Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эзма одам билан суҳбат (ҳажвия)

Эзма одам билан суҳбат (ҳажвия)

– Мен нима ҳақида гапираётган эдим?.. Ҳа, қатиқ ҳақида... Йўқ, сузма бошқа нарса. Чаккими, у ҳам қатиқ! Бир хил егулик, фақат икки хил ном билан юритилади... Сузма қатиқ эмас, дедим-ку! Майли, қатиқ бўла қолсин... Роса ўжар одам экансиз, ука. Ёши катта одам гапирганда ҳурматини қилиб, гапга қулоқ солинг-да, гарчи меҳмон бўлсангиз ҳам... Оббо, яна баҳслашади-я!..

Қатиқнинг тайёрланишими? Сут қайнатилиб, совигандан сўнг моя урилади, зардоби олинса, қатиқ-да... Творог умуман бошқа нарса. Қатиқ бемаза бўлса, демак, қаймоғи олинган... О, яшанг, қаймоғи олинмаган сутдан мазали қатиқ чиқади... Нега энди, творогни татиб кўрганман.

Жиянимнинг ишхонасига юқори идорадан бошлиқлар келишган экан. Хизмат машинаси бузилиб қолгани учун менинг автоуловимда улар ётган меҳмонхонага бордик. Меҳмонхона емакхонасида уларнинг нонуштасига таклиф этишди мени.

Столга ҳар бир киши учун алоҳида ликопчаларда қатиққа ўхшаш егулик тортишди. Кўриниши – офтобда қотиб, суви қочган қатиқнинг ўзгинаси! Билсам, творог дейишаркан. Қаршимда ўтирган меҳмон кўз очиб-юмгунча ликопчадаги творогнинг рангини ўчирди. Мен қошиқча билан озроқ олиб оғзимга солсам, бирам бемаза! Жияним шакар ва қаймоқ қўшиб ейишни маслаҳат берди. Шундай қилдим. Йўқ, барибир мазаси ёқмади. Бундан кўра қатиққа барра пиёзни ботириб ейиш минг марта афзал.

Кейин чалпакка ўралган егулик келтиришди. Ичида гўшт бўлса керак, деб ўйлагандим. Йўқ, яна творог экан! Хамирли пишириқдан татиб кўрмоқчи эдим, у ҳам творогдан! Ўргилиб кетдим бунақа нонуштадан, дея жиянга дашном бердим. Бу овқатдан янганг пиширган атала тузук, дедим унга...

Нима, даволовчи овқат дедингизми? Творог-а? Менимча қатиққа келадигани йўқ. Қуритиб уни қурут қилинг, суюлтириб чалоп қилинг, лекин ўзи асл ҳолида ичимликка зўр газак-да!..

Э-э-э, сузма дейишни қўймадингиз-да. Одам дегани ҳам шунақа эзма бўладими-а?.. Мутахассиссиз?.. Қаерда ишлайсиз?.. Қайси сут комбинатида? Технолог бўлибми? Яхши... Демак, сузма ҳам қатиққа ўхшаган нарса экан-да. Қаранг, билмаган эканмиз.

Мусалласми? О, у зўр ичимлик. Ҳам вино, лекин вино эмас. Шошманглар, ичингизда вино комбинатида технолог бўлиб ишлайдиган ождам йўқми?.. Яхши, унда айтаман...

Аммо билиб қўйинг, сиз роса эзма экансиз!

Хуршид Нуруллаев

 

 

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг