Туркия президенти Франция раҳбарининг ислом дини ҳақидаги баҳсли фикрига кескин раддия берди
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Франция раҳбари Эммануэль Макроннинг ислом дини хусусидаги баёнотига кескин танқидий муносабат билдирди.
Франция етакчиси Э.Макрон ўтган ҳафта ислом дини бутун дунёда инқирозни бошдан кечираётганини даъво қилган ҳамда «ислом сепаратизми» ҳақида мунозарали фикрлар айтган эди.
Ражаб Тоййиб Эрдўғон ислом инқироз ҳолатида деган иддаони ҳурмат чегараларини бузиш, очиқ провакация деб баҳолаган.
Туркия раҳбарига кўра, европалик айрим сиёсатдонлар ўз камчиликларини яшириш, жамоатчилик эътиборини чалғитиш мақсадида мусулмонларга ҳужум қилмоқда.
«Ички сиёсатда боши берк кўчага кириб қолган ва омади юришмаган европалик етакчилар ўз уқувсизлигини ислом динини нишонга олиш орқали яширишга уринмоқда... Макрон ҳам ислом дунёси инқирози ҳақида гапирар экан, Франция ҳамда француз жамияти дуч келган буҳронни беркитишга интилмоқда», – деди президент Эрдўғон.
Туркия раҳбари, айни чоқда, айрим Ғарб мамлакатларида ирқчилик ва исломофобия давлат томонидан ҳимоя қилинаётганини хавотирли ҳол ўлароқ қайд этган.
Бу ҳол жамиятда тафриқага сабаб бўлишини урғулаган Эрдўғон ҳамкасби Макронга ўзини мустамлакачи губернатор эмас, вазмин давлат арбоби каби тутишни маслаҳат берган.
Туркия ҳамда Франция раҳбарлари Ливия, Ўртаер денгизи, Тоғли Қорабоғ каби масалаларда турли позицияда. Бу ҳол тез-тез кузатилаётган даҳанаки тортишувларга ҳам сабаб бўлмоқда.
Жорий йил август ойида Франция раҳбари президент Эрдўғон юритаётган ташқи сиёсат Европа иттифоқидаги барқарорликни издан чиқаришга қаратилгани ҳақида баёнот берган ва бу борада ЕИ манфаатларини кўзлаб иш тутиш лозимлигини таъкидлаган эди.
2019 йил ноябрь ойида эса Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Франция етакчиси Эммануэль Макроннинг НАТО ҳақидаги баёнотига кескин танқидий муносабат билдирганди.
Франция президенти «The Economist» нашрига интервьюсида НАТО «мия ўлими» ҳолатида эканини қайд этган эди. Президент Эрдўғон эса ушбу нуқтаи назарни асоссиз деб атаган ва Э.Макроннинг ўзи миясини кўрикдан ўтказиш учун шифокорга мурожаат қилиши лозимлигини таъкидлаган эди.
Ҳожи Байрам Вали университети профессори Нали Алканга кўра, расмий Парижнинг Шарқий Ўртаер денгизи ва Ливия масаласида Анқарага муросасиз сиёсат юритаётгани «айсбергнинг учи», холос.
Икки мамлакат ўртасидаги келишмовчиликлар илдизи 1915 йилда арманларнинг қатлиом қилингани ҳақидаги даъво ҳамда курд масаласига бориб тақалади.
Профессор Н.Алканга кўра, француз расмийлари кўп йиллардан бери PKK террорчиларининг қилмишидан кўз юмиб келмоқда. Айни чоқда, расмий Париж 1915 йилда Усмонли давлатида рўй берган воқеаларни нотўғри талқин этиб, улардан босим ўтказиш мақсадида фойдаланмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter