Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Ўзбек киноси қайтди: «Баҳорни қувиб»

Ўзбек киноси қайтди: «Баҳорни қувиб»

Билмадим, ўзбек киноси мудраб ётганмиди ёки сукут сақлаётганмиди, менинг назаримда, шу фильм билан у қайтди.

Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида «Баҳорни қувиб» бадиий фильмининг махсус намойиш бўлиб ўтди. Унда оммавий ахборот воситалари вакиллари, киношунос мутахассислар, ижодкорлар қатнашди.

Сценарий муаллифи: Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам, режиссёр: бир неча халқаро мукофотлар совриндори Аюб Шаҳобиддинов. «Баҳорни қувиб» уларнинг ҳамкорликдаги биринчи фильми эмас. Ўз вақтида «Паризод» суратга олиниб, «гран-при»ни қўлга киритган эди. «Баҳорни қувиб» ҳам, шубҳасиз, халқаро киноанжуманларда номинация бўлишга муносиб!

Фильм нима ҳақида? Эркин Аъзам айтганидай, армон ҳақида, бир аёлнинг армонлари ҳақида!

Оташин қалбларнинг муносабати, улар муҳаббатининг заволга юз тутиши...

Эҳ, – дейман ич-ичимдан, – икки ёш севишса, албатта, учинчи одам пайдо бўлади ва у, албатта, душманлик қилади-я! Ҳув Тоҳир-Зуҳра замонидан бери шундай! Ҳаёт қонунига айланган...

Роҳат билан Қудрат бир мактабда ишлайди. Икки ўртада севги куртак отади. Ҳеч гапдан гап йўқ «партком» суқилиб киради (шундайларни отиб ташласанг-да). У бу ёш ўқитувчиларнинг муносабатини мажлис кун тартибига олиб чиқади. Кейин эса Роҳат Шукуровани «статья» билан ишдан ҳайдашни талаб қилиб туриб олади.

Одам, одамгина-я! Меҳрибонлик уйида ўсган бир навниҳол қизга меҳр бериш ўрнига тошбағирлик қилдинг-а!

Энг ачинарлиси, мажлисда Қудрат нима қилишни билмайди. Чунки у (армияда бўлганида) аммасининг қизига унаштирилган. Аммо шундай бўлсаям икки оғиз зўр гап айтади!.. Бошқалар жим, ғала-ғовур кўтарилади, холос. Қайтага бошқа миллат вакиласи Шевченко хоним ирғиб туриб, парткомга норозилик билдиради. Рус тилида! Эмин-эркин гапириладиган забонда! Тушуняпсизми? У ёшларнинг тарафини олиб, «булар дўст-ку», дейди. «Йўқ, – дейди партком Маркс, – булар севишганлар». Шевченко ажабланади. «Севишганлар бўлса, нима қилибди? Севишиш мумкин эмасми?» – дейди. Ростдан ҳам нима қилибди шунга? Йўқ, токи «Маркс»лар бор экан, навниҳоллар завол топаверади. «Роҳатой Шукуровани бадарға қилиш керак», – дейди у вишиллаб. Одам одамни бунчалар эзмаса-я!..

Роҳатой кетади, узоққа кетади. Битта касофат одамни деб бутун умр турмуш қурмай ўтади. Меҳнат дафтарчасига ёзилган «статья» туфайли ҳеч қаерга ишга ҳам киролмайди. Кейинчалик гўзаллик салони очади.

Орадан ўттиз йил ўтиб қишлоққа қайтади. Бутунлай эмас, шунчаки қўмсаб, соғиниб... Қудратнинг қабрини зиёрат қилади.

«Шунча йилдан кейин бўлсаям келдим. Кечиринг», – дейди у. Раъно Шодиева талқинидаги қаҳрамоннинг гапларидан йиғлаворай дейсан!

Қишлоқ эркакларига муҳокама-ғийбатга гап топилади: «Бир хотинки, роса кетворган!» Фалон, писмадон... Ичкиликка берилиб, нақ «бомж»га айланган Маркс Роҳатой ҳақида эшитиб, уни топишга ошиқади. Роҳатой ҳар қанча қочмасин, Маркс таъқибни кучайтиради. Кейин эса, қишлоқда уйдирма тарқатади. Ва... ҳаммасининг сабаби фильм адоғида аён бўлади. Кўприкдан қулаб тушган палид пойлоқчи ўзини-ўзи фош қилади.

Роҳатой уйига қайтиб кетади.

Хайриятки, устоз Эркин Аъзамдай ёзувчи бор, – дейман ўзимга-ўзим, – Аюб Шаҳобиддиновдек режиссёр бор. Уларнинг ижоди туфайли ботинингдаги кемтиклик тўлдирилади гўё!

Қани эди ҳамма кўрса! Нақадар ажойиб фильм-а!

Анвар Намозов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг