Барча харидлар янада шаффоф тизимга ўтказилади
Кейинги йилларда юртимизда давлат харидларини шаффоф амалга ошириш мақсадида коррупцияга қарши курашиш тизими, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари янгиланди. Албатта, ушбу тизимни ривожлантириш, барча харидларни қонуний ва ҳалол ўтказиш мақсадида, соҳада замонавий технологияларни қўллаш яхши самара бермоқда.
Буни инобатга олган ҳолда «Микрокредитбанк» АТБ тижорат банклари ичида биринчи бўлиб, банкка зарур бўлган товар ва хизматлар бўйича харидлар режасини рақамлаштиришни йўлга қўйди.
Натижада банкнинг iABS дастурида янги модул яратилиб, тест режимида амалиётда қўлланилмоқда. Бунда банкнинг йиллик харид режасини Бош офис ва ҳудудлар кесимида электрон шакллантириш, харидларни амалга оширишни марказлашган ҳолда ташкиллаштириш ва бу билан харажатлар тежамкорлигини ошириш таъминланади. Энг асосийси, товар ва хизматларни харид қилиш шаффоф бўлиб, манфаатлар тўқнашувининг олди олинади.
Шунингдек, лойиҳа доирасида махсус порталлар — exarid.uzex.uz, XT-xarid.uz, cooperation.uz ҳамда etender.uzex.uz порталлари билан интеграция қилиш орқали ушбу платформалардаги банкнинг харид жараёнлари iABS дастурида реал вақт режимида кўриниб туради.
Маҳсулот етказувчи ҳамда хизмат кўрсатувчиларга очиқ ва шаффоф тарзда ўз хизматларини таклиф қилиш имконияти яратилади. Бунда банк биноларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари бўйича давлат харидларини «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими орқали инсон омилисиз ўтказиладиган электрон тендер (танлов) савдолари орқали амалга оширилади. Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан Давлат харидлари соҳасида фойдаланиладиган товарнинг (ишлар ва хизматларнинг) ягона миллий классификатори орқали маълумот алмашиш йўлга қўйилади.
Асосийси, бу жараёнларда инсон омили иштирок этмайди. Натижада эса манфаатлар тўқнашуви, коррупция, таниш-билишчилик деган иллатларга ўрин қолмайди. Бу каби рақамлаштириш ишлари келгусида банк омборхоналарида ҳам амалга оширилиши режалаштирилмоқда.
Банк Ахборот хизмати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter