Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Икки минг сўмлик пулга яширилган "сир" фош бўлди

Икки минг сўмлик пулга яширилган

Бухоро вилояти, Олот тумани ички йўлларида қоидабузарлик ҳолатида ҳаракатланиб бораётган «Мерседес» русумли автомашина йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларини шубҳага солган. «Xabar.uz»га маълум қилинишича, ушбу автомашина ҳайдовчисига тўғри ҳаракатланиш бўйича овозли огоҳлантирув берилган.

Йўл ҳаракати инспектори огоҳлантирувига бўйсинмаган автомашина туманнинг «Ёш ботир» маҳалласи ҳудудида жойлашган касб-ҳунар мактаби биноси олдида тўхтатилган.

Ҳайдовчидан тегишли ҳужжатлар талаб қилинганда, у турли баҳоналарни рўкач қила бошлаган. Ҳолат жойига Олот туман ички ишлар бўлими Жиноят қидирув бўлими ходимлари ҳам етиб келишган. Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилган. Ушбу жараёнда машина кабинасидаги соябон ичида бир дона 2000 сўмлик купюрага ўралган соф вазни 1,19 граммга тенг бўлган (судга оид кимёвий экспертиза хулосасида тасдиқланган) марихуанна гиёҳвандлик воситаси топилган. Ҳайдовчининг ушбу воситани қонунга хилоф равишда сақлаб келаётгани аниқланган.

Ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан иш қўзғатилган.

«Кейинги пайтларда гиёҳванд моддаларнинг қонунга хилоф равишда сақланиши ҳолатлари ортмоқда. Худди шундай ноқонуний ҳолат Ғиждувон тумани Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ҳам аниқланди. Туманнинг Ғишти маҳалласида яшовчи фуқаронинг яшаш хонадони ва ёрдамчи хўжалик биноларида ўтказилган тинтув-тергов ҳаракатлари жараёнида унинг ётоқхонасидан соф вазни 681 грамм бўлган марихуанна гиёҳвандлик воситаси топилди. Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда»,-деди вилоят ИИБ бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалолов.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг