Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бахтиёр Шералиев

Муаммодан қутулиш учун ундан қочиш эмас, уни ҳал қилиш керак!

Билсам, табибимнинг ўзи бемор экан...

Билсам, табибимнинг ўзи бемор экан...

Фото: ТАСС

Кеча Россиянинг Москва шаҳрида бўлиб турган бир ватандошимиз билан гаплашган эдим. Аҳволи оғирлиги ҳақида ёзиб, нима тавсия қилишим мумкинлигини сўради. Нима бўлди деб сўрасам: «Ўзимдан хавотирдаман, нафас олишим қийинлашган, таъм ва ҳид сезмаяпман, ҳолсизлик, бош айланиши, кўп терлаш, томоқ қуриши, кўзлар қизариши. Нима маслаҳат берасиз?» деб жавоб берди.

Ушбу саналган белгиларнинг деярли барчаси коронавирус юққанида ҳам юз беради. «Квартирада 9 кишимиз, 6-7 кишида шунақа ҳолат бўляпти» дейди. Вақтни ўтказмай, эртага тонгдаёқ шифохонага бориб вирусга тест топширинг, бу ҳолат ҳазил эмас деб жавоб бердим.

Бугун яна боғланиб, ҳол-аҳвол сўрадим. Нима бўлди, деб тестнинг натижасини сўрасам, «Докторга телефон қилсам, агар сизда тана ҳарорати баланд ва тинимсиз йўтал бўлмаса, юқори эҳтимоллик билан гриппсиз демоқда» деб жавоб берди. Бу ватандошимиз шу ҳолат бошланганидан бери 4-5 хил антибиотиклар, тана ҳароратини туширувчи дорилар ичган. Ушбу дорилар тана ҳароратини туширган бўлиши мумкин, бундан ташқари тана ҳарорати 86 фоиз вирус юқтирганлардагина чиққан, лекин 13-14 фоиз одамга умуман чиқмаган. Буларда ҳам шундай бўлиши мумкин. Суҳбат давомида маълум бўлдики, жуда кўплаб мигрантлар билан худди шунга ўхшаш ҳолат бўлаётган экан. Тез ёрдамга телефон қилинганда, уларга ҳам шудай жавоб беришибди.

Москвадаги ҳолат бўйича ўша ердагиларнинг фикр билдиришича, шаҳарда коронавирусга чалинганларни текшириш учун тест билан боғлиқ муаммо мавжуд, таъминот яхши эмас. Фақатгина энг оғир ҳолатдагиларни қабул қилишмоқда. Бу нимани билдиради, бу дегани Россиянинг ўзида ҳам тиббий персонал ва таъминот билан боғлиқ жуда катта етишмовчилик мавжуд. Бу ҳақида пандемия бошланган вақтда Хитойдаги рус гуруҳларида ҳам гап бўлган эди ва руслар бир-бирини Россияга қайтмасликка чақирганига гувоҳ бўлган эдим. Масалан, Хитойда тана ҳароратингиз 37,3 градусдан ошса ёки вируснинг бирор аломати сезила бошланиши билан оёғингизни ерга теккизмай, атрофингизда бўлган одамларни ҳам қўшиб олиб кетишади, Россияда эса бунақа ҳолат.

Россиянинг ўзи шу қадар бечараҳол экан, ўзидаги вирусга шубҳаланаётганларни текшириш имкони йўқ экан, Марказий Осиё давлатларининг ОАВлари нега «Россия бизга текинга 10 мингта тест юборди» деб мақтаниб ётибди? Табибимизнинг аҳволи ўзи афтодаҳол эканку, нега бизга «ака»лик қилишга уринмоқда?

Мана шундай ҳолатда бўлган ватандошларимизга Россиядаги Ўзбекистон элчихонаси ва консуллиги қандай ёрдам бера олади? Ўзбекистондан ташқарида бўлса ҳам улар бизнинг фуқароларимиз, уларнинг саломатлиги биз учун муҳим бўлиши керак! Мен билан боғланган мигрантларнинг молиявий ёрдамга эҳтиёжлари йўқ. Муаммо уларни касалхона қабул қилмаётганида, ёрдам бера олиш имкониятини билганлар боғланишса, уларнинг контактини беришим мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг