Ёшларни касб ва тилга ўқитиш, ишга жойлаштириш учун 126 трлн сўм йўналтирилади
![Ёшларни касб ва тилга ўқитиш, ишга жойлаштириш учун 126 трлн сўм йўналтирилади](https://static.xabaruz.com/crop/5/9/920__95_594610974.jpg)
Президентнинг ёшлар билан учрашувида 2025 йилда Ўзбекистонда ёшлар ишсизлигига барҳам бериш ишлари янги босқичга кўтарилиши таъкидланди.
Раҳбарлар ёшлар ишсизлигининг салбий оқибатларидан, ўз вақтида банд бўлмаган ёшлар билиб-билмай номақбул ишларга қўл уриши, диний радикализм таъсирига тушиб қолиши, жиноят кўчасига кириши мумкинлигидан огоҳлантирилди.
Юнусобод, Асака, Шароф Рашидов, Чироқчи, Пастдарғом туманлари, Олмалиқ ва Бухоро шаҳарларида бу борадаги ишлар қониқарсизлиги кўрсатиб ўтилди.
Ёшларни касб ва тилга ўқитиб, юқори даромадли ишларга жойлаштириш мақсадида бу йил бандлик бўйича катта дастур қабул қилинди. Бунинг учун жами 126 триллион сўм йўналтирилмоқда.
Унга кўра, маҳаллаларда 378 мингта микролойиҳа амалга оширилади, маҳалла банкирлари янги кредит маҳсулотлари ҳисобига 250 минг нафар одамни даромадли қилади.
Технологик жараёнларни бошқаришда стратегик қарорлар қабул қиладиган ёшларни тайёрлаш учун техника олийгоҳлари қошида 8 та илғор муҳандислик мактаби фаолият бошлади. Бу йил яна 17 та шундай мактаб очилади.
Ўтган йили 56 минг гектар ер ёшларга ажратилди. Бу ўз самарасини бериб, ҳозирда 153 минг нафар ёшлар деҳқончилик билан шуғулланяпти.
Бу йил Қорақалпоғистонда, Андижон, Жиззах, Фарғона ва Тошкент вилоятларида бўш турган 3 минг 300 гектар ер янгича тартибда ижарага берилади. Энди илгари ажратилган ерга маҳсулот экиб, камида 100 миллион сўм даромад олган ёшларга ҳам ушбу тартиб асосида бу ерлардан берилади.
Ёшлар кооперациялари ташкил қилиниб, ёшлар қишлоқ хўжалигида билим ва кўникма оширишига ёрдам берилади.
Ёшлар саноат зоналарида саноат ипотекаси орқали бино олаётган тадбиркорларга ускуна хариди учун 500 минг долларгача кредит ажратилади. Содда қилиб айтганда, тайёр ишлаб чиқариш майдонини олган ёш тадбиркорга имтиёзли шартларда ускуналар ҳам олиб берилади.
Сервис соҳасида ҳам ёшлар учун имкониятлар кенгайтирилади.
Тадбиркорлар ёш ходимларни ишга олиб, камида 3 миллион сўм ойлик тўласа, ижтимоий солиқ 1 фоиз бўлади.
Бу имтиёз 3 йил амал қилади. Бу орқали тадбиркор ҳам манфаат кўради, ёшлар расмий ишлаб, даромади ошади.
Умуман, «Ёшлар дафтари» тизимини ҳам янгилаш, трансформация қилиш вақти келгани таъкидланди.
Мутасаддиларга ёшларга кўрсатилаётган барча турдаги ижтимоий пакетларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни мақбуллаштириш ва натижадорлигини ошириш бўйича таклиф киритиш топширилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter