Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бахтиёр Шералиев

Муаммодан қутулиш учун ундан қочиш эмас, уни ҳал қилиш керак!

Коронавирус қандай жиловланди? Пандемия Жанубий Корея мисолида

Коронавирус қандай жиловланди? Пандемия Жанубий Корея мисолида

Фото: АиФ

Ўз вақтида Жанубий Корея Хитойдан кейинги ўринда турувчи энг йирик вирус ўчоғи деб белгиланган эди. Февраль ойининг охирида вирус юқтирган супертарқатувчи (31-бемор) ҳисобига вирус ўша вақтда Жанубий Кореяда бирданига кескин ошиб кетганди. Буни қуйидаги эпидемия гистограммасидан ҳам кўрсангиз бўлади.

2 март куни мамлакатда эпидемиянинг энг чўққисига чиққани қайд қилинган. Март ойининг ярмига келиб эпидемия тўлқини сезиларли равишда пастлаган. Икки ҳафтада эпидемияни бундай муваффақиятли тарзда жиловлаш қуйидаги уч омилга боғлиқ бўлди деб ҳисоблайман:

1) Мамлакат томонидан касалланганларни зудлик билан карантин ҳудудига қамраб олиш;
2) Касалланганлар, улар контактга киришганлар, контактга киришганлар билан контактда бўлганларни тестдан ўтказиш;
3) Аҳолининг карантин қоидаларига амал қилиши;

Мана шу уч жиҳатни мамлакат жуда тез амалга оширди ва эпидемия тўлқини жиловини ўз қўлига ола билди. Жанубий Корея соғлиқни сақлаш тизими эпидемия авж олишни бошлаши билан бир вақтнинг ўзида кўп одамни тестдан ўтказиши уларнинг энг катта ютуғи бўлди. Улар айни кунгача ярим миллиондан ортиқ одамни тестдан ўтказишга муваффақ бўлишди. Мана шу боис ҳам Жанубий Кореядаги вирус юқтирганлар сони 10 мингта атрофида бўлиб турибди. Жуда кўп давлатлар, жумладан, АҚШ, Италия, Испания, Германия, Франция каби давлатлар ҳам ўз вақтида бу усулдан фойдаланганда эди, бу қадар кўп вирус юқтирганлар бўлмасди. Улар оммавий тест ўтказишда анча кеч ҳаракат қилишди.

Хўш нега унда ҳозир ҳам Жанубий Кореяда эпидемия давом этмоқда?

Ҳақиқатан ҳам, сўнгги 10 кундан бери ҳар куни мамлакатда 27-94 оралиғида янги ҳолатлар қайд этиб турилибди. Бу ҳолатни ҳам икки хил изоҳлаш мумкин:

1) Иммунитети кучлиларда вируснинг инкубацион даври узоқ давом этади ёки баъзан касаллик ҳеч қандай симптомсиз кечади, мана шундай ҳолатдаги кишилар вирус юқтиришда давом этмоқда.
2) Карантин қоидалари нисбатан юмшаган ва одамлар эркин ҳаракатланиш, ўзаро жисмоний масофа сақлашга тўлиқ риоя қилмаяпти.

Ҳар икки ҳолатда ҳам Жанубий Кореяда аҳвол кундан кунга яхшиланиб бормоқда. Айни вақтда мамлакатда умумий вирус юқтиргани тасдиқланганлар сони 10 480 нафарни, ундан батамом тузалиб кетганлар 7 243 нафарни, вафот этганлар 211 нафарни (2,01%) ташкил этмоқда. 14 070 нафар киши эса вирус юқтиргани эҳтмоли билан карантин ҳудудида қолмоқда. Менинг тахминимча ёзга бормасдан ушбу мамлакат Хитой каби эпидемияни ортда қолдиради. Кореяда бўлиб турган ватандошларимизга ўзингизни асранг, деб қоламан. Корейс шифокорларининг жасорати ва ҳаракатларига эса тасанно айтмасдан илож йўқ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг