Ўтган январ ойи қуруқ келди: метеорологлар таҳлили
Гидрометеорология хизмати ўтган ой об-ҳавоси таҳлилини эълон қилди.
Ушбу йилнинг январ ойи нисбатан илиқ келди. Ўртача ойлик ҳаво ҳарорати иқлим меъёридан 0,5-1 даражага, шимолда 2-3 даражага, Устюртда 4 даражага юқори бўлди.
Январ ойининг биринчи ва учинчи ўн кунликларида республика ҳудуди бўйича совуқ тўлқинлар кузатилди, бунда ҳарорат меъёрдан 2-3 даражага, 23-24 январь кунларида эса 4-5 даражага паст бўлиши қайд этилди.
Январ ойининг иккинчи ўн кунлиги илиқ бўлди, ҳудуднинг катта қисмида меъёрдан 1-3 даражага юқори бўлиши қайд этилди.
Январ ойи жуда қуруқ келди. Республика ҳудудининг катта қисмида ой давомида ёғингарчилик меъёрдан 50% дан кам бўлди. Хоразм вилояти, Қорақалпоғистон Республикасининг жануби, Фарғона водийси ва Бухоро, Навоий вилоятлари ҳудудларининг катта қисми энг қурғоқчил ҳудудлар бўлиб, уларда ойлик ёғингарчилик миқдори меъёрдан 20% дан кам бўлди.
Фақат Сурхондарё вилоятида ва Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий ҳудудларида баъзи жойларда ёғингарчилик меъёр атрофида ва ундан кўп бўлди.
Текислик ҳудудларда ёғингарчилик асосан ёмғир кўринишида ёғди. Айрим кунларда баъзи жойларда ёмғир қорга айланиши кузатилди, аммо ҳудуднинг катта қисмида қор қоплами ҳосил бўлмади. Қисқа муддатга (1-2 кун) баландлиги 0,5 см дан 3 см гача бўлган қор қоплами фақат республиканинг марказий ва жануби-шарқий ҳудудларининг баъзи жойларида кузатилди.
Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида ой давомида қор қопламининг кўпайиши қайд этилди, бироқ тоғли ҳудудларнинг катта қисмида қор ўртача кўп йиллик ва ўтган йилги қийматлардан кам бўлди.
Ой охирида тоғларда қор захиралари меъёрдан 50-70% ни, Қамчиқ довони ҳудудида 40% ни ташкил этди. Фақат Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг ўрта тоғ ҳудудларида (Чимён метеостанцияси маълумотлари бўйича) қор баландлиги ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлди.
Январь ойида тез-тез туман ҳодисалари кузатилди, кўринувчанлик эса 50-500 мгача ёмонлашди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter