Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Миграция агентлиги давлат муассасаси шаклидаги бошқарув органига айланади

Миграция агентлиги давлат муассасаси шаклидаги бошқарув органига айланади

Фото: Президент матбуот хизмати.

Президент Шавкат Мирзиёевга миграцияни тартибга солиш ва меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар тақдимот қилинди.

Бутун дунёда ишчи кучи кўчиб юриши табиий жараён. Мамлакатимизда бундай фуқароларни чет элга тартибли ва хавфсиз жўнатиш бўйича муайян ишлар қилинмоқда. Охирги икки йилда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 70 минг киши ривожланган давлатларга юборилган.

Лекин айрим одамлар малака талаб қилмайдиган ўлкаларга ўзлари ҳам мустақил равишда кетаяпти. Уларнинг меҳнат ва яшаш шароитлари, касби, даромади турлича.

Давлатимиз раҳбари соҳада фуқароларга қулайликлар яратиш, меҳнат миграциясидан қайтган шахсларнинг бандлигини таъминлаш вазифаларини қўйган эди. Шу боис меҳнат миграцияси тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.  

Унга кўра, Бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги давлат муассасаси шаклида бошқарув органига айланади. Агентлик директори бир вақтнинг ўзида Бандлик вазири ўринбосари бўлади. У меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш жамғармасини ҳам бошқаради.

Буюк Британия, Германия, Польша, Венгрия, Япониядаги элчихона ва консулликларда меҳнат миграцияси бўйича атташе, Саудия Арабистонида агентлик вакили лавозими жорий қилинади. Хориждаги фуқароларимиз масалаларини тезкорлик билан ҳал қилиш учун элчихоналар ва тегишли вазирликларда 24 соат ишлайдиган «колл-марказлар» ташкил этилади.

«Хорижга иш – маҳалладан» тамойили йўлга қўйилади. Бунда, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси хорижда ишлаш истагида бўлган фуқарони аниқлаб, «Онлайн маҳалла» платформасига киритади. Номзодлар хориждаги иш берувчилар танловларига жалб қилинади.

Касбий малакаси йўқ ва тилни билмайдиган фуқароларни касбга ўқитиш ва профтаълим муассасаларида мақсадли тайёрлаш йўлга қўйилади. Бунинг учун Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳузурида фуқароларни хорижий тилларга ўргатиш ва ишлашга мақсадли тайёрлаш маркази очилади.

Хорижда ишлаш истагида бўлганлар муайян харажатларга ҳам дуч келади. Шу боис энди мигрантларнинг ишчи виза, йўл чиптаси, хорижий тил ва касб бўйича малакани баҳолатиш харажатлари қисман қопланади. Чет тили бўйича халқаро ёки унга тенглаштирилган сертификат олган фуқарога тил ўрганиш учун сарфлаган харажатининг 50 фоизи қоплаб берилади.

Меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳам муҳим масала. Шу боис, Сайхунобод тажрибаси асосида уларга томорқада маҳсулот етиштириб, даромад олиши учун молиявий кўмак берилади ҳамда бошқа турдаги бандлик хизматлари кўрсатилади. «Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш» комплекс дастурига мувофиқ имтиёзли кредитлар ажратилади. Тиббий муассасалар миграциядан қайтган шахслар ва уларнинг оила аъзоларини бепул тиббий кўрикдан ўтказади. «Инсон» марказлари томонидан ота-онаси хорижда меҳнат қилаётган болаларга ижтимоий ёрдам кўрсатилади.

Меҳнат миграциясидан қайтганларни ишга олган корхонага ҳар бир ходим учун бир йил давомида Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан ойига 500 минг сўм субсидия берилади. Ушбу тадбирларга бу йил учун барча манбадан 100 миллиард сўм ажратилади.

Давлатимиз раҳбари бу тизимни самарали йўлга қўйиб, фуқароларга сифатли хизмат кўрсатиш, бандликни ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг