Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Улуғбек Орипов

Баъзан сукут ҳақиқатдан афзал бўлиши мумкин.

Тарихда бугун: Лениннинг буйруғи билан отиб ташланган «Россия олий ҳукмдори» ҳақида

Тарихда бугун: Лениннинг буйруғи билан отиб ташланган «Россия олий ҳукмдори» ҳақида

Фото: Heritage Images / Archive Photos

1920 йил 7 феврал, Иркутск. Россияда қонли фуқаролар уруши ниҳоялаб қолаёзган палла. Бундан роппа-роса 102 йил аввал оқ гвардиячиларнинг Узоқ Шарқ ва Сибирдаги раҳнамоси, Омскда янги давлат эълон қилиб, ўзини «Россия олий ҳукмдори» дея номлаган адмирал Александр Колчак отиб ўлдирилди.

Агар тарих чархпалаги тескарисига айланиб, қизиллар мағлубиятга учраса, Россияда бутунлай бошқача жамият қурилиши мумкин эди. Ана ўшанда катта эҳтимол билан адмирал Колчак энг йирик раҳбарга айланиши мумкин эди. Аммо бу сафар омад болшевикларга кулиб боқди.

У яхшигина олим ҳам бўлиши мумкин эди

Александр Васильевич Колчак 1874 йилда туғилган. Унинг отаси Василий Иванович армия генерал-майори бўлган. Айрим манбаларга кўра, Колчакнинг аждодлари сербиялик мусулмонларга бориб ҳам тақалади.

Мактабни ёлчитиб ўқимаган Александр денгизчилик мактабига ўқишга киради. Бу ерда денгиз илмига қаттиқ қизиқиб қолади.

1895 йиллардан бошлаб ёш Колчак океанография ва гидрология билан чуқур шуғуллана бошлайди, Узоқ Шарққа саёҳат қилади, Охота денгизи, Беринг бўғози каби географик ҳудудларга қизиқиши ортади. Ҳатто 1842 йилдан бери нашр этиб келинаётган «Гидрология бўйича қайдномалар» илмий журналида Япон ва Сариқ денгиз бўйича тадқиқотларини чоп эттиради.

1900-1902 йилларда афсонавий «Санников ери»ни очишни мақсад қилган қутб экспедицияси уюштирилади. Афсуски, унинг ташкилотчиси ва раҳбари бўлган барон Толль бошчилигидаги экспедиция муваффақиятсизликка учрайди ва бутун жамоа изсиз йўқолади. Ўша пайтларда лейтенант бўлган Колчак мазкур экспедиция тақдирини аниқлаш операциясига бошчилик қилади. Сайёҳлардан ном-нишон топа олмаса ҳам, йўқотишларсиз ортга қайтган лейтенантга Рус география жамияти аъзоси унвони берилади, Колчакни машҳур географ Семён Тяншанский эътироф этади.

Аммо тез орада бошланиб қолган рус-япон уруши Колчакни ҳарбий соҳага боши билан шўнғишига сабаб бўлади.

Ҳарбий каръера

Руслар учун шармандали якунланган рус-япон уруши якунида Колчак қаттиқ бетоб бўлиб қолади ва Санкт-Петербургга қайтиб келади.

Шундан сўнг бироз муддат илмий фаолият ва рус флотини оёққа турғизиш ишлари билан шуғулланади.
Биринчи жаҳон урушида Колчак Болтиқ денгизи флоти сафида эди.

1915 йилда Германия империяси аскарлари Россия билан чегара фронтида кенг кўламли ҳужум бошлайдилар. Армияни Болтиқ денгизи флоти ҳам қўллаб-қувватлаб турди. Аммо Колчак бошчилигидаги денгизчилар душманни шимолий фронтда тўхтатишга муваффақ бўлди. Натижада немислар муҳим нуқта бўлган, ҳозирги Латвия пойтахти Рига шаҳрини эгаллай олмайдилар.

Ушбу хизматлари эвазига 1916 йилда Колчак вице-адмирал унвонини олди ва Қора денгиз флотини бошқарди.

Феврал инқилоби содир бўлганда Колчак ушбу ҳодисани нохуш қарши олган. У император Николай II га содиқ қолган кам сонли ҳарбийлардан бири эди.

Муваққат ҳукумат даврида мамлакатда сиёсий вазият мураккаблашиб боради. Натижада, 1917 йил ноябрда болшевиклар давлат тўнтаришини амалга оширади. Колчак бу вақтда АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрида эди.

1918 йил сентябрида у Владивостокка етиб келади. Бу вақтда Уфада болшевикларга қарши йирик қаршилик ҳаракати вужудга келаётган, Уфада демократик кучлар Директорияси тузилаётганди.

Унга публицист, эсэрлар партияси вакили Николай Авксетьев раҳбар этиб тайинланади. 5 ноябрда Колчак мазкур ҳукумат таркибига ҳарбий ва денгиз флоти вазири бўлиб киради.

18 ноябрда директория ичида тўнтариш юз беради. Натижада Колчак олий бош қўмондонга айланади ва «Россия олий ҳукмдори» унвонини олади.

1918-19 йилларда бутун Россия олов ичида қолади. Болшевиклар ҳарбий коммунизм сиёсатини қўллаб, қатъий тартиб ўрнатадилар. Ушбу давлатни шарқдан Колчак, жанубдан Деникин, жануби-ғарбдан Юденич каби саркардалар ҳалқаси қисиб келаётган эди. Аммо ҳал қилувчи зарбани беришга бирон бир саркарда қодир бўла олмайди.

1919 йил ёзида Қизил армия аскарлари сони 1,5 миллионга етади ва қудратли кучга айланади. Чўзилиб бораётган уруш Колчак армиясини чарчатган ва хафсаласини пир қилаётганди.

Колчак болшевикларга қарши курашган бўлса ҳам, Россия таркибидаги халқларга озодлик беришни мутлақо ўйлаган эмас. 1919 июнда финн генерали Маннергейм 100 минг кишилик армия билан Петроградга юриш қилиш ва бунинг эвазига Финлядия мустақиллигини тан олишни таклиф қилади. Колчак эса буни қатъиян рад этади.

Шунингдек, Колчакнинг Ўрта Осиёдаги қўрбошилар: Катта ва Кичик Эргаш, Жунаидхон каби миллий-озодлик ҳаракати вакиллари билан алоқа ўрнатгани ҳақида далиллар бор. Ҳатто 1918 йил кузида адмирал Колчакнинг элчилари Фарғонага, Мадаминбек ҳузурига келишади ва унга рус армияси полковниги унвонини беришади.

Аммо Колчакнинг Россия империяси ҳудудини сақлаб қолиш амбицияларини сезган қўрбошилар билан муносабатларни ривожлантиришга катта қизиқиш билдирмайдилар.

Интиҳо

1919 йил охири 1920 йил бошларида Буюк Сибир муз юриши бошланади. Бу Сибирдаги кучларнинг сўнгги йирик юриши эди. Ушбу юриш натижасида қаршилик кучлари тўлиқ мағлубиятга учрайди.

Колчак «Россия олий ҳукмдори» мартабасини генерал Деникинга ўтказади. Аммо Деникин амалда ушбу мансабда бир кун ҳам ўтирган эмас. 1920 йилнинг ўзидаёқ Деникин кучлари ҳам тор-мор этилади. 1920 йил 4 апрелда Деникин раҳбарликни генерал Врангелга топишириб, Англияга жўнаб кетади.

Колчакнинг ўлимидан аввалги сўнгги сурати. 

Шу тариқа Россияда оқ гвардиячилар ва чет эл кучлари аралашуви билан коммунистларни ҳокимиятдан четлатиш миссияси муваффақиятсиз якун топади.

Колчак 1920 йил январида Иркутск ҳарбий-инқилобий кучлари қўлига тушади ва 7 феврал куни шахсан Владимир Ленин буйруғи билан отиб ташланади.

Колчакнинг жасади Ушаковка дарёсига ташлаб юборилган. Унинг қизиллар қўлига тушишида Антанта кучлари томонидан Сибирга жўнатилган иттифоқчи кучларнинг сотқинлиги ҳам сабаб деган қараш бор. Жумладан, Сибирдаги «чехословак корпуси»ни ортга қайтариш миссияси топширилган француз генерали Жанен Морис ҳам айбдор сифатида кўрилади.

Адмирал оиласи Францияга кўчиб кетади. Унинг ўғли Ростислав француз армияси сафида гитлерчиларга қарши курашган ва асир ҳам тушган. Колчакнинг набираси Александр Ростиславич 2019 йил вафот этди. 

2004 йилда Иркусткда адмиралга бағишланган ёдгорлик очилган.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг