Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент конференция иштирокчиларига табрик йўллади

Президент конференция иштирокчиларига табрик йўллади

Президент Шавкат Мирзиёев Халқаро тўқимачилик ишлаб чиқарувчилари федерацияси ва Халқаро кийим-кечак федерациясининг қўшма конференцияси иштирокчиларига табрик йўллади.

Аввало, сиз, азизларни бугунги нуфузли анжуман – Халқаро тўқимачилик ишлаб чиқарувчилари федерацияси ва Халқаро кийим-кечак федерациясининг қўшма конференцияси очилиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Ушбу қўшма конференция Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётгани учун Халқаро тўқимачилик ишлаб чиқарувчилари федерацияси президенти Кей Ви Шринавасан ва Халқаро кийим-кечак федерацияси президенти Чем Алтан жанобларига алоҳида миннатдорчилик билдираман.

Мазкур анжуманда қатнашаётган соҳанинг юқори мартабали вакилларига, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарларига ҳам ташаккур изҳор этаман.

Қадимий буюк ипак йўли дурдонаси, уста ҳунармандлар юрти бўлган азим Самарқанд шаҳрига хуш келибсиз!

Ҳурматли конференция иштирокчилари!

Биз кейинги йилларда мамлакатимизда инвестиция ва бизнес муҳитини тубдан яхшилаш, хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун ҳар томонлама қулай шароитлар яратиш борасида қатъий қадамлар ташладик.

Ҳар бир соҳа ва тармоқда бўлгани каби, тўқимачилик ва кийим-кечак саноатида ҳам кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз.

Энг аввало, пахта етиштиришда давлат монополиясига барҳам берилди, хомашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган жараённи тўлиқ қамраб олган кластер тизими яратилди ва босқичма-босқич такомиллаштириб борилмоқда.

Соҳадаги ислоҳотларимиз нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилиб, Ўзбекистонга нисбатан «пахта бойкоти» бекор қилинди. Бу борада «Cotton Capaign» халқаро коалицияси билан ҳамкорлигимиз давом эттирилмоқда.

Шу билан бирга, барқарор қонунчилик базаси яратилгани, инвестициявий муҳит яхшилангани, янги технологиялар жорий этилгани натижасида пахта толасини қайта ишлаш 2017 йилдаги 40 фоиздан 100 фоизга етди. Айни вақтда четдан тола ва хомашё олиб келиб, юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасидаги ишлар ҳам бошланди.

Соҳада яратилган имкониятлар туфайли тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 5 баробар кўпайди, уларнинг экспорти 4 карра ортди.

Энг муҳими, илгари соҳада экспортнинг салмоқли қисми, яъни 70 фоизи хомашё ҳиссасига тўғри келган бўлса, бугунги кунда четга сотилаётган товарларнинг 60 фоизини тайёр маҳсулотлар ташкил этмоқда.

Биз ислоҳотларни бошлаган илк даврдаёқ инсон капиталини ривожлантириш, аҳоли, айниқса ёшлар ва аёлларни касбга ўргатиш, барча соҳалар учун малакали кадрлар тайёрлашни устувор вазифа сифатида белгилаб олдик ва бу масалалар бундан буён ҳам диққатимиз марказида бўлади.

Корхоналардаги ишчилар учун халқаро талабларга жавоб берадиган, муносиб меҳнат шароитлари яратилмоқда, «Better Work» ва «Better Cotton» дастурлари тизимли жорий этилмоқда.

Соҳада банд бўлган 600 мингдан зиёд аҳолининг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, тўқимачилик соҳасида миллий брендларни яратиш, мамлакатимизга нуфузли халқаро ва хорижий брендларни жалб этиш бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда.

Мамлакатимизда Германиянинг «Тимдрес», Италиянинг «Котонелла», Сингапурнинг «Индорама», Кореянинг «Поско Интернейшнл» ва «Янг-ван» компаниялари каби жаҳон бозорининг нуфузли иштирокчилари самарали фаолият олиб бормоқда.

Ўзбекистон тўқимачилик саноати жаҳондаги ишлаб чиқариш жараёнларига фаол интеграция бўлиб, дунёнинг барча қитъаларида ишончли ҳамкорларимиз кўпаймоқда.

Таъкидлаш жоизки, хорижий инвесторлар ва халқаро брендлар билан узоқ муддатли ҳамкорлик қилиш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, миллий брендларни халқаро даражага олиб чиқиш – келгусида ҳам тўқимачилик саноатидаги устувор йўналишларимиз бўлиб қолади.

Ишончим комил, бугунги конференция ушбу соҳада ўзаро ҳамкорликни халқаро миқёсда янада юксалтириш ва мустаҳкамлаш, илғор тажриба ва ғоялар билан алмашиш учун самарали платформа бўлиб хизмат қилади.

Бу эса, анжуманда иштирок этаётган 500 дан зиёд миллий ва халқаро ташкилотлар, ишлаб чиқарувчилар ва «ритейл» компаниялар вакиллари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириб, соҳа ривожини янги сифат босқичига олиб чиқиш имконини беради, деб умид қиламан.

Биз хорижий ҳамкорларимизнинг ўзаро манфаатли барча ташаббусларини юксак баҳолаймиз ва қўллаб-қувватлаймиз. Жумладан, халқаро брендлар Ўзбекистонга кириб келиши учун зарур стандартларни жорий этишда ҳар томонлама кўмаклашамиз.

Нуфузли халқаро ташкилотларга конференция, кўргазма, мода намойишларини юртимизда, айниқса, туризм ва саноат салоҳияти юқори бўлган Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Марғилон, Қўқон, Наманган, Андижон шаҳарларида мунтазам ўтказиб боришлари учун барча шароитларни яратиб беришга тайёрмиз.

Аминманки, юртимизнинг қадимий тарихи, бой маданий мероси, меҳнаткаш ва олижаноб халқимиз билан учрашувлар сизларда унутилмас таассуротлар қолдиради, ҳудудларимизнинг улкан ижтимоий-иқтисодий салоҳияти эса, инвесторларни янги-янги лойиҳаларни амалга оширишга ундайди.

Сизларни бугун ўз ишини бошлаётган йирик анжуман билан яна бир бор табриклаб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, конференция ишига эса муваффақиятлар тилайман, дейилади табрикда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг