Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тушга кирган Чингиз Айтматов

Тушга кирган Чингиз Айтматов

Жуда кўплаб ҳаёт қақиқатларини илғаган, уларга дуч келган ёзувчи Чингиз Айтматов умрини изтироб билан ўтказди, десак ёлғон бўлмайди. Зеро, маърифат аҳлининг, ижодкорнинг қисмати шундай битилган. У яратган манқурт тимсоли адабиёт аҳолисини янги тип билан тўлдиришидан ташқари инсониятни хотирасизлик, маърифатсизликдан огоҳ қилди. Манқуртчилик янги кўринишларда юз кўрсатаётганидан ташвишини яшириб ўтирмади.

Анча урф бўлган эстрада юлдузлари ёки спорт қироллари маънавиятининг ўта саёзлигидан изтиробга тушиб, «Қачонлардир инсон қалбининг маънавий бойлиги, маърифат, маданият ҳам ўз қадрини топармикан?» деб чуқур таассуф билдирди. Бу гапларнинг моҳиятини тушуниб етадиган эмас, ўқиб кўрадиган пешволар ҳам кам топилиб қолди эндиликда.

Чингиз Айтматов инсоният тараққиёти жиловини бундай кимсаларга бериб қўймасликни васият қилгандек бўлади. Охирги асарларидан бирини «Қулаётган тоғлар» деб номлади. Албатта, ҳаёт некбин бўлишни тақозо қилади, талаб этади. Бу чақириқлар эса огоҳлик ҳайқириқлари эди, холос. Дунё ўз орбитасида неча йиллар давомида сайёравий миқёсларда қараганда заррадек, ундан ҳам кичик туюлувчи инсон қавми назарида залолатга ботгандек сезилаверади, бироқ музаффар қуёш сайрини давом эттираверади. Фақат инсониятнинг етук фарзандларигина сайёрадаги ҳаёт ҳар бир одамга боғлиқлигини, унинг тақдирига ҳамма дахлдор эканини эслатиб, ҳушёрликка чақириб туради. Бу чақириқлар, аслида, кутилаётган фалокат – сўнгги кунни кечиктириш, одамзодга кўпроқ яшаш имконини беришга ундов, чақириқдир.

 

Нима бўлганда ҳам Чингиз Айтматов буюк шахс ва ўз ўрнида Аллоҳнинг ожиз бандаси эди. Фақат Яратган унинг сўзи билан ғофил кимсаларга кўп ҳикматларни етказди, келаётган тўфонлардан огоҳ этди. Адиб бир элчи эди, холос. Айни пайтда заиф бир зот сифатида қисмат уни ҳам авайлаб ўтиргани йўқ, ахир у ҳам бир фақир қаторида «хато қилиш бахти»дан мосуво эмас эди-да. Ажр эса шундай эди: ижод оламида бир ёрқин юлдузнинг пайдо бўлиши юзлаб, ҳатто минглаб хира, шуъласиз юлдузларнинг самода йўқ бўлиб кетишига олиб келади, лекин юлдузлик даъвосидагилар (улар, ҳатто тан олиниб улгурилган бўлиши мумкин) шунчаки сўниб кетмайди.

Ч.Айтматовнинг пайдо бўлиши ҳам хира тортган кўплаб юлдузларнинг ҳасадини қўзғади, шу туфайли уни турли кўйларга солишди. Ҳамма учун шаръий бўлган, оддий туюлган кўплаб маиший ҳолатлар гўё унинг учун жиноят ҳисобланарди. Ҳатто ўзининг юртида «Айтматов ўйнашлари» номи остида китоб чиқаришга муяссар бўлдилар. Ҳозир ҳам унинг асарларидан ғоявий нуқсон излаш тўхтамаётган экан. Бундай доғли, аламли ҳолатлар туркий қавмларнинг буюк вакили, жаҳон афкор оммасининг ардоқли рамзи (маъбуди)га айланган.

Чингиз Айтматов ижоди ва фаолияти билан фахрланиш ҳуқуқига соя ташлай олмайди, хиралаштиролмайди. Нима бўлганда ҳам Чингиз Айтматов йўқлик оламига кетди, энди унинг номи билан оригинал асарлар тақдим қилинмайди, нашр этилмайди – афсус, қалам қўлдан тушди, ғийбат эса тилдан тушмайди. Барибир уни ёқловчилар кўп, ижодининг муҳиблари, мухлислари камайиб қолмайди...

Умуман, «Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон» мавзуси (шу номда китоб ҳам чоп этилди) анча жозибали. Мўъжизаларнинг йўқ жойдан пайдо бўлмаслиги масаланинг бир қирраси бўлса, уни қадрлаш, ҳурматини жойига қўйиш, умуминсоният мулкига айлантириш борасида қилинаётган саъй-ҳаракатлар иккинчи муҳим омилдир. Йирик ёзувчининг бутун талъати, истеъдодининг жами кўлами ва қиррасини сиғдира оладиган олтин баркаш эса Ўзбекистон деб аталган мамлакат эдики, биринчидан, биз туркий тилли маданият ворисларимиз ва даҳо санъаткор ижодининг бутун асрорини инкишоф этиб, қабул қиладиган ва шарҳлаб, авайлаб-сақлаб, қадрига етадиган даражадаги салоҳият минг йиллар маданиятини ўзида жамлаган олтин сандиқ – Ўзбекистонда бўлиши мумкин эди.

Бу ҳолни Чингиз Айтматов ҳис қилган чамаси, у ёзганларини «ёввойи тунгус ёки чечин» (Пушкин ибораси) қўлига тушиб қолишини хоҳламаган, албатта, юртимизга бетакрор меҳр билан қараган, бу жойларда ўзгача роҳат қилган. Унинг асарлари айрим ҳолларда қирғизчадан ҳам олдин ўзбек тилида нашр этилган. Моҳир таржимонлар саъй-ҳаракати билан улар худди она тилимизда битилгандек янграган. Ана шундай меҳр ва эътибор маҳсули сифатида Ўзбекистонда ҳам ўзига хос Айтматовшунослик юзага келди. Бизнинг олимларимиз адиб асарларининг эстетик нуфузини инкишоф этиш, китобхонлар уларни бекаму кўст тушунишлари учун олтин калит тайёрлаб бериш борасида салмоқли ишлар қиляптилар. Жумладан, ёзувчи асарларининг ўзбекча таржималари катта тадқиқотларга мавзу бўлмоқда (унинг баъзи асарлари турли таржимонлар томонидан мустақил ўзбекчалаштирилгани ҳам бунга изн беради). Бундай кузатишлар, тадқиқотлар тўхтаб қолмайди.

Адибнинг монументал романлари – «Асрга татигулик кун» ва «Қиёмат» биринчи марта 1989 йилда Ғафур Ғулом номидаги нашриётда бир жилдда чоп этилган. Унга таниқли таржимашунос олим, профессор Ғайбулла Саломов сўнгсўз ёзганлар. Гўзал нарса ҳар доим кўзларни қувонтиради. Жумладан, гўзал таржима ҳам.

Биласизми, гўзалликнинг ҳар бир узви гўзал бўлади ва кичкинтой гўзалликлар уйғунлашиб, комил гўзалликни ташкил қилади. Таржимашунос олим ҳам ҳайратланадилар: уларча, бир ибора таржимаси чинакам гўзаллик кашф этган. «Сюда и приближалась в тот день странная, сопровождаемая собакой верблюдная-тракторная похоронная процессия...» деган гап «Мана бугун ўша жойга туя-трактор аралаш, ит ҳамроҳлигида дафн карвони яқинлашмоқда эди» тарзида ўгирилибди ва олимни «сопровождаемая собакой» деган иборанинг «ит ҳамроҳлигида» тарзида ўгирилиши чинакамига ҳайратга солибди: «...бу муаллиф услубига ҳам, айни вазиятга ҳам, тасвир мантиғига ҳам бус-бутун мос». Одатда, «ҳамроҳ» деганда ўзаро мулоқотга киришиб кетадиган ҳамфикр, шерик тушунилса, ҳайвонни ҳамроҳ дейишда иштибоҳ туғилади. Мабодо ўша гап қуйидагича ўгирилса-чи: «Мана бугун ўша жойга изидан ит эргашиб келаётган, туя-трактор аралаш мотам карвони яқинлашмоқда эди».

Чингиз Айтматов шундай ёзди, таржимон бундай ўгирди, олим шундай баҳолади, мухлис бундай деди – ҳақиқат қай томонда? Мана – илм.

Адиб ижодида янги «илм»ларга озуқа берадиган ўринлар кўп. «Плаха» романи биринчи марта ўзбек тилида Иброҳим Ғофуров таржимасида «Шарқ юлдузи» журналида 1987 йил «Кунда» номи билан эълон қилинган (кейин «Қиёмат»). Унда бўрилар – Тошчайнар ва Акбара қаламга олинган. Бу ўринда гап бошқа нарса ҳақида эмас, айнан «Акбара» сўзи ҳақида. Асли ихтисоси араб тили мударриси бўлган Мухлиснинг шундай мулоҳазаси бор: «Ўзбек китобхонлари она бўрини шу ном билан қабул қилдилар-у, билмадик, уларнинг неча фоизида бу сўз арабча экани, у «кабир» сўзидан ясалган киши исми эканлиги ва бу сўзнинг бўри наслига қанчалик алоқаси борлиги ҳақида гумон уйғонди, лекин аниқки, бунда чалкашлик бор.

Таржимада ўқиймиз: «шу ерлик чўпонлар бу қанжиқ бўрини Оқдил (оригиналда – «Акдалы» – русча изоҳда «Белохолка», яъни оқ яғрин) деб юришди. Кейин-кейин бориб Акбари дедилар, яна бир мунча вақтлар ўтиб эса Акбара – Улуғ деб атадилар» («улуғ» сўзининг арабчага тўғри таржимаси – кабир, азим). Албатта, ҳайвонга қирғиз қавми томонидан Акбар(а) деб ном қўйилиши кишини шубҳалантиради.

Роман рус тилида ёзилган (уни қирғизчага Ҳошим Жақипбеков таржима қилган), муаллиф бўриларнинг тусига урғу берганда оқ сўзини кўп қўллаган: «ёллари оқиш-кўкиш тусда», «буларни оқёл (акжалы) деб аташарди», «қанжиқнинг оқариб кўринган кўкраги», «Акбаранинг худди ўзи – кўк кўз, човида оқ ямоғи бор» ва бошқа. Она бўрини дастлаб оқдил (аслида акдалы – белохолка, оқ яғрин) деб атайдилар. Энди ажратиб оламиз «акбара»даги биринчи бўғин «ак» мабодо «оқ» эмасмикан? Худди шундайлиги аниқ, «бара» эса «барра» (мерлушка) – жун (яъни барра пўстин). Демак, Акбара – Оқ барра, оқ жунли бўри ёки шунчаки «оқ бўри».

Мухлис шундай далилларни келтиради. Бу ёзувчи ижодини севадиган ва ҳурмат қиладиган, шунингдек, бирон нуқтада чалкашлик бўлмаслигини истаган китобхоннинг меҳрли сўзлари. Бироқ оригиналда ҳам муаллиф бу фикрни тасдиқлаб турибди: «Вольчица прозывалась среди сдешних чабанов Акдалы, иначе говоря Белохолкой, но вскоре по законам трансформации языка она превратилась (таржимада бу сўзлар йўқ) в Акбары, а потом в Акбару – Великую»... Албатта, ўқувчининг ўз фикри, муносабатини билдириш ҳуқуқи бор, ёзувчининг дастхати эса дахлсиз. Баъзи мавҳумликларга аниқлик киритиш фақат муаллиф юмуши эди, афсуски, бунга кеч бўлди. Умуман, Чингиз Айтматов ижоди ўз жозибаси билан дилларни мафтун этаверади, муҳокамаларга ундайверади. Бу теран мероснинг ўзига хослиги ҳам шундадир, эҳтимол.

...Эҳтимол, сатрларида кўнгил майлларининг ифодаси ва жиндек эҳтирос сингиб кетган бу битикларни ўқиган кишида «Муаллиф ўпкасини қўлтиқлаб, роса кўпирибди. Ўзи, аравани қуруқ олиб қочмабдимикан? Унга Чингиз Айтматовнинг кўз қири тушганми ёки ўзи узоқдан бўлса ҳам унинг қорасини кўрганмикан?» деган мулоҳаза туғилиши мумкин. Тўғри гап.

Ҳақиқатан, ул зот машҳурлик чўққисида бўлган ва, табиий, уни кўриш, саломлашиш истагида юрганлар сон-саноқсиз топилган. Ҳа, узоқдан дарахтни кўрадилар, унинг сумбатини тасаввур қиладилар, соясига интиладилар ёки мевасидан баҳраманд бўлгилари келади. Аммо шу аснода дарахтлар пойида майсалар борлигини, улар шу шажар соясида парвариш топаётганидан, соясидан баҳраманд бўлаётганидан мамнун эканлигини хаёлларига келтирмайдилар. Дарахт бор жойда майса бор, улар бир қобиқ – ялакат мағиз бўлиб, яшиллик оламини ташкил этади. Майса дарахт шохига чиқа олмаганидек, дарахт ҳам эгилиб яшил дўстини қуча олмайди. Бу табиат синоати, Айтматовни кўрар эдилар ва унинг атрофида миллионлаб мухлиси борлиги оддий ҳодиса эди.

Юқоридаги иштибоҳга жавобим шуки, 1996 йил 24 октябрь куни соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан пойтахтимиздаги «Туркистон» маданият саройида халқаро конференция очилди. Таклифномам борлиги учун барвақтроқ, балки ҳаммадан эртароқ бордим. Сарой эшиклари очиқ, тақиқ йўқ, тўхталмай кенг-кўлам залга кирдим. Тадбир мутасаддилари ғимирлашиб юрибди, менга ҳеч ким эътибор бермади. Сарой гўзаллигига мафтун бўлиб анча турдим, атрофни томоша қилдим, қалбимдан илиқ кечинмалар ўтди. Кейин журъат қилиб, катта, қалин парданинг бир четидан саҳна томон ўтдим. Хилват, ҳеч ким йўқ. Юзлаб чироқлару айқаш-уйқаш пайвандланган темир ҳавозаларни кузатиб тургандим, ичкаридан икки киши чиқиб келди, бири барваста, ёнидаги миқти гавдали – бўйлари орасидаги фарқ аниқ кўзимга ташланди.

Диққат билан қарасам, келувчиларнинг бири Одил Ёқубов, иккинчиси – бир даста китобни қўлтиғига қисиб олгани Чингиз Айтматов экан. Азбаройи уларни сиртдан билганим учун бирдан танидим, бироқ салобатлари қаршисида бир оз довдирадим, хоҳишдан ташқари қадамлар эса масофани яқинлаштирди. Салом бердим, беихтиёр «Табриклайман» дедим. Одил ака очиқ чеҳра билан синашта қараб турар, Чингиз оғанинг қошлари чимирилган, бепарво эди. Улар орқа эшикдан кирган ва залга чиқаётган экан. Шу зумда мутасаддилар чопқиллаб келиб қолишди, суҳбат давом этмади. Чингиз Айтматов шу йиғилишда тепада, биринчи президент билан ёнма-ён ўтирди, сўзга чиқди, давлат бошлиғига китобларни совға қилди. Учрашув шундай кечган эди, Чингиз Айтматовнинг асарлари эса доимий ҳамроҳларимдан эди. Кейинчалик икки-уч марта тушимда кўрдим, ўзимнинг руҳий ҳолатимдан келиб чиқиб, туш аломатларини ўзимча таъбир қилдим.

Нима бўлибди? Дарахтлар қуршовида майсалар ҳам яшаш ҳикматини туяди. Асли дарахт бўлиб яратилганлар эса бир-бири билан ёнма-ён қўр ташлайди, бири пакана, бири дароз, тарвақайлаган бўлса ҳам. Ҳаммаси ҳам сояси атрофни тутишини – бири бутун ер юзини эабт этишини, бири ўз томорқасини қуршаб олишини тилаб яшайверади. Муйсафид дунёнинг оддий ишларидан бу.

Ҳаким Сатторий

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг