Ўзбекистоннинг Албаниядаги янги элчиси тайинланди
Ўзбекистоннинг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Бахтиёр Ибрагимов (қароргоҳи Вена шаҳрида жойлашган) Албания Президенти Байрам Бегайга ишонч ёрлиқларини топширди.
Президент қароргоҳида бўлиб ўтган тантанали маросимдан сўнг ўтказилган мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Албания ўртасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Савдо-иқтисодий, маданий ва туризм соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Албания раҳбари сўнгги йилларда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини юқори баҳолади.
Ҳар икки томон муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга тайёр эканлигини тасдиқлади.
Эслатиб ўтамиз, элчи Бахтиёр Ибрагимов 2023 йил ноябрь ойида Австрия Президенти Александр Ван дер Белленга ишонч ёрлиқларини топширган эди. Шунингдек, у 2023 йилда штаб квартираси Вена шаҳрида жойлашган ЕХҲТ, БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси, Ядро синовларини кенг қамровли тақиқлаш тўғрисидаги шартнома ташкилоти, ХАЭА каби халқаро ташкилотлардаги мамлакатимизнинг расмий вакили сифатида ҳам аккредитация қилинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter