Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Беш миллиард сўмга арзийдиган дуо

Беш миллиард сўмга арзийдиган дуо

«Олтин олма, дуо ол – дуо олтин эмасми?» Бу нақлни эшитгансиз. Аммо чин дилдан эмас, шунчаки айтилган дуо-ю фотиҳадан кўра, букланиб, ғижимланган бўлса-да, қоғоз пул, ялтирамаса-да, сариқ чақа зарур бўлган замонлар эди ўшанда. Айниқса, миллат келажаги, таълим ва ёшлар учун қилинадиган саховат, бериладиган пул ҳар бир даврда энг савоб иш ҳисобланган. Афсуски, буни тушунадиган, англайдиганлар саноқли...

1920 йил сентябрда Бухоро амирлиги тугатилгач, ташкил қилинган Бухоро Халқ Республикаси раҳбарлари этиб жадидлар – илмли, маърифатли «Ёш бухороликлар» сайланди. Улар Файзулла Хўжаев, Фитрат, Усмонхўжа, Садриддин Айний, Абдулвоҳид Мунзим эдилар. Бу инсонлар амирлик давридаги қолоқлик, истибдод ва жаҳолатнинг авж олгани сабабини илмга, техникага эътибор қилинмаганликнинг оқибати билан изоҳлашарди. Шунинг учун ҳам улар дастлабки ишни иқтидорли ёшларни тараққий этган Германияга ўқишга юборишдан бошладилар. БХР бюджетидан айнан илмга интилганлар учун Германия банкларидан бирига пул ажратилди.

Бухороликлардан ибрат олган бошқа ҳудудлардаги маърифатпарварлар ҳам Тошкент, Хоразм ва водий вилоятларидан иқтидорли ёшларни танлаб олиб, уларни Германияга жўнатишга ҳаракат қилишди.Аммо маблағ масаласи кўндаланг муаммо бўлиб турарди....

Ана шундай вазиятда Саидносирбой, Чўлпон, Мунаввар қори ва Абдулла Қодирийлар бир ташаббус билан чиқдилар. Унга кўра, 1921 йилда «Ўзбек билим ҳайъати» қошида «Кўмак» уюшмаси тузилди. Маърифатпарварлар замон оғир бўлса-да, маърифат учун саховат қиладиганлар топилар, деган эзгу ниятда ҳаракат бошлашди.

Ўша даврдаги вазиятни «Туркистон» газетасининг 1923 йил 27 январь сонидан билиб олишимиз мумкин. Хумсонлик тахаллуслик муаллиф «Сўнгги кўмакни кимлардан кутишимиз керак?» номли мақоласида шундай деб ёзган эди:

«Туркистондан четга бориб ўқиш учун 1921 йил бошларида «Ўзбек билим ҳайъати» томонидан студент Саидалихўжа бўлган ҳолда бир неча ўқувчиларнинг рўйхати олиниб, ҳукуматга топширилган эди. Бир неча муддат бунинг кетидан юриб, натижада ҳукуматимизнинг моддий кўмак бера олмаслиги билингач, бу масала ўз-ўзидан тўхтади. Лекин ўқигувчиларнинг орасида кўтарилган четга кетиб ўқиш ҳаваси эса бунинг билан битмади. Ўқигувчилардан қайси бир ўзига тўқлари (гарчи борлиқ нарсаларини сотиб бўлса-да) яна четга кетмак орзусида бўлдилар.

Буларнинг ўзаро ташаббусини кўрган «Билим ҳайъати» четда томошачи бўлиб тура олмади. Ва четга кетувчи студентларнинг ўзларидан бир комиссия тузиб, ўз аъзоси Саидалихўжани шул комиссияга бошлиқ этиб, «Кўмак» номи остида бир уюшма тузди.Уюшма кеча-ю кундуз ишлаб, бир кишини четга жўната олди».

Ҳа, ғоят оғир йиллар эди. Ҳукуматга ҳам қийин. Мададдан умидвор бўлишнинг фойдаси йўқ. Тўпланган пул эса атиги бир кишини ўқишга юборишга етди. Бораман, илм ўрганаман, дейдиганлар эса ҳаддан зиёд эди. Хўш, нима қилиш керак? Кимдан кўмак кутиш лозим?

Чўлпон, Қодирийлар эл орасида юриб, ташаббус билан чиқдилар: «Ёшлардан хайриянгизни аяманг!», «Илм учун саховат кўрсатинг!» Ташаббускорлар ўзларидаги маърифатпарварлик, илмга интилиш, ёшлар иқболини ўйлаганлари сабабли ибрат кўрсатишди. Қодирийдек меҳридарё, ҳожатбарор инсон ўз боғида етиштирган меваларни сотиб, «Кўмак»ка хайрия қилди. Чўлпон эса қийналиб юрганига қарамай, қалам ҳақларини тўплаб, кийим-бош оламан, деб йиққан пулини ёшларга бағишлади. Бу борада улар «менинг жияним, аммамнинг фарзанди бор, тўпланган халқ пулига Германияга шу бориб ўқий қолсин», деб ҳаракат қилишмади. Миллат манфаати, ёшлар келажаги улар учун маҳаллийчилик, таниш-билишчиликдан устун эди.

Бу инсонларнинг ташаббуси ва хайр-саховатидан бошқалар ҳам ибрат олишди. «Туркистон» газетасининг 1922 йил 18 декабр сонидаги хабарга кўра, Тошкентдаги бир гуруҳ маориф ва маданият арбоблари ўқишга борувчилар учун пул топширган. Улар орасида Саидносирбой Миржалолов (йигирма минг сўм), шоир Чўлпон (етти ярим минг сўм), Мунавар қори, Шокиржон Раҳимийлар бор эди. Бундан ташқари, Тошкент зиёлилари 2 декабрда адабий кеча уюштириб, ундан тушган етмиш беш минг сўмни ҳам Германияга юбордилар.

Зиёлиларнинг бундай хайр-саховатини кўриб, оддий халқ «Кўмак»ка оз бўлса-да, пул топшира бошлади. Афсуски, ўзига тўқ, бойлигини маишатга сарфлаётган баъзи кишилар бундай тадбирдан ўзларини четга олишарди. Ташаббускорларга, «шундан бошқа ташвишим йўқми?», «меним болам ўқирмиди?», дея жавоб бериб юборишарди. Бундай калтабинликка гувоҳ бўлган Абдулла Қодирий «Муштум» журналининг 1923 йил тўртинчи сонида «Кўмак» уюшмасига ионалар» номли ҳажвиясини эълон қилди. У шундай бошланади:

«Кейинги кунларда « Кўмак» уюшмасига берилган ионаларнинг ҳисоби жуда ҳам кўпайиб кетди.Тушган ионаларни уюшманинг битта кассаси эплай олмаганликдан иккинчи касса олмоққа мажбур бўлинди.Кейинги ойда иона берган сахийларнинг рўйхати мундайдур:

1. Валиҳожи – беш миллиард сўмга арзийдиган дуо.

2. Ғулом шайх бойбачча – «Ўқишга кеткан йигитлар мулло бўлсунлар» деган яхши тилак (баҳо қўйиш комиссиясининг сўзига қараганда, бу иона ҳам беш миллиардга арзир экан).

3. Азим бойвачча, кўмирчи – саккиз пуд тошкўмир.

4. Тужжор ширкати – иккита сопол товоқ билан битта хурмача.

5. Камар ширкати – чорак қадоқ олма чойи.

  6. Пойафзал бозоридаги дўконлар ўзаро – бир пой бачкана этик.

7. Чит бозорининг дўконларидан – бир газу уч чорак газлама.

8. Аттор оға-инилардан–икки қути упа.

9. Қассобликдан – беш дона ўпка.

10. Қандолатчилардан – уч истакан писташка билан бир қадоқ пашмак ва бошқалар.

Ушбулардан Берлин ўқугувчиларимизга юборилди:

Берлиндаги талабаларимиз ортуқча муҳтож бўлғонликларидан биринчи галда тўрт пут тошкўмир, иккита сопол товоқ, бир посилка дуо юборилди».

Қодирий – Жулқунбойнинг бу ҳажвияси ўлкада катта шов-шув бўлиб, баъзи дўкондор, савдогар, боғбонлар уялганидан «Кўмак»ка хайрия қила бошлашди. Аммо айрим мутаассиб мулла, маишатпараст кишилар барибир саховатдан, илмга хайрия қилишдан четда қолаверди.

Шундай бўлса-да, маърифатпарварлар, халқнинг тушунган қисми саъй-ҳаракати, Қодирий ҳажвиясининг таъсири сабабли «Кўмак»ка анчагина пул тўпланди. Бу маблағга эса Хайринисо Мажидхон қизи, Абдулвоҳид Исҳоқ, Абдулвоҳид Муродий, Солиҳ Муҳаммад, Азимбек Байрамжон, Тўлаган Мўмин, Султон Маматқул, Иброҳим Аҳмаджон, Темирбек Қозибек сингари илмга интилган ёшлар Германияга жўнаб кетдилар.

Ўша долғали, қийин замонларда ҳам ёшларнинг Германияда ўқишига, «Кўмак»ка пул тўпланишига Чўлпон, Саидносирбой, Мунаввар қори ва Абдулла Қодирий каби маърифатпарвар ажододларимиз сабабчи бўлишган.

Умид Бекмуҳаммад,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг