Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Юртимизда шифокорлар сони қисқартириладими?

Юртимизда шифокорлар сони қисқартириладими?

Фото: ССВ

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Навоий шаҳар кўп тармоқли поликлиникасида шифокорлар штати қисқартирилаётгани, дерматолог, травматолог ва стоматологларга ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиш буюрилаётгани, ваҳоланки, ҳудудда аҳоли сонига нисбатан шифокор ва ҳамширалар етарли эмаслиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Мазкур ҳолат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан атрофлича ўрганилди.

Аввало, шуни таъкидлаш лозимки, бугунгача юртимиздаги барча бирламчи тиббий-санитария ёрдами (БТСЁ) муассасаларида шифокорлар учун юкламалар турлича тақсимланиб келинган. Мисол учун, қишлоқ ҳудудида 1 нафар шифокорга 2000 нафар аҳоли тўғри келган бўлса, шаҳар ҳудудида 1 нафар шифокорга 1500 нафар аҳоли бириктирилган. Шунингдек, туман ва шаҳарларда тиббий хизматлар сифати борасида ҳам катта тафовут бўлиб, бу ҳолат ўз-ўзидан олис қишлоқ ҳудудларида яшаётган фуқароларга ихтисослашган амбулатор тиббий хизмат кўрсатиш имконини бермаган.

Шу боис, Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрдаги «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг янгиланган штат нормативларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш белгиланди.

Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 5 майдаги «Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида»ги фармонига кўра, оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ҳамда туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари эҳтиёжидан келиб чиқиб, уларнинг янгиланган штат нормативларини тасдиқлаш топширилди.

Шу билан бирга, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда «тиббиёт бригадалари» фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари томонидан аҳолига сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини янада кенгайтириш мақсадида жорий йил 1 июлдан бошлаб 10 мингта, 2022 йил 1 январдан бошлаб эса яна қўшимча 10 мингта ўрта тиббиёт ходими штати ажратилиши кўрсатиб ўтилди.

Мазкур вазифалар ижросидан келиб чиққан ҳолда шу йил 31 майда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарлари, туман (қишлоқ)ларида жойлашган кўп тармоқли марказий поликлиника(филлиал)ларнинг тиббиёт ва бошқа ҳодимлари ҳамда Тошкент шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаларнинг тиббиёт ва бошқа ходимлари штат меъёрлари тасдиқланди.

Янги штат нормативлари асосидаги муҳим ўзгаришлардан бири шу бўлдики, юртимиздаги барча БТСЁ муассасаларида шифокорлар учун юкламалар бир хил тақсимланди. Туман ва шаҳарлар орасидаги тафовут эса бутунлай олиб ташланди.

Хусусан, акушер-гинекологлар сони 2 баробар, эндокринологлар сони 3 баробар оширилиб, бунга мутаносиб равишда уларнинг ўрта тиббиёт ходимлари сони ҳам ортди.

Бундан ташқари, кўп тармоқли марказий поликлиникаларга мудофаа бўлими учун алоҳида 8 турдаги мутахассис ажратилди. Амбулатор-поликлиника муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш учун кўп тармоқли марказий поликлиника мудири лавозими жорий этилди. Шу билан бирга, ҳар бир бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасига аҳоли сонидан қатъий назар 1,0 ставкадан доя ва IT-ҳамшираси лавозими киритилди.

— Муҳим ўзгаришлардан яна бири шу бўлдики, бугунгача шаҳар ва туман кўп тармоқли марказий поликлиникаларига аҳоли бириктирилмагани, балки ушбу муассаса мутахассислари фуқароларга тиббий-консультатив маслаҳат беришга ихтисослашгани сабабли эндиликда шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникадан 9 турдаги тор соҳа мутахассислари (акушер-гинеколог, хирург, стоматолог, невролог, офтальмолог, отоларинголог, эндокринолог, инфекционист, иммунолог) шаҳар оилавий поликлиникаларига, туман кўп тармоқли марказий поликлиникасидан 5 турдаги тор соҳа мутахассислари (акушер-гинеколог, хирург, стоматолог, УТТ врач, врач лаборант) туманлардаги оилавий поликлиникаларга ўтказилиши белгиланди, — дейди Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Барно Одилова.

— Яъни, энди кўп тармоқли марказий поликлиникаларда жамланган тор соҳа мутахассисларининг оилавий поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктларига тақсимланиши натижасида оила шифокорлари юкламаларининг бир қисми тор соҳа мутахассисларига тақсимланади. Ўз навбатида оила шифокорларининг юкламаси 1600 нафар аҳолидан 2000 нафаргача ошди, бироқ уларга бириктирилган ўрта тиббиёт ходимлари сони қисқаргани йўқ.

Шу билан бирга,  физиотерапия ҳамшираси, алоҳида бош ҳамшира лавозими жорий этилди. Функционал диагностика асбоб-ускуналари ва рентген-флюорограф бўлса, шифокор ва ўрта тиббиёт ходими ажратиш белгиланди. Шунингдек, оилавий шифокорлик пунктларига алоҳида стоматолог шифокор ва ҳамшираси, эмлаш хонаси ҳамшираси лавозимлари киритилди, бириктирилган аҳоли сони кўп бўлса, мудир ва акушер-гинеколог киритилиши назарда тутилди.

Умуман олганда, янги штат нормативларига кўра, мазкур тизимда жами штатлар сони 175 432 тага етказилди. Ваҳоланки, бунга қадар амалда бўлган штат нормативларида штат бирликлари сони 153 166 тани ташкил қилган эди.

Бундан хулоса қилиш мумкинки, янги штат меъёрларига кўра, юртимизнинг барча ҳудудлари билан бир қаторда Навоий шаҳар кўп тармоқли поликлиникасида ҳам баъзи тор соҳа мутахассисларини ҳудудларга тенг тақсимлаш орқали чекка ҳудудларда яшаётган аҳолини ихтисослашган амбулатор тиббий хизмат билан тенг қамраб олиш мақсад қилинган. Яъни, янги тартибга биноан ушбу тизимда ҳеч бир шифокор ишсиз қолмайди, балки улар янги штат нормативларига мослаштирилади.

Шу боис, юртдошларимиз, хусусан, соҳа мутахассисларидан олис қишлоқ ҳудудларидаги аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш мақсадида қилинаётган бу каби ўзгаришларни ижтимоий тармоқларда шошма-шошарлик билан нотўғри талқин қилмасликларини, аксинча масалага чуқурроқ ёндошишларини сўраймиз, деб ёзади ССВ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг