Путин АҚШ ва Европани кескин огоҳлантирди
Президент Владимир Путин Украина томонидан Ғарб давлатларида ишлаб чиқарилган қуроллар ҳамда ракеталар билан Россия ҳудудига зарба берилишига доир муҳокамаларга муносабат билдирди.
У Украина ҳарбийлари олис масофага парвоз қилувчи ракеталарни бошқариш салоҳиятига эга эмаслиги, бу вазифани НАТО давлатлари ҳарбий хизматчилари бажаришини айтган.
«Бу вазиятда гап Украина режимига Россия бўйлаб зарба йўллашга рухсат бериш ёки бермаслик ҳақида кетаётгани йўқ. Гап НАТО мамлакатлари (Россия ва Украина ўртасидаги) ҳарбий зиддиятда бевосита қатнашадими, йўқми – шу ҳақдадир. Агар шундай қарор қабул қилинса, бу НАТО мамлакатлари – АҚШ ва Европа мамлакатларининг Украинадаги урушда тўғридан-тўғри иштирок эта бошлаганини англатади», – деган Путин.
Россия раҳбари юзага келган таҳдидларга кўра «тегишли қарорлар қабул қилиниши»ни қайд этган.
Буюк Британия бош вазири Кир Стармер Путиннинг мазкур баёнотига муносабат билдирар экан, урушни Россия бошлагани, Украина эса ўз-ўзини мудофаа қилиш ҳуқуқи эга эканини урғулаган.
«Биз Россия билан зиддиятга боришни хоҳламаймиз, бу хаёлимизга ҳам келгани йўқ. Аммо бу урушни уларнинг ўзи бошлади. Украина эса ўз-ўзини мудофаа қилишга ҳақли», – деган инглиз ҳукумати раҳбари.
Ғарб давлатлари Россия босқини ортидан Украинага фаол равишда ҳарбий кўмак кўрсатмоқда. Аммо можарога НАТО давлатлари аралашиб қолиши эҳтимоли сабаб Киевга Ғарб ракета ва учоқлари билан Россиянинг ички ҳудудларига зарба йўллашга изн берилмаётган эди. Зеленский эса кўпдан буён ғарблик ҳамкорлардан бунга рухсат беришни сўраб келаётир. Эндиликда мазкур тақиқ босқичма-босқич бекор қилиниши кутилмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, 10 сентябрь куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Оқ уй Украинага Россиянинг ички ҳудудлари бўйлаб ракета зарбалари йўллашга рухсат бермоқчи эканини маълум қилди.
АҚШ Украинага 300 км га қадар масофага учувчи ATACMS ракеталарини етказиб берган. Агар Вашингтон Киевга «яшил чироқ» ёқса, Украина мазкур ракеталар билан Россиянинг Ростов, Воронеж, Белгород, Курск, Брянск, Липецк, Калуга каби вилоятларидаги нишонларга зарба йўллаши мумкин. АҚШдаги Урушни ўрганиш институти (ISW) ҳисоб-китобига кўра, Украина шу тариқа Россиядаги 245 та ҳарбий объект, жумладан, аэродромларга ҳужум уюштириш имконига эга бўлади.
11 сентябрь куни «The Guardian» газетаси АҚШ ортидан Буюк Британия ҳукумати ҳам Украинага Ғарб ракеталари билан Россиянинг ички ҳудудлари бўйлаб зарба йўллашга рухсат беришга шай экани ҳақида ёзди. Бу ўринда гап 250 км масофага қадар парвоз қилувчи Storm Shadow ракеталари ҳақида кетмоқда.
Украинага Ғарб қуроллари ва ракеталари билан Россияга ҳужум қилиш учун рухсат берилиши урушда маълум маънода бурилиши ясаши мумкин. Шунга кўра, 2022 йил 24 февралдан буён Украина ҳудудида босқинчилик урушини олиб бораётган Россия раҳбарияти Ғарбни бундай қарор қабул қилмаслиги учун очиқ-ошкора пўписалар билан огоҳлантириб келмоқда. Жумладан, жорий йил май ойида Владимир Путин Ўзбекистонга ташрифи якунида Тошкент аэропортида Россия журналистларининг шу мазмундаги саволига жавоб берар экан, НАТО мамлакатлари, хусусан, Европанинг аҳолиси зич жойлашган кичик давлатларини Москва билан ўйнашмаслик борасида огоҳлантирганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter