Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Медведев Путиннинг ҳимоясига чиқди

Медведев Путиннинг ҳимоясига чиқди

Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари, собиқ президент Дмитрий Медведев Германиянинг Владимир Путинга доир қарорига муносабат билдирди.

Хабарингиз бор, Россия Марказий сайлов комиссияси жорий йил 15-17 март кунлари бўлиб ўтган президентлик сайловида амалдаги давлат раҳбари Путин 87 фоиздан кўпроқ овоз тўплаган ҳолда ғолиб чиққанини эълон қилди.

Германия ҳукумати аксар Ғарб давлатлари каби Россияда сайлов эркин ва ҳалол ўтказилганини савол остига олди ва унинг қонунийлигини тан олмади. Шунга кўра олмон давлати расмий ҳужжатларида Владимир Путин «Россия Федерацияси президенти» деб юритилмаслиги, шунчаки унинг исм-фамилияси зикр қилиниши маълум қилинди. Берлин, шунингдек, Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудларида ҳам овоз бериш ташкил этилганини қоралади.

Дмитрий Медведев Германиянинг Путинни президент сифатида тан олмаслигини «шармандали заифлик» деб баҳолади.  У, шунингдек, Путин давлат раҳбари сифатида тан олинмаса, у билан қандай музокара олиб борилишини савол остига олган.

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлардаги постларида юқори мартабали сиёсатчига ярашмайдиган ножўя сўзларни ишлатаётган Медведев бу гал ҳам одатини канда қилмаган: олмон сиёсатчиларини «колбасафурушлар» деб атаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг