Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бахтиёр Шералиев

Муаммодан қутулиш учун ундан қочиш эмас, уни ҳал қилиш керак!

Коронавирус юқтирган одам тез ҳалок бўладими? Унинг давоси борми? (янги вирус бўйича савол-жавоблар)

Коронавирус юқтирган одам тез ҳалок бўладими? Унинг давоси борми? (янги вирус бўйича савол-жавоблар)

Айни дамда Хитойда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик олим Бахтиёр Шералиев коронавирус бўйича айрим саволларга изоҳ берди.

Коронавирус юқтирган одам тезда ҳалок бўладими? Унинг давоси йўқми?

Коронавирус юқтирганлар тезда ўлмайди, бундай бўлиши мумкин эмас. Ер юзида одамга юқиши билан одамни тезда ҳалок қиладиган вируслар йўқ (филмлардаги фантастикалар реал ҳаётга тўғри келмайди). Вуҳан коронавируси нафас олиш йўлларидаги шиллиқ эпителий қавати ҳужайраларда яхши кўпаяётгани боис ўпка зотилжами касаллигини келтириб чиқармоқда. Вирус юққан одам шифокор назоратида бўлса у юқори эҳтимоллик билан тузалиб кетади.

Кимлар коронавирусдан ўлмоқда?

Яхши савол. Вафот этаётганларнинг аксарияти вирус юқтиргунигача нафас олиш системасида муаммоси бўлган, аввалдан ўпка зотилжами, ўпка сили, сурункали бронхитнинг оғир формаси билан оғриган катта ёшли беморлар бўлмоқда. Ўзи шундоқ ҳам зўриқиб ишлаётган организмга коронавирус хавфли таъсир қилмоқда ва шунинг оқибатида организм кислород қабул қилиш билан кучли муаммога дуч келмоқда. Юқоридаги касалликлари бор одамлар вирусдан эҳтиёт бўлишлари керак.

Коронавирусдан ўлаётганларнинг сони борасида статистика борми?

Мен ҳам айни мана шу статистикани излаяпман. Мендаги маълумотга кўра коронавируслардан вафот этганларнинг энг ёши 36 ёшда, энг қариси эса 89 ёшда бўлган. Лекин ҳозирча уларнинг ўртача ёши қанча бўлгани борасида статистикани топа олмадим. Вафот этганларнинг барчаси Хитойда; Хитойдан ташқаридаги давлатларнинг бирортасида ҳозирча коронавирус билан боғлиқ ўлим ҳолати кузатилмади.

Мен соғломман. Иммунитетим ҳам яхши. Хитойдан уйга қайтаётганимда вирус юқса даволансам тузаламаннми ёки шу билан тамомми?

Аввало вирус юқишдан худо асрасин. Лекин вирус юққач ва аломатлари сезилгач имкон қадар шифокорга мурожаат қилиш керак. Ўз билганича даволашга ҳаракат қилиш асло мумкин эмас! Хитойлик мутахассисларнинг айтишича, агар соғлом, иммунитети яхши бўлган одам вирус юқтирса унда жараён худди грипп бўлгандек кечади. Руҳиятни кўтариб, яхши овқатланиб, симптоматик даволаса иммунитетига қараб бир ёки икки ҳафтада тузалиб кетади.

Қуйидаги диаграммада коронавирусдан ҳалок бўлганлар ва соғайганлар сони кўрсатилган. Эътибор берсангиз сўнгги икки кунда соғайганлар сони ошган ва деярли ҳалок бўлаётганлар сонига етиб қолган. Қолаверса нКоВ-2019 коронавирусининг ўлим кўрсаткичи 2% ни ташкил этмоқда. Бу дегани коронавирусга чалинган ҳар 100 одамнинг 2 таси ҳалок бўлмоқда. Бу кўрсаткич Сарс коронавирусида 10%, Мерсда эса 34% ни ташкил этган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг