Амир Олимхоннинг шахсий шифокори: оломон уни тошбўрон қилиб ўлдирган

Тарихий манбалардан амир Саййид Абдулаҳадхоннинг тўнғич ўғли – Бухоро амири Саййид Олимхон умрининг охирини оғир хасталикда – кўзи ожизликда ўтказгани кўпчилигимизга маълум. Бу ҳақда «Xabar.uz» да эълон қилинган «Мен қашшоқликдан садақа сўраб юрган гадо эмас, Ватан гадосиман...» — Ватан, дея ватансиз қолган Бухоро амирининг армони» мақоласида ҳам қайд этиб ўтилган эди.
Мақола эълон қилингач, ҳақиқатан ҳам Бухоро амири умрининг сўнгини оғир хасталикда ўтказгани, унинг шахсий шифокори ҳам борлиги хусусида бир нечта тарихчи олимлардан муносабатлар келди. Тошкент давлат педагогика университети доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Шавкат Бобожоновнинг «Xabar.uz»га билдиришича, амирнинг асосий шахсий шифокори рус миллатига мансуб аёл бўлган.
Маълумки, Бухоро амирлигида олий ҳукмдор – амир хизматида жуда кўплаб лавозим ва мансаб эгалари туришган. Амирнинг кун тартиби, ибодат вақти, илм ва қироат соати, хавфсизлиги баробарида соғлиги масаласи ҳам асосий эътиборда бўлган. Шу сабабли бу ишга тажрибали, ҳар томонлама зеҳнли, тиб илмидан чуқур бохабар кишилар тайинланган. Сарой табиби саналган бундай инсонлар зиммасига «амирнинг хос шифокори» деган масъулият ҳам юкланган. Бухорода энг машҳур табибни Ҳакимча, деб чақиришган. Мулло Қурбон исмли табиб ҳам мамлакатда маълум ва машҳур бўлган.
«Манғит сулоласининг тўққизинчи амири Абдулаҳадхоннинг шахсий табиблари орасида рус шифокори Ракитская ҳам бўлиб, у амир Олимхонга Россия императори томонидан ҳадя этилган. Айрим маълумотларга кўра, у Амир Олимхон ҳузурига Россия императори Николай II томонидан юборилган. Лекин, архив материаллари уни 1898-1899 йилларда Бухорога келганини кўрсатади. У Санкт-Петербургда сарой театрининг энг гўзал раққосаси бўлиб, тахминан 19 ёшлигида амир ҳузурига юборилган, сулув раққоса бўлиш билан бирга, табобатдан ҳам хабардор бўлгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Ракитская Бухорода тожиклар орасида «духтир Шо», «духтури Шоҳ» яъни шоҳнинг шифокори, руслар орасида «дохтуршах», «докторша» номлари билан танилган», - дейди Шавкат Бобожонов.
Садриддин Айнийнинг «Эсдаликлар»ида ёзилишича, Ракитская 50 ёш атрофида бўлиб, ёшлардек кийинган ва пардоз-андоз қилиб юргани учун 30-35 ёшлар атрофида кўринган. «Духтуршоҳ» Гавкушон гузаридан уй олган бўлиб, уни европача усулда қайта тиклаган. Лекин ўз уйида ҳеч вақт касалларни қабул қилмаган. Бойлар ва уларнинг ўғиллари «Духтуршоҳ» учун фойтун юборишган, у эса тунда уларнинг хонадонига бориб даволаган.
«Дастлабки йилларда Ракитская фақат Амир Абдулаҳадхонни, амалдор ва савдогарларни даволаган. 1901 йилда Бухоронинг эски шаҳридаги рус-тузем шифохонасига, 1903 йилда мазкур шифохонанинг аёллар бўлимига масъул бўлиб, мазкур лавозимда 9 йил ишлаган. 1912 йилда фақат бой қатлам вакилларига хизмат кўрсатади, деган айблов билан шифохона раҳбари ўринбосари лавозимидан озод қилинган. Бухоро аҳолиси, қуйи табақа вакиллари, камбағалларга эътибор қаратмаган. Шундай бўлса-да, бутун Бухоро аҳолиси орасида касалларни яхши даволаши билан машҳур бўлган. Маҳаллий аҳолининг талаби билан узоқ муддатга бўлмаса-да, ўз лавозимида қолдирилган. 1912 йил кузидан аёллар шифохонасига раҳбарлик қилмай қўйган. Маҳаллий тилни яхши билган, тожик тилида эркин гаплаша олган «Духтуршоҳ» амир ўрдасида юқори мавқега эга бўлган. Айрим ҳужжатларда кўрсатилишича, ўзини шифокор, деб ҳисоблаган Ракитская яхши тўлайдиган бой аҳолини даволаган. Уларни даволаш жараёнида тажрибасини ошириб борган. Маҳаллий савдогарлар орасида катта шуҳрат қозониши билан бирга, амир Абдулаҳадхоннинг доимий ҳомийлигида бўлган. Бир жойдан иккинчи жойга амир тайинлаган фойтунда, извошчи кузатувида олиб борилган», - ҳикоя қилади Шавкат Бобожонов.
Суҳбатдошнинг сўзига кўра, Амир Абдулаҳадхон Ракитскаяга қаттиқ ишонч билдириб, ундан тиббий ёрдам олиб турган. Ҳатто, тиббий ёрдам кўрсатмагани ҳақида арз қилиб, унинг ишдан бўшатилишини сўрашганда ҳам амир Абдулаҳаднинг фармони ва қозикалон илтимоси билан А.С.Лютшдан Ракитскаяга ҳеч қандай жазо чораларини кўрмаслигини сўраган. Ракитская амбулатория қабулини совуққонлик билан олиб борган, қабулни эрта тугатган ва узоқ қишлоқлардан келган беморларнинг илтимосига, умуман, қулоқ тутмаган. Беморлар унинг қабулида суткалаб кутиб қолган. Шундай бўлса-да, рус шифокор аёли Бухорода қолиб, амирнинг оилавий шифокори сифатида фаолият кўрсатаверган.
«Духтуршоҳ», ҳатто, мамлакат бош вазири ҳисобланган Останақул Қушбегини ҳам даволашни рад этган. Шунингдек, у амбулатор қабулларни камайтириб юборган, фақатгина уйма-уй буюртмаларга борган. Уни Мирзо Насрулло Қушбеги эски лавозимида қолиши учун қўллаб турган.
Бухорода ўн-ўн икки фойтун ва беш-олти араваларга эга Жўра карвонбой, деган киши бўлиб, аравакашлари унинг хизматида бўлишган. Жўра карвон ҳам «Духтуршоҳ»да даволаниб, унинг доимий мижозига айланган. Ракитская амалдор билан яқин дўст бўлгач, ундан инглиз эгар-жабдуқларига эга иккита учқур от сотиб олган ва Жўра карвоннинг отбоқарлари ғамхўрлигида унинг отхонасида сақлаган.
«Ҳар куни Жўра карвон «Духтуршоҳ»нинг вақтига қараб, соат 3-4 ларда отлардан бирига ўзи, иккинчисига чавондози миниб докторнинг уйига борган. «Духтуршоҳ» Жўра карвон билан отга миниб, шаҳардан ташқарига чиқиб кетган ва тунда, яъни бойлар доктор учун фойтун жўнатадиган пайтгача қайтиб келадиган бўлган. Шифокор Пензяковнинг маълумотига кўра, Ракитская Жўра карвонни даволагани учун у билан яқин муносабатда бўлган. «Духтуршоҳ» шаҳар ташқарисида доим отда ёки фойтунда Жўра карвон билан бирга юрган. Жўранинг ўзи ўнга яқин фойтун ва отларни, хизматчиларни унга инъом этган. «Духтуршоҳ» Амир Олимхон Бухорони тарк этгандан сўнг ҳам ушбу шаҳарда ўн йилча истиқомат қилган эмиш. Лекин бу ҳақиқатга тўғри келмайди, у 1930 йилгача шаҳарда яшамаган. 1918 йилнинг мартида Колесов воқеалари пайтида хонликда татар, рус, жадидларга қарши фитна кучайган. Ракитская Амир Олимхон яшайдиган Мохи Хоссага Жўра карвон билан қочишни ният қилган. Аммо, Ситораи Моҳи Хосса саройи йўлида бир гуруҳ диний уламолар, оломон томонидан тош ва таёқлар билан уриб ўлдирилган. Иккаласи кўплаб инсонлар қаторида талатўплар қурбонига айланишган», - сўзида давом этади Шавкат Бобожонов.
Архив материаллари ва илмий адабиётлардаги маълумотлар хронологиясидан аён бўлмоқдаки, «Духтуршоҳ» сўнгги икки амир – Абдулаҳадхон ва Саййид Олимхон даврларида Бухорода фаолият юритган. Ўзига юқори бино қўйгани, оддий халқни менсимагани, уларнинг мурожаатларига қулоқ тутмаслиги, фақат бадавлат аҳоли вакиллари хизматига шошгани сабаб халқ нафрати қурбонига айланган. Ҳатто, оғир аҳволда жарроҳлик столида амалиётни бошлаш учун кутиб турган беморларга ҳам бормаган. Ҳомиладор аёлларга туғруқ ёрдамларини кўрсатмаган. Оқибатда қаҳр-ғазаби ошган оломон томонидан жазоланган.
Суҳбатдошнинг айтишича, Ракитскаянинг амир ҳарамида раққосалар таркибида бўлган ёки бўлмагани номаълум.
«Балки гўзал ва мафтункорлиги сабаб ҳарамга чақириб турилгандир, аммо, созандалик санъатидан бохабарлиги бизга қоронғу. Бу борада чуқурроқ тадқиқот олиб бориш, кенг қамровдаги ҳужжатлар билан танишиш Ракитская фаолияти билан боғлиқ янги маълумотларни ошкор қилиши мумкин. Бухорода Ракитскийдан ташқари, бошқа кўплаб рус шифокорлари янги очилган касалхонада фаолият юритган. 1888 йилда Е.С.Брейтман, 1889 йилда И.Ф.Пензяков, 1898 йилда Е.М.Финкельштейн ва фармацевт П.И.Рейнгард шаҳарга келиб, шифохонада ишлашган. Рус тузем шифохонасининг аёллар бўлимида Ракитскаядан кейин С.В.Грачев-Тарновский, Ю.М.Хаитлар раҳбарлик қилишган. Бухоронинг Эски шаҳар қисмидаги шифохона Шайх Жалол дарвозаси олдида бўлиб, унда олти нафар тиббиёт ходими, хусусан – Е.Н.Мендельшвам (бош шифокор), А.С.Фрейк (ҳамшира), С.В.Мецберг (ҳамшира, таржимон) хизмат кўрсатган. Янги шифохона эса Бозори чўб (ўтин бозори) кўчасида ташкил этилган», - дейди Шавкат Бобожонов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter