Путиннинг шов-шувли суҳбати эълон қилинди
Владимир Путин Такер Карлсонга берган интервьюсида Украина ва Ғарбни ҳозирги ҳарбий можарони бошлаганликда айблаб, Вашингтонни ўз позициясини қайта кўриб чиқишга чақирди ва Россия мулоқотга тайёр эканини тасдиқлади.
Россия президенти Владимир Путин америкалик машҳур журналист Такер Карлсонга 2000 йиллар бошида президент бўлганидан сўнг Ғарб билан муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилгани ва ҳатто бир пайтлар президент Клинтондан Россия НАТОга кириши мумкинми, деб сўраганини айтди. Путиннинг сўзларига кўра, охир-оқибат унга рад жавоби берилган.
Путин НАТОнинг шарққа томон кенгайиши ва Украинанинг иттифоққа қўшилиш истиқболи Россиянинг Ғарб билан ҳозирги душманлик муносабатларига олиб келгани ҳақидаги эски даъволарини такрорлаган.
Унинг сўзларига кўра, ҳарбий можарога сабаб бўлган ҳодиса — 2014 йилдаги «Киевдаги давлат тўнтариши» ва кейинчалик Киевнинг Минск келишувларини бажаришдан бош тортиши бўлган.
Путин, шунингдек, Россия Донбассни Украинага қайтаришга тайёрлигини айтди.
«Мен чин дилдан ишонардимки, агар биз Донбассда яшовчи одамларни ҳали ҳам Украина давлатчилиги доирасига қайтишга кўндира олсак, яралар аста-секин битади», деди У.
Аммо, унинг сўзларига кўра, Киевда улар масалани ҳарбий куч ёрдамида ҳал қилмоқчи бўлган. Россия президентининг сўзларига кўра, ҳозирги урушни Россия эмас, «Донбассни саккиз йил давомида бомбардимон қилиши» орқали Украина бошлаган.
Путин, шунингдек, агар Вашингтон ва Британия бош вазири Борис Жонсон Истанбул келишувини тузишга тўсқинлик қилишмаганида уруш аллақачон тугаган бўларди, деди.
Унинг айтишича, Вашингтон ўз позициясини қайта кўриб чиқиши керак. «Агар истак бўлса, вариантлар бор», деди Путин ва Москва мулоқотга тайёрлигини қўшимча қилди, бироқ қандай шартларда эканига аниқлик киритмаган.
Владимир Путин Қўшма Штатларни «Шимолий оқим»га путур етказишда айблаб, «Марказий разведка бошқармаси ҳеч қандай маълумотга эга эмас», деди.
«Украинадаги бу чексиз мобилизация, ички муаммолар, буларнинг барчаси... Эртами-кечми барибир келишувга эришамиз», деди Россия раҳбари.
Карлсоннинг Россия Полшага ҳужум қиладими, деган саволига жавоб берар экан, Полша Россияга ҳужум қилган тақдирдагина бу содир бўлишини айтди. «Бизнинг Полшада ҳам, Латвияда ҳам манфаатимиз йўқ — ҳеч қаерда. Бу бизга нима учун керак? Бизда шунчаки манфаат йўқ», — деди Россия президенти.
***
Владимир Путиннинг америкалик Такер Карлсон билан суҳбати катта шов-шувга сабаб бўлди. Унинг анонси миллионлаб марта томоша қилинди ва суҳбатнинг тўлиқ версиясини нашр этган Х иловаси App Store дўконида энг кўп юклаб олинган дастур бўлди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter