24 ёшида фан доктори бўлган Фарҳод Алишеров: «Ўзим хорижда ўқиган бўлсам-да, фарзандларим Ўзбекистонда таълим олишини истайман»
Йигирма тўрт ёшида фан доктори (PhD) бўлган Фарҳод Алишеров билан суҳбатимиз унинг хорижда орттирган тажрибаси, мамлакатимизда таълим тизимидаги муаммолар ва уни юксалтириш йўллари, айниқса, АКТ соҳаси мутахассисларини тайёрлашнинг долзарб жиҳатлари, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг таълим тизимидаги ўзгаришлар ҳақида кечди.
1988 йили Тошкент шаҳрида, ҳуқуқшунослар хонадонида таваллуд топган Фарҳод 2008 йили ТАТУнинг Иқтисодиёт ва бошқарув факултетини муваффақиятли тамомлаб, ўқишни Корея Республикасининг Ҳаннам университетида давом эттирди. Икки йил магистратура ва сўнг докторантурада ўқиган ёш олим устози Пак Пён Жу раҳбарлигида докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Маълум вақт ТАТУнинг «Мултимедиа технологиялари» кафедрасида катта ўқитувчи бўлиб ишлади. Янги лаборатория ташкил этилишига ҳисса қўшди. 2015 йилда АҚШга йўл олди ва Луизиана штати университетида мультимедиа технологиялари йўналишида талабаларга дарс берди. 2017 йил ноябрь ойидан яна юртимизга қайтиб, ТАТУнинг «Мультимедиа технологиялари» кафедрасида ишини давом эттирмоқда.
ТАТУнинг дунё олий таълим муассасалари ТОП-1000лигига кириши ҳақида
— Тошкент ахборот технологиялари университети QS тизими бўйича дунё олий таълим муассасалари рейтингида ТОП-1000га киришни мақсад қилган, — дейди суҳбатдошимиз. — Ушбу рейтинг обрўли ва юқори талаблар асосида саралайдиган тизим ҳисобланади. QS рейтингида дунё олий таълим муассасаларини баҳолаш асосий олти мезон бўйича амалга оширилади.
Биринчиси — академик обрў. Бунда университет профессор ва ўқитувчиларининг илмий изланишлари кумулятив усулда, сўнгги уч йилдаги маълумотлар асосида баҳоланади.
Иккинчиси — ўқитувчилар таркибининг талабалар сонига нисбати. Бунда тўлиқ ўқув давридаги талабалар сони тўлиқ бандликдаги, сиртқи ва ёлланма ўқитувчилар сонига 1га 3 нисбатида бўлиши лозим.
Учинчиси — иш берувчилар ўртасидаги обрў.
Тўртинчиси — иқтибос индекси. Бунда университет ўқитувчи ва тадқиқотчиларининг эълон қилинган илмий тадқиқотларидан қай даражада кўп иқтибос олишлари ҳисобланади. Илмий мақолалар «Scopus» маълумотлар базаси журналларида чоп этилиши лозим.
Бешинчиси — хорижлик талабалар улуши. Университетда қанчалик кўп хорижлик талаба таҳсил олса, бу ўқув юртининг халқаро доирада шунчалик талабгирлигини билдиради.
Олтинчиси — хорижлик ўқитувчилар улуши.
ТАТУ Ўзбекистондаги ОТМлар рейтингида биринчи поғонада туради, лекин энди жаҳондаги ўрнимизни ҳам яхшилашимиз лозим. Ҳозирда университетнинг ТОП-1000га кириши бўйича масъуллар белгиланган. Ҳатто ҳар бир йўналиш бўйича ҳам масъуллар ишлашяпти.
«Scopus»да мақола чоп этиш шартлари
Очиғини айтсам, ТОП-1000га кириш ғояси зўр. Мен ҳам буни жуда истайман. Бироқ, айрим йўналишлар борки, уларни бажариш учун вақт ва ўзгаришлар талаб қилинади.
Хусусан, илмий мақолаларни «Scopus» маълумотлар базасидаги журналларда чоп этиш учун жуда кўп меҳнат қилиниши керак. Шахсан ўзим университет филиалларида бўлиб, илмий мақолаларни қандай ёзиш кераклиги ҳақида семинарлар ўтказдим. Илмий мақолалар инглиз тилида битилиши лозим.
«Scopus» ёки «Web of Science» базасидаги журналлар ҳар бир илмий мақолани чиғириқдан ўтказиб, сўнг чоп этади
Бунда яна бир муҳим жиҳат бор: «Scopus»да мақолаларни бепулга чиқариш ҳам мумкин, лекин бунинг учун анча вақт кутишга тўғри келади. Пулли чоп этиш нархи турли сервисларда 200 АҚШ долларидан 5000гача баҳоланган. Хориж университетлари ўқитувчи ва тадқиқотчиларига бу суммани тўлаш оғирлик қилмас, аммо бизда университет профессор-ўқитувчиларининг ойлиги ўртача 200 доллар атрофида бўлса, у қандай қилиб пул тўлаб мақола чоп эттира олади? Бу масала ҳам жиддий тўсиқ. Шу ўринда, пул тўланса исталган мақола чоп этилиши мумкин экан-да, деган янглиш хаёлга ҳам бормаслик керак. «Scopus» ёки «Web of Science» базасидаги журналлар ҳар бир илмий мақолани чиғириқдан ўтказиб, сўнг чоп этади.
Дипломдан кўра билим биринчи ўринда туради
Иккинчи долзарб масала — меъёрий-ҳуқуқий базанинг мослашувчан эмаслиги. Бизда худди хориждаги каби университетнинг ўзи мустақил равишда талабалар квотаси ва ўқитувчилар сонини эркин белгилай олмайди. Ўз-ўзидан юқоридаги тилга олинган — QS тизими иккинчи бандини бажариш муаммоли ҳолатга айланади.
Бизда эса мутахассис бўлиш учун, албатта, бакалавр бўлиш керак, деган тушунча сингиб кетган.
Бизда талабалар сони ўқитувчилар миқдорига нисбатан ошиб кетишининг яна бир сабаби бор, деб ўйлайман. Ривожланган мамлакатларда ҳамманинг ҳам университетда ўқиб, мутахассис бўлишига ҳожат йўқ. Коллежни битириб ҳам малакали кадрга айланишади ва бемалол яхши ишларда ишлайверишади. Бизда эса мутахассис бўлиш учун, албатта, бакалавр бўлиш керак, деган тушунча сингиб кетган. Уларда ҳам дипломга қаралиши мумкин, аммо билим ва малака барибир биринчи ўринга қўйилади.
Танқидий, таҳлилий фикрлашнинг аҳамияти тўғрисида
Ҳозир дунёда ахборот технологиялари соҳаси жуда тез ўзгаряпти. Агар, дейлик, беш йил аввал бир компанияда бир қанча бўлимлар фаолият олиб борган ва ҳар бири ўз йўналиши масалаларини ечган бўлса, бугун ҳам ўша бўлимлар бор, бироқ улар бутунлай бошқа стратегия остида ишлашмоқда. Энди улар фақат ўз йўналишларида эмас, битта умумий масала ечими устида бош қотиришяпти.
Энди Америкадаги бирор йирик компания буюртмасини бажариш учун ўша юртда бўлиш шарт эмас, буни Ўзбекистонда туриб ҳам бажарса бўлади.
Ҳозир танқидий, таҳлилий фикрлашнинг аҳамияти жуда катта. Айниқса, АКТ соҳасида. Чунки бозорнинг талаблари ва тартиблари ўзгариб боряпти. Компаниялар айрим буюртмаларни ўз ходимларига бажартиришдан кўра, аутсорсинг компанияларига топширишни маъқул кўрмоқда. Бу уларга арзонроқ тушиши мумкин. Биласизми, ҳозир булутли компаниялар жуда кўпайиб кетди. Бу нима дегани? Бу – масофалар бутунлай йўққа чиқди, дегани. Энди Америкадаги бирор йирик компания буюртмасини бажариш учун ўша юртда бўлиш шарт эмас, буни Ўзбекистонда туриб ҳам бажарса бўлади. Бизда ҳали булутли компаниялар йўқдир, лекин мутахассисларимизда шу компанияларда ишлаш имкони бор.
Президентимиз АКТ вазирлиги вакиллари билан учрашувида соҳани ривожлантиришнинг бир қатор вазифаларини белгилаб берди. Жумладан, интернет тезлигини бир неча баравар ошириш ва бошқа масалаларда топшириқлар берилди. Бу янада кенг имкониятларни очади. Мисол учун, 3D моделлаштириш ёки бошқа йирик лойиҳаларда масофадан туриб ишлаш интернет тезлиги сабаб қийинчиликларни юзага келтирган бўлса, энди бу каби муаммолар ҳам барҳам топади.
Тасаввур қилинг, мингта ёки ўн мингта мутахассисимиз масофадан туриб хориж компанияларида ишласа, юртимизга қанча валюта оқими кириб келган бўларди?!
Яхши кадрга дунё миқёсида талаб бўлади
Бундай улкан талаблар ва ўзгаришлар жараёнига кадрларимиз ҳам тайёр бўлишлари лозим. Агар аввал асосан ички эҳтиёж учун мутахассислар тайёрланган бўлса, энди бутун дунё даражасида кадрларга эҳтиёж юзага келган. Тасаввур қилинг, мингта ёки ўн мингта мутахассисимиз масофадан туриб хориж компанияларида ишласа, юртимизга қанча валюта оқими кириб келган бўларди?!
Қолаверса, маҳаллий компанияларимиз ҳам шу талабларга мос равишда ўзларига мутахассислар қидира бошлашди. Яъни, ўзимизнинг компаниялар ҳам аниқ бир долзарб масалалар ечими устида ишлашяпти. Бу хоҳ ички, хоҳ ташқи буюртма бўлсин.
Демак, ҳозирданоқ университетларимиз жаҳон даражасида рақобатлаша оладиган кадрларни тайёрлаши лозим.
ТАТУни ТОП-1000ликка киритиш масаласини олайлик. Умумий қараганда, бу глобал муаммо бўлиб кўринади. Лекин уни қисмларга ажратиб, ўша қисмлардаги энг долзарб муаммоларни ҳал қилсак ва яна умумлаштирсак, масала анча тез ва осон ҳал бўлади. Енгил кўринганидан ўзимизга ўзимиз савол бера бошлаймиз: Нега ТОП-1000, ТОП-500 эмас?
Биз бугун талабаларга нималарни ўргатишимиз керак?
Биринчи навбатда, уларга савол беришни ўргатишимиз лозим. Ахборот асрида замон шунчалик юқори темпда ўзгаряптики, бундай катта оқимни тезда илғаб олиш, қайта ишлаш қобилияти ҳаммада ҳам тенг эмас.
Айримлар ахборотни секинроқ ишлайди. Бу унинг сусткашлигини билдирмайди, албатта. Бизнинг вазифамиз талабаларни ахборотни тезроқ қайта ишлашга, масалаларни қисмларга ажратиб ечишга ўргатиш. Мисол учун, ТАТУни ТОП-1000ликка киритиш масаласини олайлик. Умумий қараганда, бу глобал муаммо бўлиб кўринади. Лекин уни қисмларга ажратиб, ўша қисмлардаги энг долзарб муаммоларни ҳал қилсак ва яна умумлаштирсак, масала анча тез ва осон ҳал бўлади. Енгил кўринганидан ўзимизга ўзимиз савол бера бошлаймиз: Нега ТОП-1000, ТОП-500 эмас?
Айнан шундай ёндашув АКТ соҳасида талабаларни тайёрлашда қўлланилиши керак. Биласизми, ҳозирда 200дан ортиқ дастурлаш тиллари бор. Уларнинг ҳар бири ишлатиляпти. Биз талабаларимизга шу 200та дастурлаш тилини ўргатишимиз керакми? Ёки 10та энг оммабопиними? Тор доирада кучли мутахассис муҳимроқми ёки ўртача универсал? Бир йўналишда кучли билимга эга мутахассис тайёрланса-ю эртага бошқа дастурлаш тилларига талаб ошиб кетса-чи? Кўряпсизми, АКТда таълим соҳаси шундай қийин саволларни олдимизга қўймоқда.
Шунинг учун, аввало, талабаларга дастурлашнинг асосий тамойилларини ўргатишимиз зарур. Қандай дастурлаш керак, қандай тўғри дастурлаш керак, дастурларни қандай тўғри ёзиш керак, шу каби фундаментал билимларга эга бўлишлари лозим улар.
Жаҳон стартапларига қаранг, қайси соҳадаги қандай долзарб муаммо бўлмасин, бугун унга технологиялар орқали ечим топилмоқда.
Муаммоларга ечим топиш – АКТ оламининг асосий мезони
Бугунги мутахассис дастурни шундай ёзиши керакки, уни қўллаш енгил бўлсин. Бошқа дастурларга осон интеграциялаша олсин. Агар биз глобал муаммоларни кичик бўлакларга бўлиб ечсак, кейин уни бирлаштириш ҳам керак бўлади. Шу модулни талаба бугундан ўзлаштириши талаб қилинади. Муаммоларга ечим топиш – АКТ оламининг асосий мезони. АКТ-мутахассислар олдидаги асосий вазифа шу. Жаҳон стартапларига қаранг, қайси соҳадаги қандай долзарб муаммо бўлмасин, бугун унга технологиялар орқали ечим топилмоқда.
Бизнинг ортда қолишимизга асосан ўқув жараёнларига янги йўналишларни киритишдаги қийинчиликлар сабаб бўляпти. Қонунчилигимиз бўйича бу жараённи амалга ошириш анча узоқ вақт талаб қилади.
Бу йўлдаги тўсиқлар
Талабаларга бирор масалани ечиши учун унга дарҳол дастур ёзишни эмас, аввал алгоритмини тузиш, сўнг уни дастурга кўчиришни ўргатишимиз зарур. Бироқ, бунга ўқитувчилар доим ҳам улгура олишмаяпти. АКТ оламидаги жадаллик нафақат талабалардан, ўқитувчидан ҳам ўзини қайта тарбиялашни талаб этмоқда.
Бу жараёнларга яраша шу суръатда корхоналар, компаниялар иши, меъёрий ҳужжатлар ва қонунчилигимиз ҳам ўзгариб бориши керак. Ҳозир шундай жараёнки, таълим тизимига ҳар йили янги йўналишлар кириб келиши керак. Мисол учун, иқтисодиёт ва компютер инжиниринги йўналишини олайлик, ҳар бирида алоҳида-алоҳида ўқитиляпти. Албатта, ТАТУда иқтисод йўналиши ҳам АКТга ихтисослашган ҳолда ўргатилади. Лекин бу икки йўналишни бирлаштирсак, у «Data science», яъни «маълумотлар билими»га айланади. Америка ва умуман ривожланган мамлакатларда бу энг талабгир касб йўналиши ҳисобланади. Албатта, биз ҳам бу йўналишни очишни режалаштирганмиз, лекин бошқа мамлакатларда буни аллақачон амалга ошириб бўлишган.
Бизнинг ортда қолишимизга асосан ўқув жараёнларига янги йўналишларни киритишдаги қийинчиликлар сабаб бўляпти. Қонунчилигимиз бўйича бу жараённи амалга ошириш анча узоқ вақт талаб қилади.
Қайсидир бўғинда оқсаш юзага келса, бутун жараённи ортга тортиб кетади
Кўпчилик таълим ва кадрлар сифатига ўқитувчи масъул деб ҳисоблайди. Бу бир жиҳатдан тўғри. Ҳозир ўқитувчилик касби энг мослашувчанлик талаб этиладиган касб ҳисобланади. Қайси маънода? ХХI аср ахборот асри бўлиш билан бирга, нотўғри маълумотлар асри ҳамдир. Демак, биз талабаларга нафақат билим беришимиз, ахборотни таҳлил қилиш кўникмасини шакллантириш ва бунга йўналтиришимиз керак. Танқидий баҳолаш, таҳлил қилиш ҳамда маълумотларни керакли ва кераксизига ажрата олиши унинг келажагини белгилаб беради. Бунга нафақат ўқитувчи, талабалар ҳам, жамият ҳам, раҳбарлар ҳам тайёр бўлиши керак. Замон билан «ягона мажмуа» сифатида ҳаракатланилмаса, қайсидир бўғинларда оқсаш юзага келади ва бутун жараённи ортга тортиб кетади.
Талаба агар мустақил ишлашни ўрганмаса, бу соҳани чуқур эгаллай олмайди.
Мустақил таълим ҳақида
Талаба агар мустақил ишлашни ўрганмаса, бу соҳани чуқур эгаллай олмайди. Китоблар, дарсликлар бир восита, холос. Унда «мих бор ва уни болға билан уриш керак» дейилади, холос. Китоб фаннинг асосини ўргатади. Лекин бу жараённи қандай амалга оширишни тўлиқ тушунтирмайди. Айниқса, ахборот технологиялари соҳасида масала ечимининг турлича йўллари бор. Буни фақат китоб ёки ўқитувчидан ўрганиб бўлмайди. Ечимларни қидириш устида мустақил изланиш талаб этилади.
ТАТУда кредит таълим тизими жорий этиладими?
АҚШ ва Европа мамлакатларининг олий ўқув юртларида кенг тарқалган кредит таълим тизими ўзининг мослашувчанлиги ва самарадорлигини кўрсатяпти. Мазкур тизим битирувчиларнинг академик ҳаракатчанлигини таъминлаб, бугунги ўзгарувчан меҳнат бозорида уларга бўлган талабни оширмоқда. Бунда меҳнат бозори эҳтиёжлари ҳисобга олинган ҳолда таълим дастурларининг мослашувчан тузилиши, таълимга ахборот тизимларининг жорий қилиниши ва талабаларнинг мустақил ишлашга ўргатилишининг ўрни катта.
Кредит тизимида эса талаба ўзида куч ва иштиёқ топа олса, бошқа йўналиш маърузаларида ҳам қатнашади ва керакли кредит балларини тўпласа, бир йўла иккита мутахассисликни эгаллайди.
Яна бир муҳим жиҳат бор: академик таълим тизимида кредит тизимидаги каби ўқув жараёнларини мобиллаштиришнинг имкони йўқ. Мисол учун, ҳозир университетга кирган талаба фақат бир йўналишда ўқий олади. Кредит тизимида эса талаба ўзида куч ва иштиёқ топа олса, бошқа йўналиш маърузаларида ҳам қатнашади ва керакли кредит балларини тўпласа, бир йўла иккита мутахассисликни эгаллайди.
Кредит тизимида факултетлараро дарслар ўртасида ҳам мобиллик юзага келади. Масалан, қайсидир ўқитувчи фойдали маъруза қилади. Унда нафақат битта курс, балки бошқа факултетлар талабалари ҳам қатнашиш имконига эга бўлади. Бизда «виртуал реаллик» фани бўйича хориж тажрибасига эга кучли мутахассис жалб этилган. Бироқ академик таълимда унинг фойдали дарсларига фақат бир йўналиш талабалари қатнаша оладилар, холос. Бошқаларда бунга имкон бўлмайди.
Қисқача қилиб айтганда, кредит тизимида талабаларнинг мустақил ишлашига ва амалий таълимга катта эътибор қаратилади. Чунки унда электрон топшириқлар кўпроқ берилади.
ТАТУ ҳам келгуси ўқув йилидан кредит таълим тизимига ўтиш ишларини бошлаб юборган. Бу йўлда университет раҳбарияти қатъий иш олиб боряпти.
Қонунчилигимиз ҳам мослашувчан бўлиши керакки, бошқалар югурганида биз секин қадам ташлашга мажбур бўлмайлик, бюрократия йўлимизни тўсмасин, биз ҳам улар каби тезликда югура олайлик, улар учса, биз ҳам учайлик.
Биз бир қадам ташласак, бошқалар югуриб кетяпти
Бугун жуда кўп нарсалар ўзгарди. Аввалги қарашлар бугунга тўғри келмайди. Амалдаги ўқув услублари эртага эскиради. Уни яна ўзгартириш учун узоқ вақт ва кўплаб ҳужжатбозликлардан ўтиш лозим. Ачинарлиси, биз бир қадам ташласак, бошқалар югуриб кетяпти. Биз ҳозир ўйлаганимиз, қаердадир аллақачон амалга ошиб турибди.
Шу сабаб қонунчилигимиз ҳам мослашувчан бўлиши керакки, бошқалар югурганида биз секин қадам ташлашга мажбур бўлмайлик, бюрократия йўлимизни тўсмасин, биз ҳам улар каби тезликда югура олайлик, улар учса, биз ҳам учайлик. Шунда жаҳонда ўз ўрнимиз ўз номимиз мустаҳкам бўлади. Ўзим бир неча йил хорижда ўқиганман, лекин эртага фарзандларим Ўзбекистонда таҳсил олишини, сифатли таълим олишини истайман.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter