Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Рустам Жабборов

Ё аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл! (Жалолиддин Румий)

Нил Армстронг ойда азон овозини эшитганми?

Нил Армстронг ойда азон овозини эшитганми?

Армстронгнинг ойга қадами чиндан ҳам инсоният тарихида жуда катта ҳодиса бўлди.

Фото: «russiahousenews.info»

Машҳур шов-шув замиридаги мавҳум мақсадлар

Муқаддас динимиз ва унинг асосий китоби саналмиш Қуръони каримнинг мўъжизалари ҳақида жуда кўп эшитганмиз, ўқиганмиз. Аллоҳнинг каломидаги ҳар бир оят ўзида беҳад маъноларни, мантиқ ва мушоҳадаларни жо этгани ҳам ҳеч ким сир эмас. Шу пайтга қадар Қуръонда зикр қилинган кўплаб илмий ҳодисалар асрлар ўтиб, илм-фан томонидан эътироф этилган.

Бироқ кўпинча машҳур инсонларнинг илмий мўъжизалар туфайли исломни қабул қилганлари ҳақидаги шов-шувларнинг барига бирдек ишониш тўғри эмас. Айниқса интернет ва ахборот коммуникациялари шиддат билан ривожланаётган бир пайтда жаҳон таниган машҳурлар (Жан Рэно, Роуэн Аткинсон, Майкл Жексон, Брижит Бардо, Мэл Гибсон ва ҳоказо) ҳақида шов-шувлар жуда катта мулоҳазаларга сабаб бўлганди.

Аслида инсонга парвардигор томонидан ақл аталмиш буюк неъмат ва танлаш ҳуқуқи берилган. Ҳар бир инсон ўз фитрати, дунёқараши, ақл-идрокига мос динни ўзи танлаб олаверади. Кимдир дин сифатида исломни танлар экан, бу фақат ва фақат унинг ўзига фойда қилади. Динимизнинг бундай пиарга асло эҳтиёжи йўқ.

Биз бугун бир неча ўн йиллар давомида мусулмонлар орасида катта шов-шувга сабаб бўлган хабар – Нил Армстронгнинг Ойда азон эшитиши ва ислом динини қабул қилиши билан боғлиқ масала хусусида тўхталмоқчимиз.

Инсониятнинг улкан қадами

Нил Олден Армстронг америкалик машҳур олим ва астронавт бўлиб, 1930 йил 5 август куни Оҳайо штатининг Уапаконета шаҳарчасида туғилган. Унинг томирида шотланд, ирланд ва немис қони оқади. 1947 йилда Пердю университетининг авиация саноати факультетига ўқишга киради. Ўқишни битириб АҚШ ҳарбий ҳаво кучларида ҳарбий хизматни ўтаган Армстронг Корея урушида ҳам қатнашган.

1969 йилнинг июль ойида «Аполлон-11» ксмик кемаси экипажи таркибида коинотга парвоз қилади. Шу йилнинг 20 июль куни ўз шериги Базз Олдрин билан биргаликда Ойга қадам қўяди ва ушбу машҳур иборани айтади: «Бу бир инсоннинг кичик қадами, бироқ инсониятнинг улкан қадамидир».

Армстронгнинг бу ҳаракати чиндан ҳам инсоният тарихида жуда катта ҳодиса бўлди. Армстронг дуннёнинг энг машҳур инсонлари қаторидан жой олди. У астронавтлик фаолиятига якун ясаганидан кейин бир муддат Цинциннати университетида дарс берди. Би-би-сининг «Сайёралар» дастурида эксперт сифатида иштирок этди. 2012 йил 25 август куни узоқ давом этган хасталикдан сўнг Цинциннати шаҳрида ҳаётдан кўз юмди.

Ой ҳақидаги афсона

Энди мусулмонлар орасида катта шов-шувга сабаб бўлган, ҳатто жуда кўп газета ва журналларда босилган, гўё ростдан юз бергани айтиладиган воқеани бир эслатиб ўтсак.

«…Воқеа Мисрда содир бўлганди. 1983 йилнинг февраль ойида Нил Армстронг Қоҳирага бир халқаро анжуманда иштирок этиш учун келади. Бу унинг нафақат Миср, балки ислом оламига илк ташрифи эди. Йиғилишнинг биринчи қисми тугагач, аллақандай таниш, оҳангдор овозни эшитган Нил мезбонларга юзланиб, бу қандай овоз эканини сўради. Мезбонлар бу азон товуши эканини, худди насронийлар қўнғироқ овозини эшитиб черковга шошилганлари сингари мусулмонлар шу овоздан сўнг масжидга ошиқишларини айтишди.

Шундан сўнг Армстронгнинг берган жавоби мисрликларга худди очиқ осмондаги яшиндек таъсир қилди: «Мен Ойга илк бор қадам қўйганимда бу овозни эшитгандим. Ўша пайтда бутун вужудим жимирлаб кетганди. Аввал қулоғимда шовқин турди, кейин аллақандлай ёқимли туйғуларни ҳис этдим».

Ҳамма лол қолганди. Гувоҳларнинг айтишича, девордек оқариб кетган Армстронг шундай деган: «Ё Аллоҳ, мен сени Ерда эмас, Ойда топдим». У бир неча сония жим қолди ва қўшиб қўйди: «Мен Ойга илк бор ибодатсиз қадам қўйгандим. Энди ҳар куни Яратганга ибодат қиламан. Сиз мени мусулмон деб ҳисоблашингиз мумкин».

Ростми ё ёлғон?

Бу хабар кўп ўтмай бир қатор мусулмон давлатларида, жумладан Малайзия, Индонезия, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистоннинг турли матбуот нашрларида, радио ва телеканалларида тарқалди.
Гарчи жуда кўп олимлар, ҳатто Армстронгнинг ўзи ҳам кейинчалик бу хабарнинг нотўғри экани, Ойда азон овозини эшитмагани, ўзи ҳам эътиқодини ўзгартирмаганини айтиб чиққан бўлса-да, бу борадаги шов-шувлар тўхтамади.

НАСАнинг расмий саҳифасида инсоннинг Ойга илк парвози вақтида қайд этилган аудиоёзув эълон қилинган бўлиб, у ерда номаълум тилдаги бирор овоз эшитилмайди. Маълумотларга кўра Нил Армстронг ва унинг шериги Олдрин Ойга қўниши билан аввал ҳалокатга учраган «Аполлон-1» кемасининг аъзолари хотирасига бир дақиқа сукут сақлашган. Кейин Олдрин «Янги аҳд»дан парча ўқиб ибодат қилган.

1983 йил 14 июлда Нил Армстронгнинг ёрдамчиси Вивиан Вайт турли матбуот нашрларида буюк астронавтнинг эътиқодини ўзгартиргани ҳақидаги фикрларни инкор этиб баёнот берди. Унда Армстронгнинг Ойда азон овозини эшитмагани, ислом динига кирмагани айтилади.

2005 йил Нил Армстронг ўз таржимаи ҳолида бу воқеани шундай шарҳлаганди: «Кўпчилик исломий ташкилотлар мени ўз аъзоси деб ҳисоблайди. Менинг мусулмон бўлганим ҳақидаги гап-сўзлар мен ҳақимда одамлар орасида тарқалган ҳақиқатдан йироқ хабарлардан биридир».

Худди ўша йили Малайзияда бир форумда иштирок этган Армстронг яна шу масалага тўхталиб ўтади. У фазогирликка даъвогар мусулмон учувчиси Саид Закариёнинг саволига жавоб бераркан, Ойга илк бор қадам қўйгани унинг ҳаётидаги энг бахтли ва унутилмас лаҳзалар эканини айтиш баробарида, у ерда азон товушини эшитгани ва исломни қабул қилганини инкор этган.

Кейинчалик мусулмон шайхларидан бири саудиялик олим Муҳаммад Солиҳ Мунажжид ҳам бу хабарнинг ёлғонлиги ҳақида фатво чиқарган.
«Биз бу воқеани ҳар тарафлама ўрганиб чиқдик ва унинг ҳақиқатга зид эканини аниқладик, — дейилади фатвода. – Агар бу гап рост бўлганида, Армстронг жим турмас, бутун дунёни исломга даъват этган, турли исломий телеканаллар уни ўз дастурларига чақирган бўлардилар. Бу хабарни динимизга нисбатан шубҳа уйғотиш, мусулмонларнинг қалбларида фитна чиқариш мақсадида ислом душманлари ўйлаб чиқарган бўлишлари мумкин».

Бу афсона қандай тўқилган?
Бу ҳақда узоқ йиллар НАСАда фаолият кўрсатган мисрлик олим Форуқ Бозз Базз шундай хотирлайди.
«Одатда фазогирлар жуда художўй бўлишади. Чунки улар ҳеч ким қадам босмаган жойга Аллоҳга таваккал қилган ҳолда қадам қўйишади. Бунда уларга Яратгандан бошқа ҳеч ким мадад беролмайди.
Армстронг ва Олдрин ҳам ўзлари билан бирга фазога Инжилни олиб чиқишганди. Мен уларга Қуръони каримнинг «Фотиҳа» сураси битилган варақни тутқаздим. Улар бу варақни олиб «жуда соз, ўзимизни асраш учун қўлимизда барча воситалар бор» деб фазога учишди.

Улар қайтиб келишгач, матбуот анжуманида журналистларга «биз фақат Инжил эмас, Қуръони каримнинг бир қисмини ҳам олиб чиқдик» дейишган. Шунда журналистлар «Сиз Қуръони каримни ҳам Ойга олиб чиқдингизми?» деб сўрашган. Фазогирлар «Ҳа. Ерда қолган мутахассисларимиздан бири Форуқ бизга «Фотиҳа» сурасини берганди» дейишган. Бу хабар тезда матбуотда тарқалди. Мисрда араб тилига ўгирилиб маҳаллий газеталарда босилди. Кейин бу хабар Эрон, Афғонистон сингари давлатларга ёйилди. Ҳиндистондаги мусулмон газеталарида илк бор «Ой сатҳида азон овози эшитилди» деган хабарлар пайдо бўлди. Бор гап шу! Агар Ойда азон овози эшитилганда, НАСАнинг ўша пайтдаги масъул ходимларидан бири сифатида бу ҳақда мен биринчилардан бўлиб хабардор бўлардим».

Шу пайтгача тарқалган маълумотлардан хулоса қилиш мумкинки, Нил Армстронг ҳам, бошқа фазогир ҳам Ойда азон эшитганини тасдиқлайдиган ишончли далиллар йўқ. Интернет нашрларида 1983 йилда Мисрда ўтказилган илмий анжуманда Армстронгнинг оғзидан шу «ҳақиқат»ни эшитган бирор шоҳиднинг кўрсатмасини топа олмадик.

Яқинларининг айтишича, Армстронг жуда тақводор инсон бўлган, у бошқа дин ва маданият вакилларига ҳам юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатган. Аммо бирор-бир ОАВга берган интервьюсида Ойда азон товушини эшитганини тилга олмаган. ОАВ хабарларига кўра, ҳатто ҳаётининг сўнгги дамларида ҳам Армстронг бу маълумотни инкор этган. Бу ҳолат ҳам турли шов-шувларга йўл очди. «Ғарб дунёси бу ҳақиқатдан юз ўгиришга Армстронгни мажбур қилган» қабилидаги фикрлар ҳам янгради. Барибир мавжуд далиллар бу баҳсталаб мавзуга якуний нуқтани қўя олмайди. Энг тўғрисини Аллоҳ билгувчидир.

Иймон мустаҳкам бўлса...
Албатта, бу билан «буюк бир мўъжиза»ни инкор этмоқчи эмасмиз. Аллоҳ истаса унинг номи коинотнинг ҳар бир нуқтасида янграши мумкин. Аммо бундай «мўъжизалар»ни тўқиб чиқариш ва уларга кўр-кўрона ишониш динимиз нуқтаи назаридан асло тўғри бўлмайди.

Қалби иймон билан лиммо-лим тўла бўлган инсон учун қайсидир бир машҳур инсоннинг мусулмон бўлиши, оламшумул мўъжизанинг содир бўлиши ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. Авваламбор дунёдаги энг кучли олим ҳам, буюк мутафаккир ё ёзувчи ҳам, жаҳонни титратган фотиҳ ҳам Яратганнинг ожиз бир бандаси холос. Киши ўз иймонини тасдиқлаши учун кимнингдир «мусулмон бўлиши»ни кутиш шарт эмас.

Қолаверса, шов-шув кўтариш мақсадида турли «мўъжизалар»ни ўйлаб топаётган, турфа шакл ва тасвирларни «илоҳий калималар»га йўяётганлар билиб-билмай динимизнинг зиёни учун ҳам хизмат қилиб қўйишлари мумкин. Чунки айрим сайтларда бизни «илоҳий мўъжиза» сифатида ҳайратга солган суратлар, видеотасвирлар масхараланганини кўрамиз. Динимиз мухолифлари киноя билан «мусулмонлар ўз динларининг ҳақлигини тасдиқлаш учун шунақа ёлғон исботлар тўқиб олишмоқда» қабилида таъна тошларини ёғдиришмоқда.

Шундай экан, ҳар биримиз ўз иймонимизни мустаҳкамлаш учун бунақа сохта «мўъжизалар»дан мадад кутмайлик. Зотан, Яратганнинг ҳақлиги, динимизнинг мукаммаллиги ҳеч қандай исботга муҳтож эмас.
Шайх Саъдий айтганидек:
Худонинг борлиги исбот этиш номусидин покдур,
Чирой ё шам ёқиб излаб топилур нарсамас офтоб.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг