Бобуршоҳни соғинтирган, вазирлик лавозимини рад этган, 94 ёшида вафот этган аллома

Барча амалдору, ҳатто хизматкорлар ҳам ҳайратда қолишди. Негаки шоҳаншоҳ элчини ўз саройида эмас, анча нарироқдаги йўл бошида кутиб олган эди. Қолаверса, элчига пешвоз чиққан шоҳ отдан тушиб, ватандошлари қошига пиёда юриб борди. Ҳиндистон ҳукмдори Бобуршоҳни интизорлик билан куттирган элчи Ҳофиз Тошкандий эди...
Ҳофиз Тошкандийнинг номи тарихий манбаларда Қўйкий, Қўйлиқий деб ҳам қайд этилади. Бу ҳол ул зотнинг Кўҳак ва Қўйлиқ қишлоқларида яшаганлигига нисбат бериб айтилганидан. Асли ул зоти шариф 1490 йилнинг октябрида Паркент туманидаги Мавлоно Мирзо Камолиддин ибн Алоуддин Али Қушчи оиласида туғилган.
Аввал отасидан, сўнгра қози Низом Бадахший, Мавлоно Асомиддин Иброҳимлардан таълим олган Султон Муҳаммад Ҳофиз Тошкандий вақт ўтиб, етук фиқҳшунос, муаррих ва риёзиёт, этнография, жуғрофия, ҳандаса, илми нужум, тилшунослик соҳаларининг билимдони даражасига етди. Унинг илм оламида ҳурмати ва салоҳияти борлигини англаган Шайбонийлардан бўлмиш Самарқанд ҳукмдори Убайдуллохон Ҳофиз Тошкандийни ўзига вазири-аъзам қилиб тайинлайди.
Вазир бўлган даврда у фақат давлат ишлари билан машғул бўлиб қолмай, Самарқанд мадрасаларида мударрислик ҳам қилди. Шу билан бирга, «Тарихи Тошкандий», «Мезон ул-адаб», «Рисолаи фи фанни ат-тавсир вал усл фуруъ вал мантиқ вал калом» каби ғарбу шарққа машҳур асарларини ёзди. Етук аллома, доно киши бўлган Ҳофиз Тошкандийни Убайдуллохон давлат ишларини адо этиш ва алоқалар ўрнатиш учун Ироқ, Сурия, Яман, Арабистон, Эрон, Туркия, Хитой ва Ҳиндистонга элчи қилиб ҳам жўнатган.
1528 йили Бобуршоҳ ҳазратлари Ҳиндистонни забт этиб, бу ғаройиб ўлка ҳукмдори даражасига эришгани учун ғалабалари шарафига қўшни давлатлардан меҳмон чорлаб, тантана уюштирди. У ўз ватанига ҳам чорлов юборган, аммо Сибиру Хитой, Дашти Қипчоқу Хуросондан вакиллар келса-да, Самарқанддан элчининг келиши ортга сурилаётган эди. Бобуршоҳ ҳазратлари бунинг сабабини Самарқанд ҳукмдори Убайдуллохоннинг Шайбонийлардан бўлгани боис, балки у Шайбоний билан рақиб сифатида тожу тахт учун курашганимнинг аламидан элчиларни юбормаётганмикан, деган хаёлга ҳам борди. Убайдуллохон эса мардлик билан Ҳиндистонга совға-саломлар ила Ҳофиз Тошкандийни элчи қилиб жўнатди. Бобур бу ҳолдан ғоят севиниб кетди ва «Бобурнома»да ёзишига кўра, «Ҳофиз Тошкандий ва мулла Фарруҳ бошлиқ элчиларға олтундин, кумушдин таркаш била инъомлар бўлди...»
Орадан йиллар ўтиб, Ҳофиз Тошкандий иккинчи бор 1569-1570 йилларда Ҳиндистонга ташриф буюрди. Бу пайтда афсонавий ўлканинг ҳукмдори Акбаршоҳ эди. У ҳам худди бобоси каби сарой аъёнлари билан Аградан бир кунлик йўлга чиқиб, Ҳофиз Тошкандийни катта тантаналар билан кутиб олади. Бунинг сабаби элчининг фақат ота ватанидан бўлганида эмас, бобоси билан мулоқотда бўлган табаррук аллома эканлигида эди. Шу тариқа Ҳофиз Тошкандий икки бор Ҳиндистонга бориб, катта тантаналарнинг табаррук меҳмони сифатида ватанига қайтиб келганди. Шунингдек, у Султон Салимнинг ҳукмдорлик даврида Туркияга борган, ўзи ёзган асарларни ул зотга совға ҳам қилган. Шунда Султон Салим Ҳофиз Тошкандийнинг ақлу салоҳиятини кўриб, унга Туркияда қолишни, вазирлик мансабини эгаллашни таклиф қилади. Аммо Тошкандий илм билан шуғулланишни афзал билиб, узр айтганича Тошкентга қайтиб келади.
Ҳофиз Тошкандий илмга интилиб, юқори мансаблардан воз кечгани учун ҳам қомусий аллома сифатида XVI аср тарихида чуқур из қолдирди. У ўзидан «Шарҳий одобул ал-мунозара», «Фавойиди зиёйия», «Ужолат ул-баён фи шарҳ ал-мезон», «Чингизхон ва унинг авлодлари тарихи», «Истиорали тамоила» каби кўплаб асарлар ёзиб, 1584 йили 94 ёшида Тошкентда вафот этди.
Умид Бекмуҳаммад,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter