Ҳамма тез ва осон йўлни излайди – бу нима учун хато?

Ҳозирги кунда «тез бойиш», «бир кунда миллионер бўлиш», «сирли формулалар» ва шунга ўхшаш ваъдалар билан тўла реклама ва мотивацион машғулотлар кўпайиб кетди. Ҳатто, муносабатлардаги конфликтли вазиятларни тез ва осон бартараф қилиш таклифи билан чиқаётган «ҳамкасблар»имиз ҳам жуда кўп.
Интернетдаги ҳар бир бурчак «муваффақият сирлари»ни сотувчилар, «ақлли» тренерлар, бир неча соатлик тренинглардан кейин ҳаётингизни ўзгартириб юборадиган «мураббийлар»га тўлиб кетган. Ҳатто, емак- ичмагимизни реклама қилувчи маркетингчилар ҳам «тез ва осон завқ берувчи маҳсулотлар»нинг рекламаси билан дофамин тизимимизнинг бузилишига сабабчи бўлишаяпти.
Аслидачи, бундай ваъдаларнинг ортида нима ётади? Психологик нуқтаи назардан бу ҳодисага қандай баҳо бериш мумкин?
Биринчидан, бу ваъдалар одамларнинг тез натижага бўлган талабидан фойдаланаяпти. Замонавий жамиятда тезлик ва самарадорлик юқори баҳоланаяпти, афсуски. Одамларнинг ўзлари узоқ ва машаққатли меҳнат қилишдан кўра, тез ва осон йўлни излашаяпти.
Бунинг илмий асоси – инсоннинг табиий интилиши, миянинг тақчилликка сезувчанлигидан бўлиши мумкин. Тез натижага эришиш, мияда дофамин каби хурсандчилик гормонининг ажралишига олиб келади ва бу ҳисни туйишга бўлган юқори интилиш сабаб бўлади. Назаримда дофамин ишлаб чиқариш ҳам табиий ва меъёрида бўлгани соғлиққа фойдали. Дейлик, тез ва осон йўл билан дофаминга эришиш кундалик ҳаётимизнинг энг осон ва тез (турли энергетиклар, ширинликлар, янги таъмлар ва ҳ.о. лар орқали ўзини ўзи хурсанд қилишни истаса «бор тезда сотиб ол», «бор, завқ билан тотиб кўр» ва ҳ. о.) кундалик ҳаётига айланди. Худди шу тарзда «бир ойда миллионер бўлинг!» каби ваъдалар ҳам аксарият одамларга жуда жозибали кўринади.
Иккинчидан, бундай «тренерлар» ва «мотиваторлар» одамларнинг ўзларига бўлган ишончсизлигидан жуда яхши фойдаланади. Кўпчилик ўз кучига ишонмайди, муваффақиятга эришиш учун қандай йўл тутишни билмайди. Бундай пайтда «сирли формулалар» ва «ақлли» маслаҳатлар жуда жозибали кўринади. Лекин бундай «сирли формулалар» реал ҳаётда йўқ. Муваффақиятга эришиш учун тинимсиз меҳнат, сабр-тоқат, ўз устида ишлаш зарур. Буни «йўқларимизга бўлган эҳтиёжчанлик» деб атасак ҳам бўлади – яъни, бизда ҳамма-ҳаммаси бўлиши керак. Атрофни кузатсангиз «йўғига чидай олмайдиган» одамлар кўпайиб кетган. Яъни, эҳтиёжлари ҳаддан ортиб бораётганини табиий деб билади, аслида бу уни телба қилаётганини, ақлдан озар даражадаги «тез ва осон»чилар қармоғига илинганини ҳам сезмайди.
Учинчидан, бундай ваъдалар когнитив хатоликларга асосланади. Бундай «тасдиқчилик иллюзияси»да – одамлар ўзларига мос келадиган маълумотни танлаб олиб, қолган маълумотни эътиборсиз қолдиради.
Бу когнитив (тафаккур билан боғлиқ) хатолик бўлиб, инсон ўз ишончи ва фикрини тасдиқловчи маълумотларга кўпроқ эътибор бериб, уларга зид келадиган маълумотларни эса эътиборсиз қолдираверади ёки рад этади. Яъни, биз ўзимизга ёқадиган нарсани эшитишни, кўришни ва ўқишни яхши кўрамиз ва бу фикрни тасдиқловчи маълумотларни излаймиз.
Шу тарзда ўзлари қидирган «тренерлар»нинг муваффақият ҳақидаги ҳикояларини эшитиб, ўзларида ҳам худди шунақа бўлиши мумкин, деб ўйлайди ва ишонади. Лекин бундай муваффақиятларнинг ортидаги узоқ ва машаққатли меҳнатни кўрмайди ёки кўришни истамайди.
Бунақа пайтда «Муваффақиятнинг тескари селекцияси»ҳам ишга тушади, яъни оддий одамларнинг муваффақиятлари кўзига кўринмайди, асосан таниқли, машҳур бойларнинг ҳикояларигина диққатини жалб қилади.
Хулоса қилиб айтганда, «тез ва осон» йўлларни ваъда қиладиган «тренерлар» ва «мотиваторлар»дан эҳтиёт бўлиш керак!
Муваффақиятга эришиш учун узоқ ва машаққатли меҳнат, сабр-тоқат ва ўз устида ишлаш лозим. Албатта, мотивация ва ижобий фикрлаш муҳим, лекин булар ўз-ўзидан муваффақият кафолати ёки калити эмас. Энг асосийси – ҳақиқий ва узоқ муддатли натижага эришиш учун чидамли ва машаққатли меҳнат қилиш.
Мадина Мийтан, психолог
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter