жанубга қочганларни қамоқ ёки меҳнат тутқунгоҳларига юборади.
Жанубий Кореядан бошпана олган шимолликлар даромадли иш топиш ва рўзғор тебратишда қийинчиликларга дуч келиши айтилади.
Шимолий Кореядан Жанубга нафақат оддий фуқаролар, юқори мартабали мулозимлар ҳам қочиб ўтгани маълум.
Бир муддат аввал Шимолий Корея разведкасида юқори лавозимда фаолият юритган, кейинроқ Сеулга қочиб ўтишга муваффақ бўлган полковник КХДР раҳбари Ким Чен Инга оид махфий маълумотларни очиқлаганди.
Шимолий Кореянинг сир пардаси билан ўралган ҳаёти ҳақида анча-мунча тафсилотларни сўзлаб берган полковник Ким маъмурияти жиноятлари ҳақида очиқ гапиргани сабабини бундай изоҳлаганди: «Бўйнимдаги сўнгги қарз бу! Мен Шимолдаги биродарларим ҳам диктатурадан халос бўлиб, озодлик ҳавосидан нафас олса дейман».
Шимолий Корея халқ демократик республикаси таъсис этилган 1948 йилдан буён ўлкани Кимлар сулоласи идора этиб келади. Жумладан, Ким Ир Сен 1948-1994, Ким Чен Ир 1994-2011 йилларда раҳбарлик қилган. Бобоси ва отасидан қолган «тахт»ни эса 2011 йилда Ким Чен Ин эгаллаган.
Дунёдаги энг ёпиқ мамлакатлардан бири саналган Шимолий Кореянинг коммунист раҳбарияти турли чеклов ва тақиқларни жорий этган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter