«Янги электр ҳисоблагичлар қўшиб ёзмоқда»
Бугунги кунда хонадонларга ўрнатилаётган янги электр ҳисоблагичлар истеъмолчиларда оммавий норозиликни юзага келтирмоқда. Қайд этилишича, ялпи ўрнатилаётган янги ҳисоблагичлар аввалги ҳисоблагичларга қараганда 2,5 баравар кўп электр энергиясини сарфламоқда. Ижтимоий тармоқларда бу ҳақда кўплаб эътирозлар янграмоқда.
Электр энергияси сарфини ҳисобловчи янги приборларни ўрнатиш ва уни ишлаши билан боғлиқ мурожаатларга Монополияга қарши курашиш қўмитаси муносабат билдирди:
«Ҳурматли истеъмолчилар!
Электр энергияси сарфини ҳисобловчи янги приборлар истеъмол қилинган электр энергиясини ҳаддан зиёд кўп кўрсатаётгани тўғрисидаги ҳолатларни атрофлича ўрганиб чиқиш ва тегишли чораларни кўриш мақсадида, мавжуд эътирозларни қўмитанинг Фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифасида келтирилган шаклда бизга юборинг. Бу мураккаб жараён эмас, лекин юзага келган муаммони атрофлича ўрганиб чиқиш учун асос бўлиши мумкин.
Таъкидлаш жоизки, ўрнатилган ва ўрнатилаётган электр энергияси сарфини ҳисобловчи янги приборлар техник талабларга мувофиқ «Ўзбекэнерго» АЖ томонидан сотиб олинган. Улар сертификатга эга ва тегишли тартибда қиёсловдан ўтган. Қиёслов – бу ҳисоблагич тўғри ишлаётганини (кўрсаткичларни тўғри кўрсатаётганини) текшириш.
Агар сизда ўрнатилган янги ҳисоблагич ҳақиқатда истеъмол қилинган электр энергиясидан кўпроқ сарфни кўрсатётгани тўғрисида шубҳа уйғонса, сиз ўз ҳисобингиздан ҳисоблагични қайта қиёсловдан ўтказиш тўғрисида туман электр тармоғига буюртма беришингиз мумкин. Шунда, туман электр тармоғи ходимлари ҳисоблагични тармоқдан узиб сизга беради, сиз эса ҳисоблагични ўз ҳисобингиздан «Ўзстандарт» агентлигида қайта қиёсловдан ўтказасиз. Натижада, сиз ҳисоблагични қандай ишлаётгани тўғрисида аниқ маълумотга эга бўласиз. Шунингдек, сиз етган зарарни қоплаш ва ҳисоблагични алмаштириш тўғрисида ариза билан туман электр тармоғига мурожаат қилишингиз ҳам мумкин.
Монополияга қарши курашиш қўмитасидан таклиф:
Бу борада қўмита томонидан амалга оширилаётган ишларни фаол шархлаб бораётганлар диққатига. Қўмита ташаббускор истеъмолчилардан иборат гуруҳ тузишни таклиф қилади. Агар шундай гуруҳ тузилса, у ҳолда гуруҳ аъзолари биз билан бирга муаммоларни жойига чиққан холда ўрганиш имкониятига эга бўладилар», дейилади Монополияга қарши курашиш қўмитаси мурожаатида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter