Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Лотереяда миллионлаб доллар пул ютганлар тақдири: омад, кулфат ва жудоликлар

Лотереяда миллионлаб доллар пул ютганлар тақдири: омад, кулфат ва жудоликлар

Кўпчилик учун лотереяда пул ютиш – орзу. Бироқ улкан ютуқ эгалари пулларини олгач, кулфатларга дучор бўлишлари ҳам кузатилган. Улар катта бойликка бутун умр эгалик қилолмайди ёки бошқача айтганда, муҳаққақ фаровонликка эришмайди.

– Аксарият кишилар учун ногаҳоний пуллар кўнгилсизликка сабабчи бўлиши мумкин, – дейди Флорида штатидаги Тасодифий пуллар институти асосчиси, молиявий маслаҳатчи Сюзен Брадлей. – Бизнинг маданий ҳаётимизда «Пуллар ҳаммасини ҳал қилади» деган тушунча шаклланган. Одамлар, агар кўп пулларга эга бўлсак, кўнгилсизликлардан қутуламиз, деб ўйлашади. Тасодифий пуллар келганда эса муаммога дучор бўладилар.

Сюзен Брадлей ўзининг «Қўққисдан келган пуллар: олтинлар ёмғирини қандай идора қилиш мумкин?» китобида ёзишича, кутилмаган омад баъзиларни эсанкиратиб қўяди, чунки улар ҳиссий жиҳатдан бунга тайёр бўлмайди.

Батон-Руждаги молиявий мутахассис Билл Померой лотерея ютуқларини қўлга киритган кўплаб кишиларнинг ҳаёти билан яқиндан таниш.

– Одамлар дабдурустдан катта пулларга эга бўлгач, қандай иш тутиш кераклигини биладигандек ҳаракат қилишади, – дейди у. – Улар улкан пулларни ўзлари билмаган соҳага тикишни истайди ёки бизнес соҳасини заррача тушунмайдиган киши билан ҳамкорлик қилади.

 15 000 000 доллар

26 ёшли ишсиз Майкл Кэрролл 2002 йили лотереяда 15 миллион доллар ютган. Унинг саховати жўш уриб, қариндошлари ва дўстларига қимматбаҳо совғалар бераверди. Тасодифий бойликдан гангиб қолган Майкл Кэрролл ўзини кокаинли оқшомлар, қимматбаҳо автомобиллар ва енгилтак жононларга ҳам бағишлади.

Яқин инсонларининг Майклга нисбатан муҳаббати тезда барҳам топди, чунки миллионлар сарфлаб бўлинган эди.

Бир зумда миллионерга айланган Майкл Кэрролл. 

– Зиёфатларга нуқта қўйилди, – деди Майкл Кэрролл. – Мен олдинги ҳаётимга қайтдим. Ишсизларга бериладиган 42 фунт стерлинг миқдоридаги нафақа ҳисобига яшаганим маъқул экан.

 16 000 000 доллар

1988 йил. Пенсилванияда истиқомат қилган Уилям Пост лотерея ютуғи билан биргаликда ўзига бир олам ташвиш орттирганини билмасди.

– Пул ютмаганим яхши эди, – дейди Пост. – Бу ниҳоятда даҳшатли!

Уилямнинг биринчи маъшуқаси уни судга бериб, ютуққа ўзининг улуши борлигини даъво қилди. Маъшуқаси-ку, майли, акаси янада бетамиз чиқиб қолди. У миллионлаб пулларни бўлишмаган укасини ўлдириш учун қотил ёллашгача борди. Бошқа акалари ҳам сурбет эдилар. Улар Уилямни қўярда-қўймай, пулларини автомобил бизнеси ва Сарасотадаги ресторанга тикишни талаб қилишди. Оқибатда ўзлари тушунмаган бизнес зиғирча даромад келтирмай, акалари у билан юзкўрмас бўлиб кетди.

Уилям 1996 йилда олган кредитини узиш мақсадида жекпот учун ҳар йили тўланиши керак бўлган тўловни амалга оширолмай қолганди. Шу боис иккита уйи, машинаси ва 260 000 долларга харид қилган елканли кемасини сотишга мажбур бўлди. Уилям Пост солиқ нозирига ўқ узгани учун қамалиб ҳам чиқди.

У оила аъзоларини хурсанд қилиш учун аҳмоқона иш тутганини тан олди. Кейин эса ўзини «синган» деб эълон қилди.

– Пулсиз қолганимдан ҳар қачонгидан бахтлиман, – деганди Уилям Пост ўлимидан олдин журналистларга.

Уилям Пост бир олам ташвиш гирдобида қолди.

Лотереядаги даромадларидан мосуво бўлган Пост умрининг охиригача ногиронлик нафақаси ҳисобига кун кечирган.

 149 000 000 доллар

Нью-Йоркда яшовчи, «Мега-Миллионз» лотереяси чиптасини олган муҳожирга омад кулиб боқди.

Колумбиялик 49 ёшли Хуан Родригес Манҳэттендаги автомобилларнинг ерости тўхташ жойида ишларди. Нью-Йорк – дунёдаги энг йирик шаҳарлардан бири бўлиб, Хуаннинг йиллик 29 минг долларлик иш ҳақи урвоқ ҳам бўлмасди. Боз устига, хотини Ирис ишламас, эрининг қўлига қараб қолганди. У 17 йилдан буён бечора Хуаннинг миясини пармалар, ажрашишини айтиб, қўрқитгани-қўрқитган эди. Ирисни тушуниш керак, албатта: совуткич бўм-бўш, банкдаги қарз 44 минг долларга етган, бу тўловни узиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмасди.

2004 йилнинг ноябрида Хуаннинг чўнтагида бир доллар пул қолди. У ана шу охирги пулига лотерея чиптаси сотиб олди. 149 000 000 доллар пул ютуғи чиққанида эса шунчалик довдирадики, ўлиб қолишига бир баҳя қолди.

Хуан хушхабар ҳақида дарҳол хотинига етказди. Ирис пулларнинг ҳаммасини олишни маслаҳат берди. Солиқ тўловларидан сўнг 88 000 000 миллион доллар қўлга тегди.

Хуан Родригеснинг хотини ажрим талаб қилган.

Орадан ўн кун ўтиб, Ирис ажрашиш ҳақида судга ариза берди ва ажрим талаб қилди. Эр-хотиннинг мулки лотереядан ютган 88 000 000 доллар бўлиб, қоқ иккига бўлиниши керак эди. Ирис ўзининг ажрашув аризаси сабабини шундай изоҳлаган: «Эрим Хуан Родригес лотереяда бундан ҳам кўп пул ютиши мумкин эди».

 315 000 000 доллар

Жек Уитаккер 315 миллион долларлик ютуқни 2002 йили Рождество байрамидаги лотерея ўйинида қўлга киритган. У пулни бирваракайига олишга қарор қилди. Бунинг учун ютуқнинг учдан икки қисмини бой беришини биларди (Америка лотереяларидаги қоидага кўра, улкан ютуқ эгаси 20 – 30 йил мобайнида пулларини бўлиб-бўлиб олиши мумкин. Агар ғолиб кўнмаса, унинг пулларидан катта миқдорда солиқ ушлаб қолинган ҳолда берилади).

Уитаккер қўлига «бор-йўғи» 112 миллион доллар пул олди. У хайрия учун маълум улуш ажратди. Бундан ташқари, ўзи яшайдиган штатда янги ибодатхоналар қуришга беш миллион доллар эҳсон қилди. Шунингдек, Ғарбий Виржиниядаги муҳтож кишиларнинг еб-ичишлари, кийим-кечак ва таълим олишлари йўлида ҳар ойда минглаб доллар сарфлади. Пулнинг бир қисмини эса кўчмас мулк, автомобиллар, яхта ва жавоҳирлар коллекциясига ажратди.

Жек ўзи яшайдиган Хинтон шаҳридаги алоҳида шахсларга автомобил, чек ва уй кўринишида совғалар ҳам улашди. Ўзи ҳақида ҳам унутмади – яйраб-яшнади, қиморхоналарга борди, стрип-клубларга ташриф буюрди.

2003 йилнинг июнида Уитаккер маҳаллий барлардан бирида ўлгудек ичиб ўтирганида унинг автомобилидан ярим миллион доллар пул бўлган кейсни ўғирлаб кетишди. Кейс тез орада топилди, аммо...

2004 йил январь ойида Уитаккернинг машинасидан 100 минг долларни ўмариб кетишди, бироқ ўғрини тутиб бўлмади. Ўша йилнинг март ойидан Уитаккерни ҳар ҳафта тунай бошлашди. Кейинроқ эса баъзи одамлар 2-3 миллион доллар илинжида бўлар-бўлмасга уни судга берадиган бўлдилар. Ўғрилар Уитаккернинг машинаси, уйи ва офисини ўмаришар, аёллар зўравонликда айблар, эркаклар эса унинг қотилликка урингани ёки жароҳат етказганлигини айтиб, судма-суд судрашарди.

Бутун бошли Хинтон шаҳри Уитаккернинг саховатидан умидвор эди. Жекдан туҳфа олмаганлар бошқача йўллар билан бўлса-да, ундан пул ундиришга ҳаракат қилишарди. Барча-барча, ҳатто Уиттакер ёрдам берган кишиларнинг ҳам уни кўрарга кўзлари йўқ эди.

Оқибатда Жек кўп ичадиган бўлди, оиласини тарк этди. У икки марта маст ҳолда автомобил бошқаргани учун жазога тортилди. Шунингдек, ноқонуний қурол сақлаганлик ва полицияга қаршилик кўрсатганликда айбланди. Энг кўнгилсиз воқеа эса унинг невараси билан боғлиқ.

Уитаккер 17 ёшли набираси Брендага ҳомийлик қила бошлаганди. Натижада қизнинг ҳаёти назоратдан чиқди. Бренда улкан пулларни ҳашаматли кечалар, узлуксиз дам олишлар, автомобил ва кокаинлар учун сарфларди.

2004 йили, яъни орадан икки йил ўтиб, лотереяда миллионлаб пул ютган буванинг набирасини ўлик ҳолда топдилар. Ажал сабаби гиёҳванд моддани ҳаддан зиёд кўп истеъмол қилганликда эди.

Қисқаси, жаноб Уитаккер икки йил ичида жами пуллари ва яқин инсонларидан айрилди, бизнеси барбод бўлди. У журналистларга интервью берар экан, 2002 йилдаги Рождество байрами ҳаётини дўзахга айлантирганини тан олди.

Жек Уитаккер: ҳаммасига нуқта қўйилди...

«Агар ўтмишга қайтганимда ўша лотерея чиптасини йиртиб ташлардим», – деди ғамга ботган қария.

 Бошқа ютуқлар эгалари

1989 йилда мичиганлик Вилли ХертЛансиннинг лотерея чиптасига 3 000 000 доллар пул ютуғи чиқди. Аммо икки йилдан сўнг у бор-йўғидан жудо бўлди ва қотилликда айбланди. Адвокатининг айтишича, Вилли барча пулларини хотини билан ажрашиши учун сарфлаган.

Мичиганда истиқомат қилувчи яна бир фуқаро Чарлз Риддл Белвиллнинг 1975 йилдаги лотерея чиптасига 1 000 000 доллар пул ютуғи чиқди. Кейинроқ у хотини билан ажрашди, бир неча марта суд олдида жавоб берди. Кўп ўтмай, кокаин сотишда айбланди.

Миссури штатидаги Жанайт 18 000 000 долларлик лотерея ютуғига эга бўлди. У саховатпарвар бўлиб, пулларини сиёсатчиларнинг таълим олишлари ва ташаббус кўрсатишлари учун берди. Бироқ орадан саккиз йил ўтиб, ўзини касодга учраган деб эълон қилди. Жанайтнинг иккита банкдаги ҳисобида бор-йўғи 700 доллар пул қолган, қўлида эса ҳемири ҳам йўқ эди.

Жануби-ғарбий оилалардан бири лотерея ўйини чиптаси орқали 4 000 000 доллардан зиёд пул ютуғига эга бўлди. Улар катта уй сотиб олишди, кейин эса қариндошларига қарзларини узиш учун ёрдам пули ажратдилар. Айнан ана шу уй, яна автомобиллар ва қавм-қариндошлар уларни бор-будидан жудо қилди. Ўн бир йилдан сўнг эр-хотин ажрашди. Уй сотилиб, пули бўлиб олинди. Хотин кичкина уй харид қилди, эр болаларининг ёнига кўчиб ўтди. Уларнинг, ҳатто ҳаётини суғурта қилган ҳужжатларни янгилаш учун ҳам пул тўлашларига тўғри келди.

 Агар омад(сизлик) келса, нима қилиш керак?

Тасодифий пуллар институти асосчиси Сюзен Брадлей лотереяда пул ютуғига эга бўлганларнинг шошилинч қарор чиқармасликлари ҳамда дўстлари ва қариндошларининг талабларидан қочишлари учун «қарор қилмаслик ҳудуди» ўрнатишни тавсия қилади.

Сюзен Брадлей шошилинч қарор чиқармасликни маслаҳат беради.

– Бу пайтда танаффус қилинг, ҳеч қандай молиявий қарор чиқарманг, – дейди у. – Ҳатто пулни олмасдан танаффус қилсангиз, янада яхши. Бу қандайдир акция, зудликда янги уй сотиб олиш ёки янги корхона очиш учун қарор қиладиган вақт эмас. Мавжуд вазият ҳақида жиддий ўйлаб, молиявий масалаларда ёрдам берувчи малакали мутахассисларни топиш керак.

Брадлейнинг айтишича, бойликка эга бўлган кишилар улкан уй сотиб олишни 12 банддан иборат рўйхат бўйича 1-ўринга қўядилар. Сармоя тикиш эса 11-ўринни эгаллайди.

– Агар сиз танаффус қилиб, яхшилаб ўйлаб кўрсангиз, уй сотиб олмайсиз, бундай қарорингиз оқибатини англаб етасиз. Пули бўлмаган кўпгина кишилар катта уйда яшаш қанчага тушишини тушунмайдилар – бинонинг ички безаклари, солиқ, суғурта, ҳатто коммунал тўловлар ҳам таққослаб бўлмас даражада улкан бўлади. Шу боис бундай қарор чиқаришдан аввал ҳақиқатнинг кўзига тик қарашни ўрганиш керак.

Умуман, лотерея ўйнасангиз-у, катта пул ютуғи чиққан бўлса, уни маблағ сифатида ўзингиз тушунадиган бирор ишга тикинг. Сарфламанг, балки янада кўпроқ пул олиб келадиган ишга йўналтиринг.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг