Тошкент ер усти метрополитен линиясида дастлабки рельслар ётқизилди
Тошкент метросининг «Дўстлик» бекатидан Қўйлиқ бозоригача бўлган қисмида «Оҳангарон» бекати йўналиши бўйлаб дастлабки рельсларни қўйиш ишлари бошлаб юборилди. Айни пайтда ушбу йўналишга 2 км.дан ортиқ пўлат излар ётқизилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» хабар берди.
Ушбу йўналиш 11 километрдан иборат бўлиб, «Дўстлик», «Оҳангарон», «Тузель», «Илтифот», «Роҳат», «Янгиобод» ҳамда «Қўйлиқ» бекатларини ўз ичига олади. Мазкур метро қурилишида бутунлай янги технология қўлланилмоқда. Эстакадалар учун монолит усулда бетон устунлар қуйиш жараёни ўзлаштирилиб, мамлакатда ишлаб чиқарилаётган материаллардан фойдаланиляпти.
Темирйўлчилар мустақилликнинг 28 йиллиги байрами арафасида «Дўстлик» ҳамда «Оҳангарон» бекатидаги қурилиш ишларини тўлиқ тугатишни режалаштиришган.
«Дўстлик» эстакада йўналишидаги биринчи бекатдир. Бир қаватдан иборат ушбу бекатда айни пайтда маъмурий бино, чиптахоналар, тиббиёт, хавфсизлик ва техник ходимлари учун хоналари қурилиб, сўнгги пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. 120 метрлик узунликдаги перронида ҳам сифатли қурилиш маҳсулотларидан фойдаланилиб, ер қисми мармар билан қопланди. Перрондан поездга чиқиш қисмига кўзи ожизлар учун махсус бўрттирилган мармар тошлардан ётқизилди.
«Оҳангарон» бекатида ҳам бунёдкорлик ишларининг сўнгги босқичи амалга оширилмоқда. Ушбу бекат икки қаватдан иборат бўлиб, биринчи қаватда маъмурий, чипталар сотиш ва хавфсизлик хоналари қурилди. Иккинчи қават эса асосан перрон қисми бўлиб, унга чиқиладиган икки томонга йўловчиларнинг чиқиб тушишлари қулайлигини таъминлаш мақсадида замонавий эскалаторлар ўрнатилди. Объектнинг ички ва ташқи қисмида сўнгги пардозлаш ишлари бажарилиб, миллий меъморий услубда безатилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, метро линиясининг ер усти ҳалқа йўлининг умумий узунлиги 54,8 километрдан иборат бўлади. Унинг 53,1 километри баландлиги 6 метр баландликдаги эстакадалар орқали ўтказилиб, лойиҳа беш босқичда амалга оширилади. Истиқболда янги линияда поездларнинг ўртача юриш тезлиги соатига 60 километрни ташкил этади. Ҳаракатланиш оралиқ вақти 4 дақиқадан иборат бўлади. Ушбу линияда 2 та вагон депоси қурилиши ҳам режалаштирилган. Бекатлардаги перрон 5 та вагон тўхташи учун мўлжалланган.
Россия Федерациясидан янги метро линияларининг эстакада йўналишида ҳаракатланадиган замонавий ва юқори сифатли, йўловчилар учун барча қулайликларга эга вагонлар тайёрланиб, юртимизга келтирилиши кутилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter