Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Меҳнат муҳожирлари АҚШ ва Европани танламоқда – сабаб нимада?

Меҳнат муҳожирлари АҚШ ва Европани танламоқда – сабаб нимада?

2005—2015 йилларда Ўзбекистондан Россияга ва қисман Қозоғистонга мавсумий ишлашга кетиш энг урф бўлган палла эди. Жараён ўзи 2000-йиллар бошида бошланган эди (тожик ва қирғиз қўшнилардан кейинроқ), сўнг кучайиб кетди, натижада ўзбеклар Россиядаги меҳнат муҳожирлари ичида тезда биринчи ўринган чиқиб қолди (чунки одам сони кўп).

Миграция кучайишининг сабабларидан бири 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонга қўйилган санкциялар, иқтисодий ва сиёсий ёпилиш ортидан даромад туша бошлагани эди. Ўз навбатида, Россия бу йилларда гуркираб ривожланиб, бойиб бораётган эди. 2011—2014 йилларда энг кўп ўзбек Россияда ишлаш патенти олгани қайд қилинган. Айнан ўша йилларда, масалан, Москвада шунчаки "Ашан"да аравачаларни тўплаб юрган одам ҳам ойига 30 минг рубль (кунига минг рублдан) топарди. Рубль курси 1 долларга 32—34 юрарди. Яъни деярли ҳеч қандай малакага эга бўлмай, бемалол минг долларга яқин пул топиш мумкин эди.

2014 йилги воқеалардан сўнг (нефть нархининг тушиши, Қрим аннексияси, рубль қадрининг тушиши) Россияга бориб-келувчилар сони кўпайиши тўхтади, рақамлар барқарорлашди. Лекин Россияда жуда катта ўзбек диаспораси шаклланиб улгурди (максимал рақам — 4 млн гача).

2016—2018 йилларда Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш рўй берди, даромадлар бироз ошди, лекин бу миграция оқимини камайтирмади. 2022 йилги Украина босқинидан кейингина бу оқим пасайди.

Лекин оқим бошқа томонга йўналмоқда. Эндиликда кўпроқ ўзбек АҚШга, Европага кетишга интилмоқда ва бу миграция олдингисидан анча фарқ қилади. 2005—2015 йилларда гап тирик қолиш ҳақида кетаётганди, шунга Россия, Қозоғистон энг тезкор ва осон вариантлар эди, топилган даромад (минг долларгача) тирикчиликка етар эди.

Ҳозирги миграциядан мақсад тирик қолиш эмас, балки ошиб кетган эҳтиёжларни қоплашдир. Россия, Туркия, Қозоғистонда топиладиган ойликни ёки унга яқин даромадни, умуман олганда, Ўзбекистонда ҳам топса бўлади, Жанубий Кореяга кетиш имконияти эса чекланган. Шунга бошқа, 2 минг доллардан юқорироқ даромад келтириладиган бозорларга интилиш кучли.

Миграция мавзуси бирдан хаёлга келиб қолиб, бу бўйича тадқиқот ва аналитикани ўрганиб, шунақа маълумотлар олдим хуллас. Ва битта хулоса қилдим ўзим учун — Ўзбекистондан чет элларга меҳнат миграциясига кетиш ҳали ҳам давом этаётган бўлса ҳам, бу миграциянинг сифати ва муҳожирларнинг даромадга қўядиган талаблари ошган. Олдин тирикчилик мақсади қўйилган бўлса, ҳозир энди чиройли ҳаёт, каттароқ даромад мақсади қўйилмоқда. Янги бозорлардаги яшаш ва ишлаш шароитлари ҳам Россия ва Қозоғистондан яхшироқ.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистоннинг ичида даромад бироз ошиши миграцияни тўхтатмаган, чунки эҳтиёжлар ортиб бормоқда. Аҳоли 20 йил давомида тўпланган меҳнат миграцияси тажрибасини ишлатиб, даромад тармоқларини янада кенгайтирмоқда, хизматини қимматроққа сотишга уринмоқда.

Менимча, Ўзбекистон иқтисоди ўсиб кетсаям, миграция унча-мунчага тўхтамаса керак. Биринчидан, ишчи кучи ҳамиша ортиғи билан бор. Иккинчидан, хорижда тайёр тажриба, ўрнатилган алоқалар, қурилган ижтимоий тармоқлар, эгалланган бозорлар бор. Учинчидан, даромад ошиши эҳтиёжлар ҳам ортишига олиб келади, бунинг натижасида одамлар янаям кўпроқ пул топишга интилаверади, бу ҳалқа дўниб келаверади.

Элдор Асанов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг