Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

Бинафша ҳақида васият, тасбеҳ дарахти, бир танада 11 нав – Самарқанддаги «Боғи Гулханий»да бир кун (биринчи мақола)

Бинафша ҳақида васият, тасбеҳ дарахти, бир танада 11 нав – Самарқанддаги «Боғи Гулханий»да бир кун (биринчи мақола)

Кўкламнинг ҳиди бўладими? Ҳа, дейишди. Ариқ бўйида, ўнгирларда унган майса ҳиди баҳоргагина хос. Дошқозонда биқ-биқ қайнаган сумалакнинг бўйи. Балки, ҳалисанинг ҳидидир. Қасур-қусур ёмғирдан кейин қуёш чарақлаганда, заминдан ёйилган ҳид...

Мен кўклам ҳидини Гулханийлар боғида, бинафша атрида туйдим. Ҳовли-боққа кириб борар экансиз, ҳали остонадаёқ нафис, ажиб бир ҳид димоққа урилади...

Шоир ҳақида икки оғиз

Гоҳида Ориф Гулханийни масалнавис Шарифхўжа Гулханий билан адаштиришади. Ориф Гулханий ҳам шеърлар ёзган, улардан бир қанчаси ҳамон қўшиқ қилиб куйланади. Тугалланмаган достони маълум. Лекин, у ўзини ҳеч қачон шоир, деб айтмаган. Бу, балки, ғазал-достонларини ўқиб, руҳланган Жомийу Навоий, Ҳофизу Саъдийлар ижоди олдидаги тортинишдир. 1879 йилда Самарқандда таваллуд топган Ориф Гулханий бир неча мадрасада таълим олган. Самарқандда Улуғбек ва Шердор, Бухорода Мир Араб мадрасаларида олган билимлари уни ўстирди, бир умрлик ҳамроҳи бўлди. 

...Ориф Гулханий уй-музейида бизни шоирнинг набираси, 70 ёшдан ошган Муқимжон Орифий очиқ чеҳра билан кутиб олдилар. Муқимжон ака – шоирнинг тўнғич фарзанди Олим Орифийнинг ўғли.

«Бобом атрофда аввало мулла сифатида танилганлар. Кейин мана бу боғимиз бундан қарийб тўрт-беш баробар катта бўлган ва «Боғи Гулханий» довруғи Самарқанддан ташқари ҳудудларга ҳам етиб борган экан», дейди Муқимжон ака.

Суҳбатдошимиз айтишича, боғда бобонинг ўзлари меҳнат қилган, шогирдлари ҳам бўлган.

Боққа кираверишда катта ҳовуз, ҳовуз бўйида улкан қайрағочлар остида супалар бўлган экан.  «Катта онамнинг айтишларича, супаларга тангадек қуёш куни тушмаган, соя-салқин бўлган. Мушоиралар, олиму фозиллар йиғилишлари, ҳаммаси мана шу ҳовуз бўйида бўлган. Бу томони эса токзор бўлган».  

– Бобонгизни қандай эслайсиз?    

– Бобомни 2-3 лавҳада эслайман. Улар 1955 йил сентябрь ойида оламдан ўтганлар. Ўшанда мен 3-4 ёшда бўлганман-да. Мени эркалаб қучоқлаганлари кўз ўнгимда. Токзорни эслайман. Боғнинг ҳовли қисми гулу гулзор эди, атиргуллар кўп эди. Бобомнинг энг яхши кўрган гули райҳон экан, оламдан ўтгандан кейин райҳонлар қуриб қолгани ҳақида катталар гапиргани эсимдан чиқмайди,– дейди Муқимжон Орифий.

Гулханий тахаллуси билан боғлиқ ҳар хил тахминлар айтилади.

– Гулханий тахаллусининг гул сўзига алоқаси йўқ. Қўшни боғда буюк инсон, нақшбандия тариқатининг давомчиларидан бири бўлган Саййид Аҳмади Васлий яшаганлар. У киши ҳам шеър, мақолалар ёзганлар. У кишининг уйи Самарқандга келадиган ва Самарқанд зиёлиларининг маскани, учрашадиган жойи бўлган. Муқимий, Фурқат, Фазлий Намангоний ҳам шу боққа келган. Шундай йиғинларда бобомизни ҳамсоя боласи сифатида хизмат қилиш учун чақирганлар. Шоирлар, олимлар, санъаткорлар давраси бобомга ўз таъсирини кўрсатган, албатта. Кейинчалик даврада ўзларининг шеърларини ҳам қироат қиладиган даражага етганлар. Устозлари Саййиди Аҳмади Васлий, давраларни қизитишинг, шеър ўқишинг, одамларни ўзингга жалб қилишингдан сенга фақат Гулханий деган тахаллус тўғри келади, деб айтганлар.

Не бўлганда ҳам Ориф Гулханий гул тимсолига кўп марта тўхталган:

Гулшан ичра сарвинозим айлади азми хиром,

Гул юзин олдида гул минг эгилиб айтур салом.

деб ёзади у.

Бойчечак, лола, райҳон... 100 хил боғ гули

Янгитдан ранг олаётган, жонланаётган боғни кезамиз. Каттагина, қарийб 6 сотихлик майдонда ҳар бир тур тартиб билан, маълум бир ҳудудчада экилган. Фақат бинафшаларгина бутун боғ бўйлаб тарқалиб кетган. Ҳар ерда тўп-тўп, тўп-тўп бинафша... Плита йўлакка туташган ёки қайсидир дарахт остида ва ё иссиқхона плиёнкасига ёндашган тўп-тўп бинафшалар. Композиция атайлаб шундай яратилганмикан? Муқимжон ака ичимдагини сезгандек айтиб қолдилар: «Раҳматлик отам 1988 йилнинг февраль ойида, 76 ёшда оламдан ўтганлар. Бинафшага меҳрлари баланд эди. Қаерга бинафша чиқса, тегма, бинафшалар мендан нишона бўлсин, ким келса шуни айтиб берасан, деб васият қилганлар. Шунинг учун қаерда чиқса, тегмайман. Боғнинг ҳамма ерига ёйилган. Жуда баракали гул. Биттаси 50 тагача уруғ бериб ўзидан кўпаяверади. Самарқанд бинафшаси, дейилади. Ҳидини сезаяпсизми?».

Бу ифорни туймаслик мумкин эмас эди...

Лекин, боққа баҳор дарагини ҳар гал бойчечак келтиради. «Бойчечагимиз очилиб бўлди. Февралнинг ўрталаригача уни учратишингиз мумкин эди. Биздаги бойчечак Қизил китобга киритилган, оқ рангли бойчечак».

– Қизил китобга кирган ўсимликларингиз кўпми?

– Билмадим. Мен, ахир иқтисодчиман-ку. Бойчечагимиз Қизил китобга кирганини Россиядан меҳмонлар келганида билганман. 4-5 нафар сайёҳ бойчечак очилган вақтда келиб қолди. Биттаси билар экан,  кўзлари чақнаб, «Э-э-э, бу Қизил китобдаги ўсимлик» деб олдига югуриб борди. Кейин атрофида роса айланишди.

Боғнинг бошланиш қисмида 3-4 дона сариқ ва гулоби-оқ рангли лолалар гуллаган. Муқимжон аканинг айтишича, ҳозирда ерда 3 мингтача лола пиёзи қолган. Асосан, голланд, гибрид лоласи. Кейин 20 хилча ҳар хил рангдаги лолалар ҳам бор экан. «Отам ўтган асрнинг 30 йилларида Самарқанд давлат университети биология факультетини битирган. Табиатга ошуфта бобом ўғиллардан бирини биологияга, иккинчисини географияга йўналтирган эди. Отам Европадан олиб келинган навлар ҳақида, уларнинг асли ўзимиздан чиққан, деб айтарди. «Болам, Оҳалик, Омонқўтан, бошқа тоғларимизда ҳам ажойиб лолалар бор-ку, ўшалардан вақтида олиб кетилган ва гибридлантириб, мана энди голланд лоласи бўлиб қайтиб келяпти», дерди. Кейинчалик адабиётларни ўқиб қарасам, олимлар ҳақиқатан ҳам гибрид лолаларнинг тарихи Эрон, Марказий Осиё билан боғлиқ деб хулоса беришяпти».

Тизиб қўйилгандек лолалар эрта-индин сизни ҳайратга солишга тайёрланаётгандек. Ҳаво яхши келганда, апрелнинг 15-20 кунларида лолаларнинг ҳаммаси бирдан гуллайди. Ўшанда боққа келувчилар сони кўпаяди. «Лола сайли»га келдик дейишади улар.   

Боғда бизнинг боғдорчилигимиз учун янги бўлган гуллар ҳам кам эмас. Уларни Муқимжон аканинг дадалари, кейинчалик ўзлари, қайси мамлакатга борса, ўша ердан олиб келган.

«Мана бу морозник, дейилади. Бу ҳам бойчечак билан олдин-кейин гуллайди, баҳор элчиларидан бири. Кавказдан олиб келинган. Декабрь ойидан гуллай бошлайди, мана ҳозир гулбаргларини тўкишни бошлаган. Қорнинг остидан кўриниш берадиган бу гулнинг бизда 3-4 хили бор».  

«Бу гиацинт, бинафша эмас. Шарқ гиацинти, дейилади».  

– Бу-чи, бу қанақа гул?

– Бу юкка. Юкка гули оппоқ бўлиб очилади. Гулламаган пайтида савсан гулга ўхшаб кетади. Лекин гули ўртасидан баланд бўлиб чиқади. Шунда пирамидага ўхшаб чиройли очилади. Буниси, одатдаги плюш, яъни, печак.

«Пастдаги гуллар барвинок малый, дейилади. Ялтадан олиб келинган». Молодило дегани эса қишда қизғиш, ёзда яшил тус оларкан. Уни тувакда ҳам, ерда ҳам ўстирса бўларкан.

Хуллас, ҳовлида экилган боғ гулларининг тур ва хиллари сони 100 га яқин экан. Хона гуллари, яъни тувакда ўсаётган гуллар хили эса 300 дан кўпроқ дейишди.

«Шу кичикроқ боғда 100 атрофида мевали дарахт ва буталар ҳам бор.  Жами  500 тур ва хилдаги ўсимлик парвариш қилинаяпти» – дейди Муқимжон ака.

 Яхшидан боғ қолар...

Ориф Гулханий даврида табиийки, Амриқою Кавказдан олиб келинган ўсимликлар бўлмаган. Шоирдан қолган мерос асосан боғ, хилма-хил турдаги мевали боғ, ўнлаб навлардаги узумзор. Лекин, ўша боғдорчилик меҳри фарзандлари, набиралари синггани туфайли асрлар оша боғ боғлигича қолаяпти.

Боғда ягона учратган сабзавотим анзур пиёзи бўлди. У ҳам ҳар жой, ҳар жойда экани эътиборимни тортди. Муқимжон ака яна қизиқ маълумот билан ўртоқлашади: «Ўшанда боламан, отам билан боғда ишлаяпмиз. Ҳамма мева дарахтлари остида шу анзур пиёзини кўраман. Нимага керак бу дейман. Билсам, дарахт атрофида анзур пиёзи бўлса, ҳиди ўткир-ку, қурту чумоли, бошқа-бошқа ҳашоратларни яқинлаштирмай, дарахтни ҳимоя қилар экан. Табиий мувозанатни сақлаш учун керак бўларкан. Бобомиз ана шунинг учун ҳар бир дарахт остида анзур пиёзини ўтқазиб кетган».

Асрлар ўтаяпти, Ориф Гулханий ўзи эккан дарахтлар қариб, қуриб бораяпти. Ундан бугунда қолгани – битта ғўлинги ўригу, битта шоҳтут. Дарахтларни хонадонда кўз қорачиғидек асрашади. Яна бир катта ўрик дарахти ичи ғовак тортиб, шохлари қарс-қурс синиб, бошқа яшнамайдиган бўлганда эса, лоақал кундасини асраб қолиш учун, очилиб қолган жойларига бўёқ суртишди, манзарали қиёфа беришди. Барибир бобонинг қўли теккан, табаррук дарахт-да...

Аввалига Олимжон Гулханий (улар ҳам шеърлар ёзган), кейинроқ Муқимжон ака боғни мунтазам янгилаб бордилар. «Мана бу дарахтга қаранг, бир томони гуллаяпти, бошқа шохи ҳали ухлаяпти, учинчи шох эса энди гуллаш олдидан. Бу ўрик дарахтида 5 хил нав пайванд қилинган». Буниси ҳали ҳолва экан. Боғ этагидаги ўрикда 11 хил нав пайвандланган: моҳтоби, руҳижонон, хасакиси, қандак... Буларнинг барини Муқимжон Орифийнинг ўзи пайванд қилган. «Ҳаммаси бир йилда пайванд қилинмаган. Ҳар йили қўшиб-қўшиб борилаверган. Баъзилари пишиб тугаган вақтда, кечпишари етилиб келаётган бўлади. Мана бунда ҳам тўрт хил ўрик битта дарахтда. Анавинисида икки хил навдаги ўрик».  

Боғбон фақат олмаларини касаллик енгаётганидан таассуфда. Ўртапишар голден олмасига 12 хил олма навини пайванд қилганини шундай эслайди: «Мен унга кечпишар, эртапишарларини ҳам пайвандладим, кўтаролмади. Касал бўлди. Шунда тирик шохлари йўқолиб кетмасин деб, новдаларни олиб алоҳида ўтқаздим. Вайсинаб деган олмамиз жуда чиройли бўлди. Бироқ, иккинчи, учинчи йили вайсинаб ҳам худди ўша касаллик билан қуриб кетди».

«Бобурнома»да Самарқанд олмаси таърифини эслайсизми? Шу навни эринмасдан Бойсундан топиб, олиб келган шу Муқимжон ака бўлади. Буёғида олмалари энди касал бўлмасин.

Гулханий боғидаги ноёб дарахтлардан бири Тасбеҳ дарахти. Танаси қип-қизил. Ёғочидан яхши мебель чиқаркан. Меваси қобиғи очилганда, ичидан тайёр, игна ўтказса бўладиган тешиги бор тасбеҳ донаси чиқади. «Италияда Таскана деган водий бор. Ўша водийда ўсади бу дарахт. Италияда бўлганимда бир неча дона уруғи, яъни тасбеҳ донасини олиб келганман. Экдим, ҳосил қиларди. Ўтган йили қиш қаттиқ келганида совуқ урди, лекин мана тагидан яна чиқаяпти». Маълум бўлишича, битта уруғдан (дейлик, мунчоқдан) 3-4 та кўчат унаркан. Муқимжон ака ҳар йили ўрказадиган хайрия тадбири доирасида Тасбеҳ дарахтининг юзлаб уруғини тарқатган.

Гулханий боғида ўрмон ёнғоғи – фундук ҳам гуллаган. Фундукдан ҳар йили мева олинаётгани, бизнинг шароитда фундук бўлмайди деган фикрларга қарши исбот тариқасида айтилди.    

Боғдан япон анори, форзиция, бузина, Хитой бамбуки каби ўнлаб буталар ҳам жой олган. Уларнинг ҳар бирининг ўзлиги бор. Масалан, ҳуув, гилосга яқинроқ жойдаги Хитой бамбуги – Панданинг емаги...

(Давоми бор)

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг