Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

Улуғбекнинг қонли кўйлаги парчаси қаерда? (иккинчи мақола)

Улуғбекнинг қонли кўйлаги парчаси қаерда? (иккинчи мақола)

Темурийлар мақбарасида ўтказилган 1941 йилги экспедицияда Мирзо Улуғбек эгнидаги либоси билан дафн этилгани исботланган. Лекин, либос парчалари қабрдан олинган ва бошқа топилмалар қатори қайтадан дафн этиш вақтида ўрнига қўйилмаган.

Қабрдан музей фондига, фонддан экспозицияга, экспозициядан қаерга?  

Нодир ашёлар, жумладан Улуғбек либоси парчалари узоқ йиллар Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт  музейида (экспедиция Алишер Навоийнинг юбилейи муносабати билан амалга оширилган) сақланган. 1964 йилда Самарқандда Мирзо Улуғбек расадхонаси ҳудудида музей ташкил этилганда, олимнинг қонли кўйлаги парчаси экспозициядан ўрин олган. 2010 йилда эса бу экспонат янгидан қурилган музей залига қўйилмаган. Либос парчаси бугунда қаерда экани номаълум...


Ўқинг: Улуғбек ҳақида билган-билмаганларимиз. Абдулатиф отасини ўлдирган... дейилса миллат шаънига таъсири бўладими? (биринчи мақола)


Экспедиция кундалигида Мирзо Улуғбекнинг қабри очилиши тасвирларидан: «... нафис газламадан тўқилган чолвор ва унинг тепа қисмида эса белбоғсимон тасманинг қолдиғи сақланган. Шунинг билан бирга жасад билан бирга Улуғбекнинг тиззаларига етадиган кўйлагининг қолдиқлари ҳам мавжуд. Шариат қонунларига кўра, Мирзо Улуғбек ўлдирилган пайтда қайси кийимда бўлса худди шу кийимларда дафн этилган. Шариатга кўра, шаҳид бўлган кишини ювиш, бошқа кийим кийдириш, мўмиёлаш бутундай тақиқланган... Қабрни сув босганлиги учун либослар жуда ёмон сақланган. Шунга қарамай, В. Кононовнинг заҳматкашлиги билан газлама қолдиқларини йиғиб олишга эришилди. Унинг аниқлашича, Улуғбекнинг чолвори ва кўйлаги пахта ва ипакдан тўқилган газламадан тикилган экан. Чунки шариатга кўра, мусулмон эркаклари ипакдан тикилган либос кийишлари маън қилинган. Ипак унинг танасига тегмаслиги керак бўлган. Шунинг учун ҳам Улуғбек либосларининг таги пахтадан қилинган. Шариатга кўра, аёлларгина ипакдан тикилган либосларни кийишган. Фақат лашкарларнинг жанг пайтида ипакдан тикилган либос кийиши мумкин бўлган. Чунки ипак либос ҳар хил оғир жанг қуроллари танани эзишидан сақлаган. Ислом оламида етук қонуншунос сифатида тан олинган Абу Ҳанифанинг фикрича, фақат аралаш матодан тикилган либосларнигина кийиш мумкин бўлган».

Улуғбек расадхонасида узоқ йиллардан буён ишлаётган Икромиддин Сирожиддинов 2010 йилда музей қайтадан ташкил этилганини шундай хотирлайди: «...эски музей биноси буздирилиб, янги бино қурилиши бошланди. Шу пайтда қонли кўйлак парчаси олинди.  Мемориал музей, Ёдгорлик музей бўлсин деб мақсад қилинди. Юқоридан «Қонли кўйлак шарт эмас, Улуғбекнинг қиличлари, ҳарбий кийимлари шарт эмас, олим сифатида, давлат арбоби сифатида танитишимиз керак» деган топшириқ бўлди. Ўшанда ғамгин ҳайкаллар ўрнига Улуғбекнинг давлат арбоби, подшоҳ, Амир қиёфасидаги ҳайкаллари ўрнатилди».  

Эски бинони бузиш ишлари 22 мартда бошланган бўлса, 2010 йилнинг 9 сентябрида янги кўринишдаги Улуғбек расадхонаси мажмуаси очилиши бўлган.

Икромиддин Сирожиддинов қонли кўйлак парчаси бугунда қаерда эканидан бехабарлигини айтади:

«Мен мутахассис, тарихчи сифатида шу ерда фаолият кўрсатиб, Улуғбекнинг қонли кўйлаклари бу ердан олинганидан хабарим бор. Лекин, у қаерга олиб кетилди, вилоят музей-қўриқхона фондида турибдими  ёки бошқа жойга олиб кетилдими, мен бу масала билан шуғулланмадим».

Амриддин Бердимуродов қонли кўйлак парчасининг кўргазмадан олиб ташланишини тарихимиз яқин ўтмишда ҳам топталганидан далолат деб айтади: «Шаҳидлик мақомидаги кийимни олиб ташлаш бу аҳмоқ одамнинг иши. Унда тарихий ҳақиқатни ёзиб нима қиламиз?»

Домла музей кўнгилочар жой эмас, ҳақиқатга асосланган маънавий озуқа олинадиган маскан бўлиши кераклигини таъкидлайди. «Унда қатор музейларимизда зиндонлар, қатл этиш ускуналари намойиш этилаётган, қатл этиш манзаралари акс этган суратлар илиб қўйилган залларни ҳам тўлалигича ёпиш керак бўладими?» савол ташлайди суҳбатдошимиз.

Бугунда Улуғбекнинг қонли кўйлаги парчаси қаерда эканини аниқлаш амри маҳол. Самарқанд музей-қўриқхонаси мухофизи Маҳмудхон Юнусов «Xabar.uz»га уларда Улуғбекнинг қонли кўйлаги парчаси сақланмаётганини билдирди.

Кейин Тошкентдаги қатор осорхоналар билан боғландик.

Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи: «Бундай экспонат бизда йўқ!».

Ўзбекистон тарихи давлат музейидан олинган жавоб: «Бизда фақат Улуғбек расадхонаси макети бор. У ҳам бўлса, ҳозирда Жиддада кўргазмада. Улуғбек кийимлари бизда ҳеч қачон бўлмаган».

Темурийлар тарихи музейи ўтган галги мақолалар учун Темур хилхонасидан олинган ва уларда сақланаётган экспонатлар рўйхатини берган. Унда ҳам Улуғбек кўйлаги парчаси йўқ!

Ажабланарлиси, Самарқанд вилояти музей-қўриқхонаси маъмурияти Икромиддин Сирожиддиновга боғланиб, Улуғбекнинг қонли кўйлаги парчаси ҳақидаги маълумот нимага асосланганини сўраганда, улар «Мен муляж ҳақида гапиргандим» дейди. Яна қурол-яроғ ҳақида айтмаганини билдирган. «Xabar.uz» мухбири эса мақола матнини суҳбатдошнинг аудио ёзуви асосида тайёрлаган.


Мавзуга оид: 1941 йил экспедицияси қолдирган жумбоқлар: Темур тобутига райҳон элементлари қаердан келиб қолган, энг қиммат экспонат нега ҳеч кимга кўрсатилмайди?


Майли, 2010 йилгача кўргазмада бўлган ашё муляж бўлсин ҳам. Унда қонли кўйлак парчасининг асли қаерда? У 1941 йилги эскпедицияда Улуғбекнинг қабридан олиниб, қайтадан кўмилмагани ҳақида тарихий актда ёзиб қолдирилган. Таҳририят 2010 йилгача расадхонада тасвирга олиш жараёнини олиб борган журналист, операторлардан масалага аниқлик киритадиган ҳужжатларни сўраб қолади.

Қонли кўйлак парчаси хорижга чиқариб сотиладиган ашё эмас! Лекин унга бўлган муносабат тарихимизга, қадриятларимизга, маданий меросимизга бўлган муносабатдир.

Улуғбек тожини Семёнов ва Якубовский «ечдиришган»

Бугунда Мирзо Улуғбекнинг ҳайкали Тошкентда, Москвада, Ригада ҳам бор, суратлари дунё бўйлаб тарқалган. Уларнинг барида Улуғбек тожда эмас, саллада акс эттирилган. Муҳаммад Юсуфнинг мисраларини эсланг:

Самарқандга борсам мен агар,

Улуғбекни кўриб қайтаман.

У қон йиғлаб турар ҳар сафар:

Мен дардимни кимга айтаман?

Бу сатрлар ёзилган пайтда расадхонага кираверишда Улуғбекнинг боши эгилган, ўйчан тимсолидаги ҳайкал турарди. Бугун бу санъат асари Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти бош биноси ҳовлисидан жой олган.

Расадхона олдида эса Жалолиддин Миртожиев яратган Улуғбекнинг анчайин тетик, мутафаккирлиги таъкидланган ҳайкал қўйилди. Аммо, бунда ҳам Улуғбек саллада. Фақат саллага пар ва нодир тош акс эттирилгани унинг султонлигига ишора қилади.

«Султон бўлганидан кейин у кишини тожда акс эттириш мумкин бўлган. Лекин, ҳайкалтарошлар, рассомлар ўртасида у кишини амир сифатида, яна мусулмон оламининг амири сифатида саллада кўрсатиш анъанага айланди», дейди Икромиддин Сирожиддинов.

Тарихчи Амриддин Бердимуродов эса Улуғбек акс эттирилган санъат асарларида уни тожсиз тасвирлаш ибтидоси Темурийлар мақбарасида олиб борилган экспедиция аъзоларининг хулосаси билан боғлиқ дейди. Маълум бўлишича, 1941 йилнинг 9 декабрида Тошкент шаҳрида Герасимов томонидан яратилган Темур, Шоҳрух ва Улуғбекларнинг суратларини муҳокамадан ўтказиб қабул қилиш мақсадида тузилган нуфузли комиссиянинг йиғилиши бўлиб ўтган. Бу комиссияга Иттифоқдаги таниқли олимлар жалб қилинган.

Мажлис баёни матнида ёзилишича:

Профессор Якубовский: ...Улуғбек тўғрисида. Унинг бошидан тожини олиш керак. Тож сурат кўринишини бузаяпти. Қолган масалаларда бошқаларнинг фикрига қўшиламан...

Профессор Семёнов: Улуғбекнинг бош кийимини алмаштиришни мен ҳам маъқуллайман. Бу бош кийим 17 асрга оид қўлёзмалардан олинган бўлиб, унда Улуғбек бошида тож кийган ҳолда тасвирланган. Тож унга ярашмай турибди. У бош кийимсиз анчайин улуғвор кўринади. Бу кўриниш мутафаккирга хосдир.

Бердимуродов 1969 йили академик Г.Пугаченкова Вашингтон санъат галереясидаги Улуғбекнинг ҳаётлигида чизилган миниатюрани кашф этгани ҳақида тўхталади.

«Кенг ўтлоқда ўрнатилган шийпончада оёғини мусулмончасига чалиштириб ўтирган Мирзо Улуғбек тасвирланган. Шийпончанинг устига гулли газлама қопланган бўлиб пешонасига Улуғ султон Улуғбек Кўрагон. Унинг давлатига Эгамнинг марҳамати бўлсин!” деб ёзилган. Пугаченкованинг аниқлашича, суратни мусаввир бевосита Улуғбекнинг қаршисида туриб чизган. Суратдан Улуғбекнинг кўзлари қийиқроқ, юзлари сал чўзинчоқ, қирғийбурун, унинг бош кийими худди қайиқ устига ўрнатилган чўзинчоқ чодирни эслатади. Бу шаклдаги бош кийим, Пугаченкованинг фикрича, VII-X асрларда Марказий Осиёдаги  туркий қабилаларга хос бўлган. Бу суратни олима, 1441-1442 йилларда Самарқандда чизилган деб тахмин қилади», дейди тарихчи.

Бу пайтда ҳали Шоҳрух ҳаёт бўлиб, Улуғбекнинг тожу тахт учун курашлардан узоқ даври бўлган. Ундан кейин, дам олиш лаҳзаларида енгилроқ бош кийим қулай бўлгани эҳтимоли ҳам бор. Не бўлганда ҳам,  ушбу миниатюрадаги Улуғбекнинг сурати билан антрополог- ҳайкалтарош Герасимов томонидан яратилган ҳужжатли сурати ўртасида анчайин фарқ борлиги таъкидланади. Шундай экан, Улуғбек тож кийган-киймагани мавзуси ҳам очиқлигича қолади.

Улуғбек ҳақидаги мақолалардан мақсад — буюк аждодларимиз ҳақида ҳақиқатни билиш, тарихни сохталаштиришга уринишлар вақти келиб барибир юзага чиқишини эслатишдир.

Ўтган буюкларимизнинг охирати обод бўлсин! 

Мустаҳкам Тангриёрова, «Xabar.uz» мухбири

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг