Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шерали Отабоев

Қўрқоқлардан қўрқаман.

«Ипподром» атрофини «ёйма»чилар эгаллаб олишди. Уларнинг раҳнамоси ким? (видео)

«Ипподром» атрофини «ёйма»чилар эгаллаб олишди. Уларнинг раҳнамоси ким? (видео)

«Бу ерни бизга беришган» ёхуд дардини дастурхон қилишни қойиллатаётган «ёйма»чилар ортида ким турибди?

Ижтимоий тармоқларда замонавий ва гавжум бозорларимиз атрофи ноқонуний ёйма савдо расталари билан тўлиб кетаётганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалмоқда.

Унда айтилишича, зўравон аёллар катта йўл атрофларини эгаллаб, савдо қилишни ҳам бошлаб юбораётган.

Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида «Ипподром» деб аталувчи бозор мажмуаси атрофини ўргандик ва катта йўл устиларида ҳам расталар пайдо бўлганига гувоҳ бўлдик. Улар ҳатто машиналар қатновига ҳам халақит қилмоқда.

Бир дўконда 3-4 нафар ёлланма сотувчилар ҳам бўлиб, улар махсус чодирларда бозор атрофида тунаб ҳам қолишаётган экан.

Биз уларни тадбиркор деб атамай турамиз. Чунки ҳозирча уларда тадбиркорлигини исботловчи бирор асос йўқ.

Аввало мазкур ҳолатга аниқлик киритиш учун бозорлар маъмуриятидан муносабат сўрадик.

Бунёд Ҳамидов, «Тошкент савдо маркази»нинг матбуот хизмати бўлим бошлиғи:

– «Тошкент савдо маркази»нинг олдида пайдо бўлган ёйма савдо жойларининг бозоримизга умуман алоқаси йўқ. Шаҳар ҳокимиятига тегишли бўлган пиёдалар ўтиш жойи, ерости йўлларини сотувчилар ўзбошимчалик билан эгаллаб, ноқонуний савдо билан шуғулланиб келишади. Кадастр ҳужжатларидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, биз уларга дахл қилишга ҳаққимиз йўқ. Бу бўйича Чилонзор туман ҳокимияти, солиқ идоралари, Ички ишлар бўлимлари масъулиятни ўз зиммаларига олиши керак. «Тошкент савдо маркази» раҳбарияти ушбу тадбиркорларга бозор ичкарисидан қонуний савдо қилиш учун ижарага жой таклиф қилишганида ҳам рад этишди.

Дилмурод Аҳроров, «Бек барака» МЧЖ директори ўринбосари:

– «Бек барака» бозорининг олдидаги ҳудуд шаҳарга қарашли бўлса-да, ҳар куни ходимларимизни олиб чиқиб, тозалаб турамиз. Аммо бу иш осон эмас. Жойларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлар ходимларимизни тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатиш билан таҳдид қилиб туришади. Шунга қарамасдан бозоримиз атрофини тоза сақлаб турамиз.

Муҳиддин Иноятхўжаев, «Бинкат траде» МЧЖ директори ўринбосари:

– Бозоримиздан ташқари ҳудуд Чилонзор туманига қарашли. Биз уларни кўп бор тартибга солмоқчи бўлдик, аммо имкон қила олмаяпмиз. Бозор раҳбарияти ва ходимларимиз билан ҳаракат қилдик. Аёллар гуруҳ бўлиб ёпишишади. Катта йўлдаги машиналар қатновига ҳам, бозоримиз кириб-чиқиш қисмига ҳам халақит қилаяпти.

Дарҳақиқат, учта бозор маъмуриятининг уч хил жавобини эшитдик. «Бек барака» бозори раҳбарияти бозор рўпарасида ёйма савдо жойлари ташкиллаштирилишига йўл қўймаслигини таъкидлади. Ҳаттоки, ички ишлар ходимларини ёллаган ҳолда тартиб-қоидани сақлаётган экан.

«Чинни бозор» номи билан танилган «Binkat trade» МЧЖ раҳбарияти эса бозорнинг олдини тозалашга қурби етмаётганини билдирди.

Дарҳақиқат, сотувчилар ҳаттоки, бозор автотураргоҳининг машиналар кириб-чиқиш йўлаклари олдига ҳам савдо расталари ўрнатганлигига гувоҳ бўлдик.

Ёйма бозорлар асосан катта йўлнинг қисман усти ва пиёдалар йўлагидан қўним топган. Бу жойлар эса бевосита ҳокимиятга қарашли.

Севара Тўлаганова, Зангиота туман ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари:

– Зангиота тумани ҳудудида ушбу туманга қарашли иккита бозор – «Бек барака» МЧЖ ҳамда Хўжалик моллари ва ҳунармандлар маркази (Чинни бозор) бор. «Бек барака» бозори маъмурияти атрофда ёйма савдо жойлари ташкил этилишига қарши курашиб келади. Зангиота туман сектор раҳбарлари бу ердаги «ёймачи»ларга тушунтириш ишларини олиб борган. Хўжалик моллари ва ҳунармандлар маркази (Чинни бозор) эса катта йўлдан анча ичкарида жойлашган.

Нурилла Абдураҳмонов, Чилонзор туман ҳокими ўринбосари:

– «Ёйма»чиларга «Чилонзор буюм бозори»нинг қаршисидаги янги – «Бешқўрғон» бозорига жойлаштириш таклифини бердик. Уни ораста, замонавий қилиб қурдик, «шу ерда ижара тўлаб, савдо қилаверинглар», десак ҳам кўнишмади. Уларга иш ҳам таклиф қилдик. 3, 4 та таклифларни айтдик. Баъзи фуқароларимиз ишга боришди ҳам, лекин, аммо кўпчилик рад этди. Улар негадир гавжум бозорлар олдидаги ерости йўлидан кетгиси келмайди.

Бу муаммолар пандемия вақтида фуқароларимиз қийналмасин, дея рухсат берилганидан сўнг келиб чиқди. Лекин бу энди тартибга солинади.

Дарҳақиқат, мутасаддилар таъкидлаганидек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан «ёймачи»ларга бошқа бозорлардан жой таклиф қилинган. Аммо бу рад этилган. Балки улар гавжум бозорлар олдида ҳеч қандай тўловларсиз, рухсатсиз савдо қилишни истаётгандирлар?! Шу каби саволларга аниқлик киритиш учун мутасаддиларнинг ва иккинчи тараф – сотувчиларнинг ҳам фикрини эшитдик.

Сотувчилар ҳар хил бозорлардан келгани, улар аввал фаолият юритган бозорларда ижара ҳаққи, солиқ талаб қилингани, бу жойда эса ҳеч қандай тўлов қилишга ҳожат йўқлигини айтишди. Қандайдир йўллар билан жойга эгалик қилиб олинса бўлди, шунинг ўзи етар экан.

Энг қизиғи, жойга қандай эга чиққанлиги биз учун мавҳумлигича қолмоқда. «Бу ерни бизга беришган», деган сўзнинг ортида қандайдир сир яширингандек назаримизда. Ушбу саволга мутасаддиларнинг ўзи жавоб топишади, деган умиддамиз.

Ушбу ноқонуний бозор карантин сабаб савдо мажмуалари фаолияти вақтинчага тўхтатилган даврда пайдо бўлган. Ўша вақтда 50 нафар сотувчи билан бошланган бозорчада бугунги кунда 500дан кўп ўринлар мавжуд. Бу рақам эса шу билан тўхтаб қолгани йўқ. Аксинча тобора катталашиб бормоқда.

Жойларни эгаллаган савдогарлар икки, уч нафардан сотувчи ҳам ёллашган. Ҳаттоки маълум гуруҳларга бошчилар ҳам сайлаб олишган. Бу гуруҳ бошилар юқоридан текширувчи келса, олдига чиқиш ва дардини дастурхон қилиш санъатини қойиллатиб ўйнаб беришмоқда.

Бу нафақат ҳокимликлар, балки Ички ишлар ходимларига ҳам тегишли бўлган муаммо. Ҳолат бевосита Чилонзор Ички ишлар бўлимига тегишли бўлгани боис уларга ҳам мурожаат қилдик. Аммо Чилонзор туман ички ишлар бошлиғи ўз раҳбарининг рухсатисиз ҳеч бир сўз дея олмаслигини айтиб, муносабат билдиришни рад этди. Раҳбари эса ўзидан юқоридаги раҳбардан рухсат олиши зарур экан. Қисқаси, калаванинг учини топишни тўхтатиб қўя қолдик. Аммо бу масалада бари бир Ички ишлар вазирлигининг муносабатидан умид узмаймиз.

Шу ўринда яна бир савол: сотувчиларнинг «Бу ерни бизга беришган», деган гапига аниқлик киритиладими? Ноқонуний жойларни ким, қачон ва қайси йўл билан берганлигига аниқлик киритилса, ўйлаймизки, ёйма бозорлар масаласига ҳам ечим топилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг