Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабга ўқувчиларни қабул қилиш тартиби эълон қилинди

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабга ўқувчиларни қабул қилиш тартиби эълон қилинди

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги АКТга ихтисослаштирилган мактабга ҳужжатлар қабули ва имтиҳонлар онлайн шаклда бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабга 2020/2021 ўқув йили учун 5-9-синфларга ўқувчилар қабули бошланганлигини эълон қилади.

Ҳужжатлар 2020 йил 10 сентябрь куни соат 08:00 дан 20 сентябрь куни соат 24:00 гача Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабнинг www.ictschool.uz расмий веб-сайти орқали фақат онлайн қабул қилинади.

Бу йил квота бўйича 5-синфга 120, 6-синфга 60, 7-синфга 60, 8-синфга 60, 9-синфга 30 — жами 330 нафар ўқувчи танлов асосида саралаб олинади.

21-24 сентябрь (4 кун) ҳар бир ўқувчига ID рақам онлайн шаклда юборилади.

Имтиҳонлар икки босқичда ўтказилади:

1-босқич: 25-29 сентябрь кунлари онлайн тест синови ва онлайн мантиқий масалалар ечиш;

2-босқич: 5-7 октябрь кунлари ZOOM дастури орқали онлайн суҳбат.

Имтиҳонларни ўтказиш тартиби:

1-босқич математика ва инглиз тили фанларидан онлайн тест синови ва онлайн мантиқий масалалар ечиш.

5-синф учун — 25 сентябрь

6-синф учун — 26 сентябрь

1-босқич математика, физика ва инглиз тили фанларидан онлайн тест синови ва онлайн мантиқий масалалар ечиш.

7 синф учун — 27 сентябрь

8 синф учун — 28 сентябрь

9 синф учун — 29 сентябрь

Биринчи босқичда жами иштирокчилардан 1 ўринга 3 нафаргача талабгор ўқувчилар саралаб олинади.

Биринчи босқичда 5-синф учун 360, 6-синф учун 180, 7-синф учун 180, 8-синф учун 180, 9-синф учун 90 нафар — жами 990 нафар юқори балл олган ўқувчи иккинчи босқич имтиҳонига ўтказилади.

2-босқич:

Биринчи босқичдан муваффақиятли ўтган ўқувчилар учун уларнинг синфларидан келиб чиқиб, математика, физика ва инглиз тили фанларидан ZООМ дастури орқали онлайн суҳбат ўтказилади:

5 синф учун — 5 октябрь

6-7 синф учун — 6 октябрь

8-9 синф учун — 7 октябрь.

Иккинчи босқич имтиҳонида инглиз тили фанидан 1 та мавзу бўйича ўқиш, таржима қилиш ва суҳбатлашиш маҳорати синовдан ўтказилади, математика ва физика фанларидан эса 2 тадан мисол ишланади.

Имтиҳон синов жараёнларининг назорат қилиш тартиби:

тест жараёни реал вақт оралиғида ўқувчига бир марта топшириш имконини бериш орқали назорат қилинади;

суҳбат жараёнида бир ўқувчига — жами 3 нафар ходим жалб қилинади, онлайн суҳбат — имтиҳон жараёни ёзиб олинади.

Имтиҳон синовлари Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, Тошкент шаҳридаги Амити университети ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, ўқитувчи мутахассислари томонидан ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда биринчи бўлиб Тошкент шаҳридаги Амити университети ва Тошкент шаҳридаги Инҳа университети 2020-2021 ўқув йиллари учун кириш имтиҳонларини тўлиқ онлайн шаклда амалга оширилган.

Онлайн ҳужжат топшириш учун талаб этиладиган ҳужжатлар

Юкланиши лозим бўлган ҳужжатлар

  1. Туғилганлик ҳақида гувоҳнома (рангли сканер, pdf — 10Mb ошмаган ҳолатда);
  2. Ўқувчининг 2019-2020 ўқув йилини математика, физика ва инглиз тили фанларидан «5» баҳоларга ва бошқа фанларни яхши «-5» ва «4» баҳоларга битирганлигини тасдиқловчи табель мактаб директори томонидан тасдиқланган бўлиши керак (рангли сканер, pdf — 10Мb ошмаган ҳолатда).
  3. 3/4 расм (jpg/png/jpeg-форматида).

Маълумот учун:

2020 йил 10 сентябрь кунидан бошлаб, ота-оналар ва мурожаатчиларга қулайлик яратиш мақсадида 1206 қисқа рақамли Саll-сеntеr ташкил этилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг