Эгасининг жасади олдидан кета олмаётган ит...
Ижтимоий тармоқларда бир фото тарқалди ва унинг остига шундай изоҳ қолдирилди: «Бучадан (Украина) фожиали фотосурат. Вафодор ит отиб кетилган эгасини тарк эта олмаяпти...»
Бу ит ҳақиқатда уруш қурбони бўлган шу инсонникими, йўқми биз аниқ исботлаб бера олмаймиз. Бунинг учун «Украинага бориб, вазиятни ўз кўзимиз билан кўриб келишимиз» керак. Лекин у ерда уруш бўлаётгани, бегуноҳ одамлар қурбон бўлаётгани ҳақиқат. Айрим шаҳарларда жасадлар бир неча ҳафталаб кўчаларда қолиб кетаётгани ёки тўғри келган ерга, йўллар четига, кўпқаватли уйлар олдиларига кўмилаётганиям ҳақиқат.
БМТ томонидан тасдиқланган маълумотга кўра, Украинада уруш бошланганидан буён тинч аҳоли орасида 1430 киши, жумладан 121 нафар бола ҳалок бўлган. 2097 нафари, хусусан 178 нафар бола яраланган.
«Ҳақиқий йўқотишлар сони анча юқори» — дейилади БМТ маълумотида.
Украинанинг Буча шаҳридаги қирғин урушнинг ҳақиқий юзини, даҳшатини очиб берди.
Аслида ёлланма қотилларгача жангга ташлангач, «тинч аҳоли вакилларини ўлдирмаганмиз», деб айтишга заррача ҳақлари қолмаганди уларнинг. Шундай бўлса-да, «бу фейк, бу саҳналаштирилган, ҳақиқий аҳволни билмайсизлар» деётганлар учун янги фактлар тақдим этилди.
Маълум бўлишича, Maxar сунъий йўлдошлари Буча шаҳридаги жасадларни 19 март кунидаёқ тасвирга туширган экан. Ўша тасвирлар рус ҳарбийлари шаҳарни ташлаб чиқиб кетганидан сўнг олинган ва апрель бошида тарқатилган даҳшатли видеолар билан таққосланган. «Саҳналаштирилган, қимирлаган» дейилган жасадлар икки ҳафтача кўчаларда ётгани аён бўлмоқда хуллас.
Урушда фейк ахборотлар, ясама маълумотлар кўп тарқалиши табиий. Урушда тўкис холислик бўлмайди, лекин асосий сабабчиси аниқ — бир мустақил мамлакатга бостириб кирган, шаҳарлар кулини кўкка совурган, минглаб бегуноҳларни қурбон қилган, миллионлаб (!) оилаларнинг ўз бошпанасини ташлаб кетишига, ҳаёти издан чиқишига сабабчи бўлган томон. У томоннинг қилмишини, ҳаракатини, важларини эшитиб бўлмайди. Унинг қонли қўлларидан холислик қидириб бўлмайди. Улар бошлаган урушни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди. Тамом.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter