Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қадимги шафқатсиз қирғин қурбонлари топилди

Қадимги шафқатсиз қирғин қурбонлари топилди

Фото: «Donpress.com»

Халқаро олимлар гуруҳи темир давридаги оммавий қотиллик изларини топишди. «Antiquity» журналида чоп этилган тадқиқот натижалари ҳақида «Phys.org» пресс-релизида маълум қилинди.

Мутахассислар ҳозирги Испания ҳудудида жойлашган қадимги Ла-Хойя манзилгоҳидаги қазилма ишлари пайтида топилган скелет қолдиқларини ўрганишди. 13 та инсон суяги чиққан: тўққизта катта ёшли одам, иккита ўсмир қиз ва битта чақалоқ — уларнинг ҳаммаси милоддан аввалги 365 ва 195 йиллар оралиғида ҳалок бўлишган.

Археологлар қирғин ўта шафқатсизларча амалга оширилганини таъкидлашмоқда: қурбонлардан бирининг боши танасидан жудо қилинган, қизлардан бири эса қўли кесиб ташлангандан сўнг ўлдирилган: мис билагузук тақилган қўл танасидан бир неча метр узоқликдан топилган. Жасадлар дафн этилмаган, айримларида куйиш белгилари аниқланган. Бу қишлоққа ҳужум қилингани, аҳоли қириб ташлангани ва уйларга ўт қўйилганидан далолат беради. Шунга кўра, тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, темир даври Пиреней ярим оролида зўравонликлар даври бўлган.

Темир даврида одамлар металлга ишлов беришни, ундан турли қурол-аслаҳалар ясашни ўрганиб олишган.

Темир даври милоддан аввалги XII асрдан милодий IX асргача давом этган. Бироқ Европа ва Осиёнинг турли жойларида у ҳар хил асрларда бошланган ва тугаган (Шимолий Европада у милодий биринчи минг йилликнинг деярли охиригача давом этган).

Ўзбекистон ҳудудида Темир даври ёдгорликлари милоддан аввалги 8-6-асрларга мансуб бўлиб, улар Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Хоразм, Фарғона, Тошкент вилоятларида топилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг