Бошлиқнинг юмушлари (ҳажвия)
Бошим қотиб қолган. Ўйлайвераман-ўйлайвераман. Бошлиғим билан муносабатимиз аввалги ҳолатига қайтмаяпти-да! Нима қилсам экан? Тўғриси, бошлиғим менга ҳеч қандай эътироз билдирмади, у кишидан хафа бўлишга асосим ҳам йўқ. Зиммамга юклатилган вазифани қойилмақом қилиб бажарганимнинг исботи шуки, бошлиқдан бирор марта дакки эшитмаганман. Кўнглимнинг безовталиги сабаби... бошлиқнинг мен билан бир хонада ишлайдиган ҳамкасбимга нисбатан меҳри ортиб бораётганида. Худди бир кунда бор будидан айрилиб, хонавайрон бўлган одамдекман.
Авваллари бошлиқнинг бирор шахсий иш чиқса, уйига мени юборарди. Айниқса, дам олиш кунларида ҳақиқий байрам бўларди. Чунки, бошлиқнинг дала ҳовлисини тартибга келтиришдан тортиб, ҳовли саҳнида мармар ҳовузи бор икки қаватли муҳташам бинодан иборат шаҳардаги ҳовлисигача саранжом-саришта қиларканман, худди жаннатда юргандек сезардим ўзимни. Арзимас шу хизмат сабаб раҳбаримиз билан яқин эдик.
Хуллас, ҳаммаси яхши эди. Аммо бир куни ҳамхонамнинг ҳасадини келтириш учун уни ўзим билан ўша дала ҳовлига олиб бордим. Кейин эса...
Меҳнат таътилига чиқиш зарилмиди менга? Бир ой ишда бўлмаганимда ҳаммаси бунчалар чаппа бўлиб кетишини ким ҳам ўйлабди, дейсиз!
Ҳамкасбимдан икки йил олдин ишга келганим учун хонадаги ягона телефон менинг иш столимда турар, қўнғироқларга ҳам ўзим жавоб қайтарардим. Бу сафар ҳам шундай бўлди.
– Алё?
– Хонадошингизга айтинг, бизнинг уйга борсин.
– А?.. Хўп бўлади.
Гўшакни қўйиб, ҳамкасбимга қарадим. У сўзсиз тушуниб, ўрнидан турди.
– Хўжайингами?
– Уйларига, – дедим базўр тилиб айланиб.
Хонадошим чиқиб кетиши билан юрагимга оғриқ кирди. Ҳасад қилиш яхши эмас, аммо нима қилай? Аҳволим сира енгиллашмасди. Ахийри чидолмай, бошлиқнинг хонаси томон йўналдим.
Бошлиққа гап йўқ. Йиғлагудек бўлиб айтган ҳар бир сўзимни жим туриб эшитди. Кейин келадиган шанба куни дала ҳовлисига ўзим боришимни айтиб, юпатган бўлди. Дўстлари билан улфатчилик қилишаркан. Ҳовузни тозалашдек шарафли иш яна каминага юклатилганидан севинчим ичимга сиғмасди.
– Хонадошингиз эса уй ишларига боради, – деди бошлиқ. – Роса муғомбир экан, янгангизнинг кўнглини топганга ўхшайди.
Бошлиқ охирги сўзни айта туриб, бир кўзини маъноли қисиб қўйди.
Мен хонамга қайтиб, оғир ўйга ботдим. Худдики хонадошим хонада пайдо бўлиб, менга тиржайиб қўйгандек туюлди. Ҳаётимдаги энг катта хатоим бошлиқнинг уйига қатнаб, хотинига етарли эътибор бермаганим, деган хулосага келдим. Энди янганинг кўнглини топишим керак.
Шу ҳақда ўйлайвераман-ўйлайвераман. Бошим шишиб кетди.
Хуршид Нуруллаев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter